O'zLiDeP Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолият юритаётган майдонда албатта “бўй кўрсатади”

07.11.2019, 18:01

O'zLiDeP Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолият юритаётган майдонда албатта “бўй кўрсатади”

Шу йилнинг 5 ноябрь куни Давлат активларини бошқариш агентлиги ўзининг расмий davaktiv.uz сайтида “Сайловда қатнашиш - ҳар бир фуқаронинг сиёсий ҳуқуқидир” мавзуида сиёсий партиялар вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этганлиги ва унда O‘zLiDePдан ҳеч ким қатнашмаганлиги борасида хабар тарқатди. Ана шу хабарга таяниб, u24.uz интернет сайтида “O‘zLiDeP нега сайлов олди давра суҳбатларига беписандлик билан қарамоқда?” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди.

Хўш, O‘zLiDeP давра суҳбатида нега иштирок этмади деган саволга жавоб бериб ўтсак. Биринчидан, агентлик томонидан ўтказиладиган тадбир ҳақидаги расмий хат O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қабулхонасига электрон почта орқали жорий йилнинг 5 ноябрь куни соат 10:07 да юборилган. Эътибор беринг, давра суҳбатига саноқли дақиқалар қолганда хабарнома жўнатиляпти. Вақт ҳар қанча тиғиз бўлса-да, биз ушбу тадбирга  вакилимизни жўнатардик ҳам. Лекин айнан 5 ноябрь куни Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг IX съезди бўлиб ўтиши белгиланган ва табиийки, партиянинг энг нуфузли анжуманини бекаму кўст ўтказиш, ташкилий масалаларни жой-жойига қўйиш учун сиёсий кучнинг барча даражадаги ходимлари унга жалб этилганди.

Таассуфки, агентлик томонидан уюштирилган тадбир ҳақида ҳеч қурса бир кун аввал хабар берилганида эди, бу давра суҳбатида қатнашардик. Негаки, айнан ўша, партия съезди бўлиб ўтган куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ташкил этилган брифинг ҳамда Халқаро пресс-клуб Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳаси ислоҳотларида сиёсий партияларнинг ўрни ва иштироки” мавзуида пресс-кофе форматида ўтказилган очиқ мулоқотда ҳам O‘zLiDeP вакиллари иштироки таъминланди-ку! Боиси, ташкилотчилар бизни бир кун олдин хабардор қилган эди.

Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, O‘zLiDeP ҳар қандай форматдаги тадбирларда ҳар доим фаол қатнашган ва ўз позициясини мустаҳкам ҳимоя қилиб келмоқда. Бундан буён ҳам у семинар, дебат, очиқ мулоқот бўладими, ишонч билан қатнашишга доимо тайёрлигини эслатиб қўймоқчимиз. Фақат юқорида айтганимиздек, бу каби тадбирлардан бизни олдинроқ хабардор қилишса бўлгани.

Энди “O‘zLiDeP нега сайловолди давра суҳбатларига беписандлик билан қарамоқда?” деган мақолага мухтасаргина жавобимиз шундай: биринчидан, бу мақола O‘zLiDePни қачон, қаерда хато қилар экан, деб кечани кеча, кундузни кундуз демай, пинҳона пойлаб юрадиган ва партиямиз билан очиқ курашдан чўчийдиган айрим “рақибчаларимиз”нинг буюртмаси асосида тайёрлангани шундоққина сезилиб турибди.

Мақола муаллифи O‘zLiDeP вакиллари ушбу майдонда бўй кўрсатишни истамагани бироз ғалатилиги тўғрисида кўп ва хўп гапирибди. Жуда юзаки ёзилган ва мақсади қандай бўлмасин O‘zLiDePга кичкина бўлса-да, яна бир марта тошча отиб қўйишни кўзлаган муаллиф фикрларини шарҳлаб ўтиришга эса ҳеч қандай ҳожат йўқ. Лекин ушбу агентлик “майдонида”, яъни  Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолият юритаётган майдонда O‘zLiDeP албатта “бўй кўрсатади”. Чунки партия давлат активларидан фойдаланишда самарадорликка эришиш бугун иқтисодиётимизнинг энг оғриқли, танқидий қайта кўриб чиқишни талаб қиладиган нуқталаридан бири деб билади ва албатта бу соҳада бошқарувнинг мутлақо янги тизимини жорий қилиш вақти келди деб ҳисоблайди.

Партиянинг сайловолди чиқишлари даврида бу борада ҳали кенгроқ фикрлар билдириб ўтилади ва ўйлаймизки, агентлик раҳбарияти ва вакиллари билан ушбу мулоқотлар жараёнида ҳали кўп бора учрашамиз, мулоқотда бўламиз.

O‘zLiDeP бундан кейин ҳам барча даражада учрашувлар, муҳокамалар учун ўзининг очиқ, ошкора тайёр эканлигини билдиради.

 Акбар МУЗАФФАРОВ,

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси бўлим бошлиғи

  • Кўрилди
    217
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Самидилло2019-11-07 19:10:14

Акбаржон, рахмат...жуда долзарб масала кутарилибди ва давлат активларини самарали бошкариш хусусидаги барча форматдаги дебатларда иштирок этишни кутиб коламиз, аниклаштириши керак булган масалалар бисер


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+