“Депутат ишлашдан, интилишдан толмаслиги, машаққатдан чўчимаслиги керак”

09.11.2019, 14:11

“Депутат ишлашдан, интилишдан толмаслиги, машаққатдан чўчимаслиги керак”

Эндиликда ҳар бир депутат ён-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини инобатга олиб, бу жараёнда менинг иштироким қандай бўлди, мамлакат равнақи, партия мавқеи ошишига қандай ҳисса қўша олдим, деган саволларга холисона жаваоб бериши керак.

 Бугунги сайловчи қуруқ ваъдаларга эмас, реал натижаларга баҳо беради. Улар ўн-ўн беш йил аввалги одамлар эмас. Онги баланд, дунёқараши кенг сайловчининг ишончига сазовор бўлиш учун тинимсиз изланиш, кўпчиликни ўйлантираётган масалаларга оқилона ечим топиш даркор.

 Мавриди келганда ўзим яхши биладиган бир ҳолатга диққатингизни қаратмоқчиман. Сайловолди учрашувларида кўплаб номзодларимиз ваъдаларни қалаштириб ташлайдилар, қўлидан келса-келмаса ҳар турли вазифалар, юмушларни гарданига оладилар. Шундай қилсам, депутатликка сайланаман, деб умид қиладилар. Бироқ шуниси борки, мабодо номзод ваъдасини бажаролмай қолса, бу асосан партияга зарба бўлади, унинг обрў-нуфузига путур етади. Шу боис номзод нима бўлган тақдирда ҳам сўзининг устидан чиқиши керак.  Қолаверса, зукко, оқил халқимиз депутатликка даъвогарнинг нималарга қодирлигини ҳам яхши билади. Номзодлар қуруқ ваъдалардан қочиши керак. Бундан ташқари, айримлар йўлни тузатиб бераман, газ таъминотини яхшилайман деган ваъдалар беришга ишқибоз бўлади. Ваҳоланки, қусурларни эмас, шу қусурларни келтириб чиқарган сабаб-омилларни бартараф этиш керак. Бу эса йўлни тузатишдан кўра анча қийин, албатта. Аммо қийин – мумкин эмас, иложи йўқ, деган маънони билдирмайди. Депутат ишлашдан, интилишдан толмаслиги, машаққатдан чўчимаслиги керак.

Сўзим ниҳоясида шуни таъкидлайманки, яқинлашаётган сайлов сиёсий партиялар учун нафақат янги имкониятлар, балки улкан масъулият ҳамда ўзига хос демократик синов, шунингдек, давлат ва жамият қурилишининг муҳим масалалари, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўзимизнинг аниқ позициямиз билан сайловчилар олдида қанчалик обрў қозонганимизнинг реал кўрсаткичидир.

Виктор ПАК,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    134
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+