Иштихонлик мутасаддилар депутатлик сўровларига нега бефарқ?

09.11.2019, 16:49

Иштихонлик мутасаддилар депутатлик сўровларига нега бефарқ?

Жорий йилнинг июнь ойида O‘zLiDeP Иштихон туман Кенгаши томонидан  Шейхлар маҳалла фуқаролари йиғинида сайёр қабул ўтказилган эди. Унда мазкур маҳалла фуқароларидан Шейхлар маҳалласи 2018 йил “Обод қишлоқ” Давлат дастурига киритилган бўлсада, бу ердаги муаммолар тўлиқ бартараф этилмаганлигидан норози бўлиб қатор шикоятлар  келиб тушган эди.

Жумладан, Ибодулла Ботиров, Убайдулла Холмуродов, Роҳила Раҳмоновалар қилган мурожаатга кўра,  Шейхлар қишлоғи 2018 йил “”Обод қишлоқ” Давлат дастурига киритилганлиги аммо ҳудуддаги Бўстон қўчасига тош ётқизилмаган.

Зебо Холмуродова эса, Минглар қишлоғи билан Шейхлар қишлоғини боғловчи Гулистон кўчасидаги тунги ёритгичларни таъмирлаш ва сим ёғочларни тўлиғича алмаштириш бўйича арз қилган.

Шейхлар маҳалласида яшовчи Қобил Ҳасанов эса, маҳаллага 145 та газ баллонлари етказиб бермаётганлигидан шикоят қилган.

Мазкур мурожаатлар юзасидан, халқ депутатлари Иштихон туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Зокир Тангиров  Иштихон туман Йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси директори Ж.Б.Дагаровга, Иштихон туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари У.М.Жўраевга,  5-сон худудлараро газ таъминлаш Иштихон участкаси устаси Ш.Н.Шакаровлар номига депутатлик сўрови йўллаган. Аммо сўровларга ҳеч қандай жавоб келмаган. Партия Иштихон туман Кенгаши фаолларининг айтишича, муаммолар ҳалигача бартараф этилмаган.

Шейхлар МФЙ раиси Зиёдулла Эргашев билан телефон орқали суҳбатлашганимизда, 2018 йил ҳудудда “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида қатор ишлар амалга оширилган. Масалан, Қишлоқ врачлик пункти янгидан курилиб тўлиқ реконструкция қилинган, ҳаммом қурилиб фойдаланишга топширилган. Барча ички йўлларга тош тўкилган. Аммо марказий кўчаларга асфальт ётқизилса-да, латоклар охиригача қилинмаган. Ҳудуддаги истироҳат боғида таъмирлаш ишлари бошланиб, охиригача етказилмай қолиб кетган. Сайёр қабулда кўтарилган масалалар эса муаммолигича қолмоқда.

- Депутатлик сўровларига корхона ташкилотлар томонидан беписандлик билан ёндашуви бу - ташкилот раҳбарларининг қонунларни яхши билмаслигидан далолатдир - дейди O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлим мудири Нодир Тўраев. - Ўзбекистон Республикаси “Мажбурий жавобгарлик тўғрисидаги” Кодексининг 193 –моддасида депутатлик сўровларини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини сабабларсиз бузганлиги учун мансабдор шахсларга энг кам ойлик иш хақининг 3 баробардан, 7 баробаригача жарима белгиланган. 2018 йил давомида 45 та депутатлик сўровларига жавоб бермаган мансабдор шахсларга мазкур кодекснинг моддаларидаги жавобгарлик кўрсатилиб такрорий сўровлар йўлланганида бир кун ичида жавоб хати олинган ҳоллар ҳам кузатилган. Депутатларимиз кўпинча мансабдор шахсларни аяшади.Ташкилотлар томонидан сўровларга бундай беферқлик ёки нописадликни бартараф этиш учун мансабдор шахсларни қонунларимизда белгиланган жавобгарликка тортиш керак деб ўйлайман.

Бахтигул Қаршиева

O‘zLiDeP Самарқанд

вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

  • Кўрилди
    97
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+