Депутатлик сўрови ҳам фойда бермаса...

08.11.2019, 19:56

Депутатлик сўрови ҳам фойда бермаса...

7 ойдан буён  ҳал этилмаётган муаммо

Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши томонидан ташкил этилган депутатлар қабулида шаҳарда истиқомат қилувчи ёш оилаларнинг мурожаатлари батафсил ўрганилди. Муаммо чиндан-да жиддий.

Андижон шаҳрининг Мус­тақиллик кўчасида 2018 йилда қуриб битказилган “Ёшлар уйлари”ни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши (собиқ “Камолот”) тавсияномаларига асосан банк кредитлари ҳисобидан сотиб олишга рухсат берилган. Уй олиш истагидагилар “Ипотекабанк” Андижон вилоят филиали томонидан талаб қилинган ҳужжатларни тўлиқ тақдим қилган. Кредит шартномасига кўра, ҳужжатлар тақдим этилгач, кредит маблағлари ажратилиши кафолатланган. Бироқ орадан 210 кун муддат ўтса-да, банк мансабдорлари томонидан талабгорларга кредит маблағи ажратилмаган.

 Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи аъзоси Жаҳонгир Жияновнинг банк мутасаддилари билан суҳбатлари, йўллаган депутатлик сўровлари самарасиз якунланди.  Нега? Банк бошқаруви раиси бир жавобда туриб олди: “...ёш оилалар учун 8 фоизлик кредит ажратиш учун ресурс йўқ!” Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги “Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 250-сонли қарори амалда. Ёхуд мансабдор мазкур меъёрий ҳужжатни ўқимаганми? Ушбу қарорнинг 1-иловасида “Квартиралар ёш оилаларга тижорат банклари томонидан сотиб олинадиган квартира қийматини тўлаш учун, шу жумладан, 5 йиллик имтиёзли давр билан, дастлабки бадални тўламасдан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорига тенг фоизли ставка билан 20 йил муддатга бериладиган имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш йўли билан мулк қилиб берилади”.

Қолаверса, Ўзбекистон Рес­публикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунининг янги таҳрири ижроси талабгорлар ва банк ўртасида тузилган шартномага асосан 7 ойга ёки 210 кунга кечикаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

Мустақиллик кўчасида барпо этилган 50 та хонадоннинг 41 таси ёш оилалар томонидан сотиб олинган ва яшаб келишмоқда. Аммо 9 та хонадоннинг 3 таси бўш, эгаси аниқ, ҳужжатлар етарли, муаммо эса кредит ажратилмаганида! Яна бир қизиқ томони шундаки, хонадоннинг 5 тасига кредит маблағлари 8 фоизлик эмас, 16 фоизлик ставка билан берилган. Нима учун? Банкнинг хоҳиши қонуний ҳужжатлардан устунми ёки мутасаддилар кредитни вақтида бермагани учун фуқароларнинг “мажбурий-ихтиёрий” истакларими бу?

Ачинарлиси, қарийб бир йилдан буён масаланинг ечими топилмаяпти. Депутат банк ва ишхона ўртасида қатнаб, сарсон бўляпти. Депутатлик сўровлари-ку бир ёнда қолиб кетди. Ваъдалар қоп-қоп, натижа йўқ. Вақт эса ўтяпти.

“Ипотекабанк”нинг вилоят филиали бошқаруви раиси билан охирги мулоқотда халқ ноиби октябрь ойининг якунида муаммо ҳал қилиниши, кредитлар эгаларига берилиши ҳақида ваъда олган эди. Бироқ эртадан кўпи борми? Уйга муҳтожларнинг қўйни пуч ёнғоққа тўлгани ой охирласа-да, ижобий жавоб бўлмаганидан маълум бўлди. Начора, халқ манфаатлари учун ёнмаган юракни қуруқ гап билан ёндириб бўлармикан?!

Зилола РАҲМОНОВА,

“XXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    84
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+