Эҳ, бу йўллар, йўллар…

15.11.2019, 18:43

Эҳ, бу йўллар, йўллар…

ёҳуд Чироқчидаги муаммолар қачон ҳал бўлади?

Халқ депутатлари Чироқчи туман Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Ф.Эдмуродовга “Даштқизилчорва” қишлоғида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар томонидан қатор муаммолар баён этилган мурожаат келиб тушди.

“Қишлоғимизда муаммолар кўп. Энг катта муаммо ички йўллар таъмирталаб, мактабгача таълим муассасаси йўқ. Ҳатто қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳам очилмаган. Аҳоли 27 км йўл босиб, қўшни қишлоқдаги оилавий поликлиникага боради. Табиий газдан-ку умидимизни узганмиз”, – дейилади ушбу мурожаатда.

Халқ ноиби, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Ф.Эдмуродов вазиятни яқиндан ўрганиш, ҳақиқий ҳолатни билиш мақсадида ҳудудда бўлиб, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди. Фуқаролар баён этган муаммоларни бирма-бир ўрганди.

Маълум қилинишича, бугун “Даштқизилчорва” қишлоғида 1293 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳолисини қийнаётган масалалардан бири бу - ички йўллари таъмирталаблигидир. Яна бир масала аҳолини қийнаб келмоқда. Ҳудудда тиббий хизмат яхши йўлга қўйилмаган. Бу ерда атиги бир нафар умумий амалиёт шифокори ва уч нафар патронаж ҳамшираси фаолият юритади.

“Ички йўллардаги муаммолар туфайли болаларимиз мактабга боришга қийналмоқда. Йўлни таъмирлаш масаласида ёрдам сўраб тегишли ташкилотларга кўп мурожаат қилдик. Эрта-индин таъмирланади, қабилидаги жавоблардан бўлак натижа бўлмади. Чунки бу ҳолат билан бирорта мутасаддининг иши йўқ”, – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Халқ вакили Ф.Элмуродов ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Чироқчи туман Ободонлаштириш бошқармасига борди. Бироқ туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи М.Сайфиев бу ердаги аҳволдан бехабарлигини билдирди.

 “Даштқизилчорва”ликлар йўлларни таъмирлаш бўйича ҳозирга қадар бизга бирор маротаба ҳам мурожаат қилмаган. Шундай бўлсада, қишлоқнинг 1 км масофадаги ички йўллари таъмирлаб берилган. Қолган йўллар эса 2020 йилги Давлат дастури асосида таъмирланади”, – дейди М.Сайфиев.

Ўйлаймизки, мутасаддилар ушбу масалага эътибор қаратиб, муаммоларни вақтида бартараф этишади. Узоғимизни яқин қилувчи, манзилимизга хавфсиз етиб олишимизга сабабчи бўлган йўллардаги муаммолар эса албатта ижобий тарафга ўзгаради.  

Тўлқин ТУРДИЕВ,

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши  матбуот котиби

  • Кўрилди
    250
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+