Тадбиркорга ер берилмаяпти. Мутасаддилар Президент топшириғини қачон бажаради?

16.10.2019, 11:06

Тадбиркорга ер берилмаяпти. Мутасаддилар Президент топшириғини қачон бажаради?

“Тадбиркор бу ҳақиқий фидоий инсон. Шахсан мен бундай инсонларни, иккитагина иш ўрнини яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман. Тадбиркор йўлига қарши чиқиш давлат сиёсати, Президент сиёсатига қарши чиқишдир”, – дея таъкидлаган эди Президентимиз ўз маърузаларининг бирида.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, тадбиркор ўзининг бола-чақасидан қийиб, тўплаган пули, мол-мулкини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни ҳам фоизи билан ўзи тўлайди. Унга ҳеч ким ҳар 15 кунда бюджетдан аванс ёки ойлик бермайди. Шунга қарамасдан, таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имконияти ва маблағини хавф-хатарга қўйиб, ўз иши учун кеча-ю кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўз оиласини, балки эл-юртни ҳам боқади.

Шундан келиб чиққан ҳолда бугун ҳар бир раҳбар, у ҳоким бўламиди ёки прокурор тадбиркорга кўмак бериши, лойиҳаси учун ер ёки кредит зарур бўлса, ортиқча югуртирмай ҳал қилиб бериши керак. Токи муаммоларга дуч келиб, тадбиркорнинг шашти қайтмасин. Шу боис, бугун республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини бизнес билан шуғулланишга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Аммо партиямиз ҳудудий Кенгашлари ва маҳаллий кенгаш депутатларига тадбиркорлардан келаётган турли мазмундаги мурожаатлар шуни кўрсатмокдаки, тадбиркорлар учун айрим тўсиқлар: муаммоларини ҳал этишда сансалорлик, йиллар давомида идорама-идора югуриш, раҳбарлар эшиги олдида бесамар вақт ўтказиш каби эскитдан қолган салбий жиҳатлар ҳали ҳам мавжуд.

Гап шундаки, Тошкент шаҳри Бектемир туманида жойлашган “Inter Sok” МЧЖ кўп йиллардан буён фаолият кўрсатади. Ҳозирда корхонада 100 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Эътиборлиси, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ички бозорда талаб юқори. Шу боис МЧЖ раҳбари З.Зокиров фаолиятини кенгайтириб, ёшлар учун қўшимча иш ўринлари яратмоқчи. Тадбиркор бу масалада кўп маротаба туман ҳокимлигига ер сўраб мурожаат қилган. Лекин негадир унинг мурожаати ҳалигача ҳал бўлмаяпти.  

Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, сўнгги уч йил давомида Президентимиз томонидан изчил ислоҳотлар олиб борилаётган маҳалда нега жойлардаги раҳбарлар ўз иш услубини ўзгартирмаяпти, замонга ҳамнафас бўла олмаяпти? Нима, улар бугунги ислоҳотлардан бехабарми? Президент фармонлари, қарорларини ўқимайдими? Ахир тадбиркор бой бўлса, давлат ҳам, халқ ҳам бой бўлади, одамлар бахтли яшайди-ку! Қолаверса, янги иш ўринлари яратилиб, қанчадан-қанча ёшлар ишли бўлади. Нега унда мутасаддилар бу масалага панжа ортидан қарамоқда?

“Бу масала бўйича туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларга кўп маротаба мурожаат қилдим. Аммо орадан икки йил вақт ўтди ҳамки, мутасаддилар муаммога ечим топгани йўқ. Эътибор суст! Бугун Президентимиз “Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи давлат раҳбари сифатида менинг доимий эътиборим ва назоратимда бўлади”, – дея қайта-қайта такрорлаётган бир пайтда нега айрим раҳбарлар тадбиркорлар йўлига ғов бўляпти, муаммоларга бефарқ қараяпти?”, – дейди З.Зокиров.

Тадбиркорнинг айтишича, у бу ҳолат бўйича бундан икки йил аввал ҳам туман ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилган. Бироқ бирорта жўяли жавоб ёки натижа бўлмагач, бу масалада O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгашидан кўмак сўраган.

“Муаммо ҳануз ўша-ўша. Ер ажратилмаяпти. Ер масаласида ҳатто юқори ташкилотларга ҳам бордим. У ердагилар масала ижобий ҳал этилишини айтишган. Лекин ҳалигача ҳал бўлмаяпти. Шу сабабли бу масалада O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгашига мурожаат қилдим. Партия вакиллари баландпарвоз гаплар ва қуруқ ваъдалардан қочиб, муаммони жойига чиқиб ўрганди, амалий ишларга киришди. Энди бор умидимиз партия вакилларидан! Агар муаммойимиз ҳал бўлса яна 50 та янги иш ўрни яратган бўлардик” – дейди тадбиркор.

Ўйлаймизки, ушбу ҳолатга мутасаддилар тез орада ечим топади. Туман ҳокими бу масалани жойида ўрганиб, фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган тадбиркорнинг муаммосини ижобий ҳал қилади. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.

Салоҳиддин  ИСОМИДДИНОВ,

O‘zLiDeP матбуот хизмати

масъул ходими

  • Кўрилди
    745
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+