Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси кучга кириши билан нималар ўзгарди?

08.01.2020, 12:14

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси кучга кириши билан нималар ўзгарди?

Парламентнинг қуйи палатасида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг қабул қилиниб, Президентимиз томонидан имзоланди ҳамда матбуотда эълон қилинди.

Хўш, жорий йил 1 январдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида қандай ўзгаришлар бўлди ва улар халқимизга нима наф беради?

Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси аъзолари ўз фикрларини билдирди.

Комилжон ЭРНАЗАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Тадбиркорлик субъектлари манфаатларини инобатга олган ҳолда, солиқ органларига таҳлика-таҳлил асосида камерал солиқ текширувлари, сайёр солиқ текширувларини ва солиқ аудитини тайинлаш ҳуқуқини берадиган солиқ назоратини амалга оширишнинг янги, такомиллаштирилган тартиби жорий этилмоқда.

Солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари фақат Кодексда назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин ўтказилиши белгилаб қўйилди. Хусусан, Солиқ кодексига биноан, солиқ текширувларининг бир нечта тури ўрнатилмоқда. Хусусан, камерал солиқ текшируви (солиқ тўловчининг ҳисоботини солиқ органида ўрганиш ва уни божхона органлари, банклар, энергетика корхоналари, кадастр ва бошқаларнинг маълумотлари билан солиштириш), бунинг натижасида солиқ тўловчи солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиши ёки асослантирилган сабабларни кўрсатиши керак.

Камерал солиқ текширувини ўтказиш учун солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи бўлиши шарт. Шу билан бирга, камерал солиқ текшируви доирасида солиқ органининг мансабдор шахсига солиқ тўловчидан маълум бир солиқни ҳисоблашнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқи берилади, холос. Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкциялар қўлланилмайди, лекин пеня ҳисобланиши мумкин.

Сайёр солиқ текшируви (солиқ тўловчининг айрим кўрсаткичларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш)нинг мақсади эса, фақат фактларни қайд этишдан иборат. Сайёр солиқ текшируви солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳамда бошқа мажбуриятлар бажарилиши масалаларида маълумот тўплаш учун амалга оширилади. Бунда сайёр солиқ текширув натижалари бўйича солиқлар қўшимча ҳисобланмайди ва молиявий санкциялар қўлланилмайди.

Солиқ аудити – катта ҳажмдаги айланмаларда юқори даражада рискка эга бўлган солиқ тўловчи томонидан солиқ қонунларига риоя этилишини ҳар томонлама ўрганишдан иборат бўлиб, солиқларни тўлашдан бўйин товлаш хавфи ва солиқ тўлаш билан боғлиқ бошқа омиллар мавжуд бўлганда уларни таҳлил қилиш асосида тегишли солиқ тўловчиларда ўтказилади. Солиқ аудити натижаларига кўра қўшимча солиқлар ҳисобланиши ва молиявий санкциялар қўлланилиши мумкин.

Адҳам НАЗИРҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Янги таҳрирдаги Солиқ кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда солиқ юкини камайтириш, солиққа тортишни соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришни масалаларини ҳал этиш вазифаси белгиланган эди. Шунга кўра, кодекс орқали солиқ органларининг солиқ тўловчининг солиқ қарзини ундиришни унинг дебиторига қаратиш ҳуқуқи бекор қилинди. Солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайтирилди. Ортиқча ундирилган солиқ ва молиявий санкциялар суммаларини, ушбу суммаларни ундириш (тўлаш) даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб ҳисобланган фоизларни инобатга олган ҳолда, қайтариш тартиби белгилаб қўйилди.

Айнан шу тартибда, ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш ва ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобга олиш (қайтариш) механизми жорий этилди. Шу билан бирга, солиқ суммасини қайтаришда ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқ органи томонидан солиқ тўловчига фоиз тўлаш назарда тутилган.

  • Кўрилди
    405
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+