“Тадбиркорлик ривожланса, бой бўламиз-да”

12.12.2019, 17:24

“Тадбиркорлик ривожланса, бой бўламиз-да”

дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига  номзод Актам Ахмедов 

Актам Ахмедов Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг менежмент ва халқаро туризм менежменти факультетини битириб, магистр даражасини олгач, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйгунига қадар турли идораларда меҳнат қилди.

Сиёсий қарашлари партиямиз ғояларига ҳамоҳанглиги туфайли O‘zLiDeP сафига кирди. 2007 йили “Ахмедов Актам Бухарович” хусусий корхонасини ташкил этиб, ўттиз нафар ёшнинг бандлигини таъминлади.  Орадан ўн йил ўтгач, кўп тармоқли “ELITE CARTON BOX” МЧЖга асос солди. Ҳозирда мазкур корхонада 100 нафар йигит-қиз меҳнат қиляпти. Тадбиркор замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун тинимсиз изланиб, инновацион лойиҳаларни амалиётга татбиқ этаётир. Хитойдан қиймати 195 минг АҚШ доллари бўлган замонавий ускуналарни келтириб, қоғоз чиқиндисидан картон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цехни ишга туширди.

Бугунги кунда Қашқадарё ва қўшни вилоятлар пилла қабул қилиш пунктларига қадоқловчи ашёлар етказиб берилмоқда. Шу йили эса мева-сабзавотлар экспортида фойдаланиладиган гофро қутилар тайёрланувчи чоғроқ завод барпо этилди. Қиймати 500 000 АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа амалга оширилгач, 50 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Шунинг баробарида қоғоз пакетлар ва тухум флейкалари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти. Эътиборлиси, тадбиркор ташаббуси билан Шаҳрисабз шаҳрида “Kesh wunderkinds” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Актам Ахмедов сайловчилар билан учрашувларда хусусий бизнесни янада ривожлантириш, аҳоли турмуши сифатини ошириш борасида ўз режалари, мулоҳазаларини баён этяпти. Унинг фикрича, солиқ юкини камайтириш, индивидуал тадбиркор учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини мақбуллаштириш зарур. Тадбиркорлар солиқ миқдорининг ўзгариб туришидан, умуман, солиққа тортиш жараёнининг мураккаблигидан кўнгли тўлмаётир. Аввало, ишбилармонларнинг солиқ соҳасидаги билимларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш керак. Бундан ташқари, банк тизимини ислоҳ қилиш зарур. Тадбиркор исталган пайтда ҳеч бир қийинчиликсиз  банкдан кредит олиш имконига эга бўлиши лозим. Хусусан, тегишли ҳужжатларни банкка электрон тарзда тақдим этиш тартиби тезроқ жорий қилиниши даркор. Банклар фаолияти депутатлар ва парламент назоратида бўлса, шаффофлик таъминланади.

Туризм ривожлантирилса, аҳолининг бандлиги таъминланади, фаровонлиги ошади ҳамда иқтисодиётимиз валюта тушуми эвазига юксалади.  Шаҳрисабзда сайёҳларга хизмат кўрсатиш талаб даражасида эмас. Беш юлдузли меҳмонхоналар қуриш, инфратузилмани замонавийлаштириб, миллий сувенирлар ишлаб чиқарадиган кичик корхоналарни ишга тушириш керак. Сайёҳларни сўлим масканларга, муқаддас қадамжоларга олиб борадиган транспорт воситалари ҳаракати тизимли йўлга қўйилиши керак. Ваҳоланки, Шаҳрисабз аҳолиси табиий газ, электр, ичимлик суви, канализация  билан боғлиқ муаммолардан азият чекмоқда. Кўчаларни ёритиш, туризмга оид реклама баннерлари ўрнатиш ҳам кўнгилдагидек эмас. Тан олиш керакки, шаҳардаги тиббий хизмат аҳволи ҳам қониқарсиз. Тиббий муассасаларга мурожаат қилувчилар кам. Чунки малакали шифокорлар етишмайди. Ускуналар ҳам эскирган. Устига-устак, электр таъминоти ҳам ёмон. Шу боис одамлар бетоб бўлса, дарҳол Қарши ёки Тошкентга жўнаб кетишяпти.

Мазкур соҳаларга инвестицияларни жалб қилиш орқали камчиликларни бартараф этиш мумкин. 

Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш, йўл инфратузилмасини такомиллаштиришга тааллуқли ишларда ҳам нуқсонлар кўп. Масалан, Қарши–Шаҳрисабз йўналишида автобуслар қатновини йўлга қўйиш керак. Қарши–Китоб тезюрар поезди йўналиши аҳоли учун қулай вақтга ўтказилиб,  қатнов оралиғи икки соат қилиб белгилаб қўйилса, минглаб йўловчилар унинг хизматидан фойдаланишга ўтадилар. Ҳозир эса кунига бир маҳал қатнайди, холос.

Талай мактаб ўқувчилари маблағ сарфлаб, репетиторга қатнаяпти. Демак, шаҳардаги мактабларда таълим сифати талаб даражасида эмас. Бу соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. 

Пировардида шуни таъкидлаш керакки, Актам Ахмедов муаммоларни тилга олибгина қолмай, уларни ҳал қилиш бўйича аниқ ва асосли таклифларни  илгари суряпти. Энг муҳими, у маслакдошлари, ҳамкорлари билан биргаликда таклифларни амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қиляпти. “Тадбиркорликни ривожлантириш орқалигина турли муаммоларга ечим топиш мумкин”, дейди у.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

  • Кўрилди
    336
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+