Бекободлик тадбиркор ноласи : адолат истаб, 3 йилдан буён туман ҳокимлигига мурожаат қиляпман

07.11.2019, 18:54

Бекободлик тадбиркор ноласи : адолат истаб, 3 йилдан буён туман ҳокимлигига мурожаат қиляпман

Халқ депутатлари Бекобод туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси М.Хасановга Зафар шаҳарчаси, “Тошкент” кўчаси, 14-уйда яшовчи Обиджон Арслонқуловдан мурожаат келиб тушди.

Маълум бўлишича, О.Арслонқулов 2003 йилда “Истиқлол” МФЙ ҳудудидан “Аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси” қуриш учун бўш ер майдони сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Туман ҳокими эса фуқаронинг мурожаатини қаноатлантирган. Шундан сўнг ҳоким қарори асосида тадбиркор иншоот барпо этиб, ўз фаолиятини бошлаган. Аммо...   

 “Қарийб 16 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаман. Туманнинг “Истиқлол” МФЙ “Мустақиллик” кўчасида аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчам бор эди. Лекин 2016 йилда ушбу иншоотга бўлган ҳуқуқим бекор қилиниб, мажбурий ижро бюроси томонидан суд қарори ижрога йўналтирилди. Ҳуқуқимизни бузиб, мулкимизни яксон қилишгани етмагандек, бузилган бино эвазига ваъда қилинган ерни ҳам ажратиб беришмаяпти. Ахир 60 млн. сўм зарар кўрганман. Энди етказилган зарарни ким қоплайди?,” – дейди тадбиркор.   

О.Арслонқуловнинг айтишича, шундан буён у адолат истаб, 3 йилдан буён туман ҳокимлигига мурожаат қилиб келмоқда. Аммо унга етказилган зарар қопланмаяпти. Туман ҳокимлиги мутасаддилари бузилган бино эвазига бошқа ҳудуддан ер ажратиб берилишини айтган бўлса-да, муаммо шу вақтгача ҳал қилинмаган.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида O‘zLiDeP Бекобод туман Кенгаши вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари Зафар шаҳарчасида бўлиб, тадбиркор билан суҳбатлашди, эътирозларини тинглади. Эътиборлиси, шу куннинг ўзида халқ депутатлари Бекабод туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси М.Хасанов бу масала бўйича туман ҳокимининг биринчи ўринбосари в.б С.Бекназаровга 29-сонли сўров юборди. Депутат сўровига эса туман ҳокимининг биринчи ўринбосари имзоси билан қуйидаги мазмунда жавоб хати келди.

“Сизнинг сўровингиз туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди. Ҳақиқатдан ҳам туман ҳокимининг 2002 йил 4 сентябрдаги 351-сонли қарори билан тадбиркорга бўш ер майдони ажратилган. Бироқ бинони буздириш ва ер майдонини бўшатиш тўғрисида фуқаро Ф.Юсупованинг судга қилган мурожаати асосида Фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туманлараро судининг 2016 йил 28 апрелдаги қарори қабул қилинган. Суднинг ушбу ҳал қилув қарори ижросини эса туман Мажбурий ижро бюроси таъминлаган. Сизга, фуқаро О.Арслонқуловга тегишли бино Бекобод туман ҳокимлиги томонидан бузилмаганини маълум қиламиз”, – дейилади ушбу жавоб хатида.

Билдирилишича, фуқаро мурожаатига асосан туман ҳокимлиги 2019 йил 18 апрель куни суд қарори билан бузилган нотурар бино эвазига туман заҳирасида бўлган бўш ер майдонидан ажратилиб берилишини айтган. Бироқ тадбиркор бу таклифни рад этган.

“Ҳокимлик таклиф этаётган ер майдони биз фаолият кўрсатган ҳудуддан анча узоқда жойлашган. Ахир, қонунчилигимизда мулкни бузиб, ўрнига хоҳлаган жойдан ер таклиф қилиш мумкинми?” – дейди О.Арслонқулов.  

Умид қиламизки, мутасаддилар бу масалага панжа орасидан қарамасдан, муаммога қонуний ечим топади. Биз эса тадбиркор О.Арслонқуловнинг туман ҳокимлиги томонидан бузилган ҳуқуқи тикланишини кутамиз.

O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    240
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+