Ишонч қозониш осон эмас!

04.01.2020, 17:49

Ишонч қозониш осон эмас!

Мақтанишмас-у, ўзим яқиндан билган, поёнига етаётган, тарих мулкига айланаётган депутатлик фаолиятим даврида менга дарди, орзу ва истакларини очиқ-ойдин айта олган сайловчиларим менга яна қатъий ишонч билдириб овоз беришларига, қўллаб-қувватлашларига ишонгандим.

Бундай муносиб эътирофга сазовор бўлиш учун астойдил, қўлдан келганча, ўз депутатлик ваколатимдан фойдаланган ҳолда, аввало, одамларнинг оғирини енгил қилишга, асосан, уйма-уй юриб, уларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишишга ва ҳаётий талаб-эҳтиёжларини баҳоли қудрат қондиришга ҳаракат қилдим.

Ҳаммамизга аёнки, айни даврда кўпчиликнинг асосий муаммоси бу ишсизлик билан боғлиқ. Бир фуқарога моддий кўмак бериб тургандан кўра уни ишли қилган минг карра афзалроқ деб ҳисоблайман. Шунинг учун ҳам қисқа вақтда 100 дан зиёд сайловчимни ана шундай бахтга эришишида ва оиласининг фаровонлигини таъминлашда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳисса қўшдик.

Номзодим кўрсатилган пойтахтимиздаги 2-Абдулла Қодирий сайлов округи Учтепа туманининг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Шу боис асосий эътиборни яна айни ҳудудни ободонлаштиришга қаратдик. Абдулла Қодирий, Бешқайрағоч, Хуршид, Ғайратий, Хондамир, Ибрат, Пахтакор, Латиф гузар, Кўкча Оқтепа, Шарқ гули маҳаллаларининг замонавий қиёфа касб этишида қўлимиздан келгунча ёрдам бердик. Миннат қилмайман, шу ҳудудга қарашли 29 гектар майдондан иборат бўлган Назарбек кўприги ва Сайид Ваққос ота қабристони атрофларини гўзал кўринишга келтирдик, кўчатлар ўтқаздик. Ҳозир бу манзиллар обод ва кўркам жойларга айланиб улгурди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фарзандларининг суннат тўйларини ўтказиш, тадбиркорлик қилишлари учун керакли шароитларни яратиш ва эркин меҳнат қилишларини таъминлаш аллақачон доимий иш мезонимга айланиб улгурган.  Энг муҳими, ёшларимизнинг келажагини ўйлаган ҳолда, уларни тадбиркорликка тайёрлашга ихтисослашган бепул ўқув марказларимиз мунтазам  ишлаб турибди. Бугун у ерда таҳсил олаётган ўғил-қизларимиз ҳадемай тайёр малакали кадрларга айланади, қўлимиздан ишимизни олиб, бизга кўмакдош бўлади. Ана шу ҳолат мени доим қувонтириб келади ва уларнинг келажагидан хотиржам этади. Ишонасизми, улар, яъни менинг чинакам шогирдларимнинг аксарияти бу йилги сайловда илк бора овоз беришди. Шу боис елкадошларимга, ўғил-қизу шогирдларимга айланиб улгурган сайловчиларим мени навбатдаги сайловда ҳам қўллаб-қувватлашларига юрагимдан ишонган эдим. Янги йилни ёруғ юз билан кутиб олиш насиб этганидан шодман.

Дилшод ШОУМАРОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия

қўмитаси раиси ўринбосари,

Халқ депутатлари Тошкент

шаҳар Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    694
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+