Тадбиркор бир йилдан буён ер олиш учун сарсон-саргардон. Мутасаддилар негадир муаммога ечим топмаяпти

28.10.2019, 17:19

Тадбиркор бир йилдан буён ер олиш учун сарсон-саргардон. Мутасаддилар негадир муаммога ечим топмаяпти

Сўнгги уч йилда мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган алоҳида эътибор туфайли, тадбиркорларга иқтисодиётни ривожлантиришдаги бўғин сифатида қарала бошланди. Зеро, иқтисодиётни ривожлантиришда тадбиркорларнинг ўрни жуда муҳим ҳисобланади.

Бироқ, ҳамон жойларда янгича сиёсат мазмунини тушунмай келаётган мансабдор шахслар учраб турибди. Яқинда O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгашига Олмазор туманида жойлашган “Шомурот савдо” МЧЖ раҳбари Ш.Шорахмедовдан мурожаат келиб тушган эди.

“Бугун мамлакатимизда тадбиркорларга бўлган эътибор ва муносабат тубдан ўзгарди. Шу боис, соҳа вакилларига яратиб берилаётган имтиёз ва енгилликлардан самарали фойдаланиб, тумандаги “Гуручарик” МФЙда 200 ўринли боғча қурмоқчи эдик. Лекин мана икки йилдирки, лойиҳамиз амалга ошмаяпти. Сабаби бўш ер майдони йўқ. Ер олиш учун эса икки йилдан буён ташкилотма-ташкилот овора бўлиб юрибмиз. Сизлардан илтимос, шу масалани ҳал этишда кўмак берсангиз”, – дейилади ушбу мурожаатда.

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши ва халқ депутатлари маҳаллий кенгаш депутатлари ушбу мурожаатни жойига чиқиб ўрганди, тадбиркор билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, тадбиркор бу истиқболли лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш учун 2018 йил ёз ойларида туман ҳокимидан бўш ер майдони ажратилишида ёрдам сўраган. Бироқ боғча қуриш ташаббуси билан чиққан тадбиркорни  мутасаддилар негадир эшитмаяпти. Тадбиркор эса ҳозирга қадар идорама-идора сарсон-саргардон бўлиб юрибди.

Ш.Шорахмедовнинг айтишича, ушбу ҳолатни халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси З.Абраров ўз назоратига олиб, бу масала бўйича 2018 йил 31 июль куни Олмазор туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари А.Абдураҳмоновга сўров юборган. Лекин орадан шунча вақт ўтдики, натижа йўқ.

“Президентимиз ташаббус кўрсатиб хусусий боғчаларга кенг йўл очиб бергач, шу ишга қўл урган эдик. Бироқ мана, бир йилдан ошса ҳам ҳаракатларимиз зое кетмоқда, ер ажратилмаяпти. Мутасаддилар эса ерлар очиқ аукционга қўйилишини, ер керак деган тадбиркор ҳокимиятга ёки бошқа ташкилотларга бормай e.ijro auksion.uz порталига кириб, рўйхатдан ўтиши ва ер олиш имкониятига эга бўлишини айтишмоқда. Лекин аукционга қуйилаётган ерлар жуда қиммат, бунга имконимиз йўқ”, – дейди тадбиркор.

“Гуручарик” МФЙда яшовчи фуқароларнинг таъкидлашича, бугунги кунда ҳудудда болалар боғчаси мавжуд эмас. Лекин ота-оналар болаларини боғчага беришни истайди. Улар фарзандлари ўқимишли, илмли-маърифатли бўлишини хоҳлайди. Бироқ бунинг учун маҳаллага боғча керак.

Умид қиламизки, мутасаддилар тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоларни жойида бартараф этади ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    315
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+