Янги Ўзбекистон феномени

10.01.2020, 14:40

Янги Ўзбекистон феномени

Мухолифат:  муносабат, зиддият ва ҳақиқат

“Янги Ўзбекистон ­– янги сайловлар” шиори остида ўтган сиёсий жараёнлар муносабати билан ижтимоий тармоқларда “Янги Ўзбекистоннинг сиёсий майдонида мухолифатга ўрин борми, кўппартиявийлик шароитида унинг қиёфаси қандай бўлади?” деган масала кўп муҳокама қилинмоқда. Узоқ ва яқиндаги таҳлилчи-экспертлар томонидан ҳар хил фикрлар билдирилиб, турли тахминлар илгари сурилмоқда. Қайд этиш жоизки, мамлакат раҳбариятининг мухолиф партиялар ҳақидаги ижобий мулоҳазалари мазкур мавзуга нисбатан қизиқишни янада орттириб юборди. Хўш, бу борада O‘zLiDePнинг позицияси қандай тамойилларга асосланади? 

Илм-фанда “мухолиф”, кўпликни англатувчи “мухолифат” ва “мухолиф партия” каби тушунчалар билан боғлиқ ижтимоий субъектлар, муайян халқ ёки давлат тараққиётини турлича тушунишга асосланган мухолиф партиялар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги методологик ёндашувлар, илмий қарашлар аввалдан мавжуд. Шу билан бирга, мамлакатдан ташқарида юрадиган ва ўзини “мухолиф” деб атовчи шахслар билан боғлиқ назарий хулосалар шаклланганини ҳам назардан қочирмаслик лозим. O‘zLiDePнинг айни йўналишдаги позициясини ва мафкуравий стратегиясини ишлаб чиқиш, шу асосдаги фаолиятни ташкил этишда жаҳон тажрибасидан муваффақиятли ўтган ва халқаро ҳаётда тасдиғини топган тамойилларга таяниб иш юритиши мақсадга мувофиқдир.

Мухолифатчилик тарихини чуқур ўрганган олимларнинг фикрича, ўз юртидан ташқарида яшайдиган ва ўзини мухолиф ҳисоблайдиган шахслар учун қатор умумий хусусиятлар мавжуд бўлиб, умрбод сақланиб қолувчи омиллар сирасига киради. Қайси миллат ва мамлакат вакили бўлишидан қатъи назар, бундай кишилар умумийликни бевосита англаб-англамасалар ҳам, ўзларида бунга хос жиҳатларни шакллантиришар ва бир умр уларнинг таъсирида яшашар экан. 

“Оқ отга миниб”, ғолиб сифатида юртга қайтиш хаёли ўз мамлакатини тарк этаётганида қарийб барча мухолифатчилар учун ягона мақсад, бунинг иложи бўлмаган ҳолларда эса ўзига ром қиладиган орзуга айланиши асосий хусусиятлардан биридир. Қизиғи шундаки, мутахассисслар йиллар ўтиши билан бу туйғунинг нафақат куча­йиши, балки шу орзуни бутун ҳаётининг мазмунига айлантирган, аммо уни амалга ошира олмаган шахсларнинг иложсизликдан азобланиш омилига ўзгаришини алоҳида таъкидлайдилар. Бундай шароит ўзини “мухолиф” деб ҳисоблайдиган шахс учун шафқатсиз жазо, ҳатто депрессия ҳолатига тушишдек салбий жараёнларни келтириб чиқариши мумкин экан. 

Мазкур ҳолатнинг бирор-бир сабаб ёки туҳмат, муайян жиноят ёхуд йўл қўйган хатоси туфайли ўз Ватанида сургунда юрган шахсларга хос туйғулардан фарқи бор, албатта. Туғилиб ўсган заминдаги киши қариндош ва сафдошлари орасида тинч ва эсон-омон яшашдек улуғ неъматдан мосуво бўлмасдан умр ўтказаркан, кимлигимни эл-улус яхши билади деб ўйлаш имконига эга бўларкан. Бундай киши нари борса амалидан, бойлигидан, баъзи имкониятларидан маҳрум бўлиши мумкин, аммо киндик қони томган маконидан айро тушмаскан.

Қазоси етганда ювилиб-таралиб, боболарининг ҳоки ётган тупроққа қўйилишига амин бўларкан...

Ўзга элларда қариётган мухолифатчи учун эса оқ от минган музаффарлик билан боғлиқ умидларнинг сароб эканини англаш, уларнинг ҳеч қачон амалга ошмаслигини тушуниш, бегона жойларда абадий қолиб кетиш ва ватандошлари томонидан бутунлай унутилиб юбориш, изсиз йўқолиш хавфининг тобора реаллашиб боришидек даҳшатли ҳолат билан қўшилиб, катта фожеага айланаркан. Айни пайтда муҳожиротда туғилиб ўсган ва тақдирини ўша жой билан боғлаётган зурриётларнинг таънаю дашномлари, боболарининг юртини бошқа ёмонотлиқ қилмаслик тўғрисидаги даккилари ҳам беиз кетмайди. Бу борада аниқланган тажрибага кўра, мухолифатчи шахснинг муҳожиротда туғилган учинчи авлоди, яъни набираларида мухолифчиликдан асар ҳам қолмас экан...

Муттасил равишда “душман қиёфаси” ва “душманлик девори”ни яратиб туриш ўз юртидан чиқиб кетган аксарият мухолифатчилар учун умумий хусусиятлардан яна биридир. Мутахассислар фикрича, бундай интилишлар орасида ўзлари тарк этган мамлакат раҳбарларини сиёсий қаллоблик ва порахўрлик, уқувсизлик ва узоқни кўра олмасликда айблаш, барча хато ва камчиликлар учун жавобгарликни вафот этган арбобдан кейинги мулозимлар зиммасига юклашга ҳаракат қилиш ҳолатлари яққол кўзга ташланиб туради. Ажабланарли тенденция шуки, ҳукумат чет элларда юрган мухолифатчиларнинг ҳамма тилак ва истак­ларини бажарган тақдирда ҳам улар учун яхшига айланиб қолмас экан. Масаланинг бу жиҳатини таҳлил қилган мутахассислардан бири милоднинг дастлабки асрларида яшаган Лаертлик Диогеннинг қуйидаги сўзларини келтиради: “О Рим, кимларнинг қўлида қолдинг. Бир замонлар сендан қочиб, ўзга юртларда яшаган ва ўзгаларнинг ҳамтовоғи бўлганлар, бугун қайтиб келиб, сенга бошчилик қилмоқдалар. Ўзлари ёмонлаб, сўнгра йиқитганлар ва ҳалок этилганларнинг қабри совимасдан, бу мунофиқлар шундай жаҳолатларни амалга оширмоқдаларки, уларнинг олдида илгаригиларни “фаришталар” деб аташ ҳам камлик қилади”.

 “Ҳукумат етакчиларини ўзлари мамлакатдан чиқиб кетган даврдаги собиқ раҳбарлар билан айнийлаштиришнинг нима кераги бор?” деган саволга мутахассислар “Мухолифат сифатидаги қиёфасини ва ўз позициясини сақлаб қолиш учун шундай йўл тутишдан ўзга чора йўқ”, дея жавоб беришади. Бу жиҳатдан, чет эллардаги мухолиф шахслар ўзининг мавжудлиги ва ҳақлигини доимий исботлаб туриш учун муттасил равишда ва ўзларига қарши “душман қиёфаси” ва “душманлик девори”ни яратиб туриши лозим бўларкан. 

Шахсиятпарастликнинг кучлилигини қарангки, мухолифатчиларнинг аксарияти ўзини камида “доҳий”, мамлакат раҳбарлигига мутлақ ҳаққи бор яккаю ягона шахс деб ўйлайди. Айни ана шу хусусият муайян мамлакат, унинг раҳбарлари, халқ ҳаёти, кечаги куни, бугуни ва ўтмиши ҳақида хоҳлаган гапни гапириш, ҳар қандай мавзуда фикр юритиш, барча масалаларда ҳакам бўлишга ҳаққим бор, деб ҳисоблашдек хатони келтириб чиқаради. Кўп ҳолларда ўзининг шахсий майлларини ҳақиқат тарзида тақдим қилиш, бошқалар фикри билан ҳисоблашмаслик каби қусурлар ҳам ана шундай даъвонинг ўзига хос инъикосидек намоён бўлади. Шу жиҳатларнинг барчаси бутун дунё, жумладан, улар яшаётган мамлакатларда ҳам “шахс эгоизми” деб аталишини яхши билишади, аммо бу хусусиятнинг, аввало, ўзларига тегишли бўлиб қолаётганини инобатга олишмайди.

Исёнкорлик, байкот қилиш ва қўзғолонларга мойиллик кабилар ҳам бу тоифадаги кўпчилик кишилар фаолияти ва фикрлаш услубида яққол кўзга ташланиб туради. Энциклопедиячилар даври Франциясида “Революционер бўлмаган ёшни, контрреволюционер бўлмаган қарияни нормал одам деб бўлмайди” деган ҳикмат кенг тарқалган эди. Зиёлилар орасида бу ҳикматни бирор нарса, муайян жараён ёки ҳодисага нисбатан ёшларнинг жўшқин муносабатда бўлиши, ҳар бир ишда тезкор ва фаол муносабатни намоён қилиши, ҳаддан ортиқ илдам ҳаракатга интилиш тарзида тушуниш шаклланган эди. Бундан фарқли равишда, ушбу ҳикматда қарияларнинг ҳар бир ишда “етти ўлчаб, бир кесиш” тамойилига амал қилиши, шошма-шошарликка йўл қўймаслиги ва ҳовлиқма ёшларнинг қутқуларига учиб, улар нима деса, шунга кўр-кўрона ишониб, бундайларнинг олдига тушиб, ҳадеганда лўкиллаб кетавермаслигидек хусусиятлари ўзига хос консерватизмни ифодалаши ҳам назарда тутилгани маълум. Ўз даврида жуда топиб айтилган бу ҳикматнинг ҳозиргача ҳам ўз аҳамияти ва маъно-мазмунини йўқотмагани шубҳасиз. Жаҳоннинг бошқа халқларида ҳам бунга ўхшаш ҳикматлар талайгина. Афсуски, бугунги кунга келиб ёши улғайиб қолган ва қарияларга айланган баъзи мухолифатчилар навқирон онларига хос “ёшлик инфантилизми”дан халос бўла олмаяптилар. Устига-устак, асоссиз даъволари ва шошилинч хулосалари, охиригача ўйланмаган фикрлари, жиззакилик ва исёнкорлик, байкот ва қўзғолонларга чорлаш янглиғ хусусиятлар бу кишилар қиёфасининг доимий жиҳатига, улар характерининг ажралмас қисмига айланиб қолгандек тасаввурларни мустаҳкамлашда давом этаётгани тасодиф эмас. 

Яқиндагина Ўзбекистонда парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловларни байкот қилишга чорлаган четдаги баъзи мухолифатчиларнинг ушбу сиёсий тадбирда овоз берганлар сони 70 фоизга яқин бўлганини ўзларининг ғалабаларидек талқин қилишга уринишлари фикримизга яққол мисол бўлади. 

Аслида нима бўлди? Мамлакат ўзгарди, одамлар ўзгарди, ҳеч ким ҳеч кимни сайловга қатнашишга мажбур қилмади. Сайловолди тарғиботи олиб борилди, барча сайловчилар ва сайланувчилар учун тенг шароит яратилди. Кимлардир уйма-уй юриб, “Сайловга чиқсанг ҳам чиқасан, чиқмасанг ҳам чиқасан”, демади. Келмаганларнинг ўрнини қоплаш учун сайлов қутичаларини сайлов бюллетенлари билан тўлдиришга ҳаракат ҳам қилинмади. Сайлов участкасига овоз бериш учун келган келди, келмаган келмади, тамом-вассалом. 

Хўш, камчиликлар умуман бўлмадими? Бўлди, албатта. Иш бор жойда нуқсонлар бўлиши табиий. Қайси бир туман, сайлов округи ёки участкасида аҳоли камроқ сайловга чиққани учун ҳеч ким жазоланмади. Кимдир ўтди, кимдир йўқ. Бешдан бир, яъни 25 округда сайлов иккинчи турга қолдирилди. Ҳеч қандай ажиотаж, ортиқча югур-югур ва асаббузарлик кузатилмади. Осмон узилиб, ерга тушмади. Аслида бу жамият янгиланаётганидан, одамларнинг онги ва тафаккури ўзгараётгани, халқимиз ҳаётида демократия, ошкоралик ва эркинлик тамойиллари устуворлик касб этаётганидан далолат эмасми?! 

Одамларни қўзғолон ва исёнларга чорлаш, аммо кейинги масъулиятни ўз бўйнига олмаслик билан боғлиқ хусусият ҳам барча замонларнинг кўплаб мухолифатчилари учун умумий характер саналиши тарихдан маълум. Бунда халқни оломонга айлантириш, талотўплар, тўс-тўполонлар ва ур-йиқитлар натижасида кўплаб қонунлар бузилиши ва жиноятлар рўй бериши, мавжуд ҳукуматни талвасага солиш, унинг бошқарув ва ташкилий функциясини издан чиқариш асосий мақсадга айланади. Қилғиликни мухолифат қилади, яъни одамларни кўчага чиқариб, радикал ғоялар билан қуроллантиради, жамиятнинг тинч ҳаётини издан чиқаради, аммо бунинг жабрини мавжуд ҳукумат тортади. 

Ўзиникидан бошқача қарашга нисбатан тоқатсизлик, ўзгалар фикри билан ҳисоблашмаслик сингари қусур ҳам аксарият мухолифатчилар учун умумий хусусиятлар сирасига киради. Бу жиҳатдан уларнинг ҳатто ўз сафдошлари билан келишмаслиги, ўз ёндашувидан фарқ қиладиган қарашдаги барча кишиларни рақиб деб билиш, улардан ҳар қадамда душманлик қиёфаси ва деворини ясашга уриниш ҳам ана шундай хусусиятлар қаторида туради. Айни пайтда аксарият мухолифатчилар умумий душман қиёфасига нисбатан якдиллик намоён қилсалар-да, “Ҳар қандай масалада фақат мен ҳақман”, деган биртомонлама ва кемтик тасаввур остида тарафкашлик тамойилига амал қиладилар. 

Бу жиҳатдан, уларнинг, масалан, мамлакатимиз миқёсида амалга оширилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” каби давлат дастурлари, давлатимизнинг шаҳарлар ва қишлоқлар қиёфасини янгилаш билан боғлиқ ҳаракатига нисбатан зиддиятли позицияси яққол мисол бўлади. Аслида юртни обод қилиш, ўлканинг замонавий қиёфасини яратиш ғояси, ҳамма замонларда ва барча халқларда ҳам, бутун мамлакат миқёсидаги ташкилотчиликни, кенг жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлаши ва оммавий сафарбарликни талаб қиладиган сермашаққат ишларни тақозо этишини кўпчилик яхши билади. Афсуски, бундай улкан кўламдаги ишларни талаб қиладиган эзгу ғояларни амалга оширишда камчиликлар учраб туриши, муайян режаларни бажаришда, мавжуд шароитни ҳисобга олмасдан, фаолиятни шошма-шошарлик, бузҳо-бузчилик ва урҳо-урчилик билан ташкил қилишга одатланган баъзи эскича фикрлайдиган кишиларнинг учраши табиий. Бир замонлар доно Солоннинг “Афина демократиясининг олтин асри” деб ном олган давр қиёфасини акс эттириш учун мўлжалланган кўплаб “демократия шаҳарчалари”ни қуриш дастурини қабул қилаётган Ҳукуматга, уни амалга оширишга киришишдан аввал, эскича фикрлайдиган, режа ва топшириқларни бажаришда шошма-шошарликка йўл қўйиши мумкин бўлган мулозимларни аниқлаш ҳамда уларни бу ишлардан узоқроқда бўлишини таъминлаш ҳақида таклиф киритгани бежиз бўлмаган. “Нима сабабдан бундай қилиш керак? Ахир, улар ниҳоятда жонбозлик кўрсатиб ишлайдилар ва давлат режаларини ўз вақтида уддалайдилар-ку? Модомики шундай экан, уларни бу дастурни бажаришдан узоқроқда сақлаш шартми?” дея савол беришганида, Афинанинг ўша даврдаги давлат раҳбари бўлган ва ҳозиргача ҳам қадимги Юнонис­тоннинг етти донишмандидан бири дея тан олинадиган Солон қуйидагича жавоб берган: “Ҳа, улар ниҳоятда жонбоз ва режаларни бажаришни дўндирадилар. Аммо ушбу иш ва режалар учун асос бўлган ғояларнинг моҳиятини тушунмайдилар, аҳамиятини яхши англамайдилар. Бундайлар учун асосий нарса ғоя эмас, балки қандай қилиб бўлса ҳам ишни тезроқ бажариш, бу ҳақда ҳисоботни муддатидан илгари етказиш ва бошқалардан кўра тезроқ муаммони ёпишга интилиш устуворлик қилади. Уларга балиқ овлаш, ариқлар қазиш, эски иморатларни бузиш, янги ерлар ўзлаштириш билан боғлиқ оддий ишларни бемалол топшириш ва бунинг натижаси учун хавотир олмаслик мумкин. Аммо бундай кишиларга муайян ғояларни босқичма-босқич амалга оширишдек нозик ишларни ишониб топшириб бўлмайди”. 

Ўша даврдан буён минг йиллар, асрлар ўтди, янги замонлар келди. Аммо ниҳоятда топиб айтилган бу ҳикмат ўз моҳияти ва аҳамиятини ҳозирги кунда ҳам йўқотмади. Ғоялар дунёсининг қонунлари ва талабларини тўғри тушунадиган кам сонли одамлар ҳам, бу жабҳанинг жамиятдаги ўрни ва қадрини яхши англамайдиган кишиларнинг доимо мавжуд бўлишидек тамойил ҳам инсоният ҳаётида сақланиб қолаверди. Бундан фожеа ясаш, эзгу ғояни обрўсизлантириш, айрим кишиларнинг баъзи хато ва камчиликларини “дўмбира қилиб чалиш”, улар ҳақида бутун дунёга жар солиш, бошланган ишларни давом эттириш режаларини йўққа чиқаришга ҳаракат қилишлар Янги Ўзбекистонни барпо этишга ёрдам бермаслиги шубҳасиз. Шундай экан, бу борада ҳам эзгу ғоялар рўёби учун бирлашиш, уларни амалга оширишда камарбаста бўлиш ва юксак сафарбарликни намоён қилиш, бу тахлит ишларни ҳеч ким четдан келиб бажариб бермаслигини тушуниш ҳар биримизнинг бурчимиз эканини чуқур англаш вақти келди. 

Тирноқ остидан кир қидириш, асосан, ўз рақибларини четдан туриб муттасил ёмонлаш, унинг қиёфасига қора чаплаш хусусияти ҳам ўзга мамлакатларда умргузаронлик қилаётган аксарият мухолифатчилар учун умумий жиҳатлар сирасига киради. Бундай ҳолда ҳеч ким аяб ўтирилмайди, ким улардан бошқачароқ ўйласа, ўзгача фикрласа, фарқли позициясини намоён этса, тамом, ундай киши, ким бўлишидан қатъи назар қораланади, сотқинлик ва ялоқхўрликда айб­ланади. Айбланаётган кишилар аслида миллатнинг виждонига айланган, бутун халқнинг ҳурматига сазовор бўлган атоқли шахслар, таниқли ёзувчи ва шоирлар, эл ардоқлайдиган арбоблар, яқингинада сайланган депутатлар бўлиши ҳам мумкин. Аммо бу уларни радикал мухолифатчининг туҳмат ва ёлғонларидан, турли муносабат билан билдирадиган айбловларидан қутқариб қололмайди... Абдулла Қодирий уй-музейи очилиши, унинг номидаги мактабнинг иш бошлаши,  тақдири қил устида турган “Турон” кутубхонасининг Эски шаҳарга қайтарилиши ва бунинг учун муҳташам бино барпо этилиши, умуман, жадид боболаримизга кўрсатилаётган юксак эҳтиром муносабати билан давримизнинг атоқли ижодкори Иброҳим Ғафуровнинг эътирофига доир айбловларнинг чет эллардаги мухолифат тилидан янграши бунинг яққол исботи бўлди. Баъзи мухолифатчиларнинг яқинда бўлиб ўтган сайловолди жараёнларида фаол қатнашган ва Олий Мажлис депутати этиб сайланган атоқли адиб, адабиётшунос олим Хуршид Дўсмуҳаммад ва таниқли журналист Наврўз Ризаевни ёмонотлиқ қилиш мақсадида билдирган фикрлари ҳам шулар жумласидандир. 

Юқоридаги хусусиятлар билан боғлиқ бўлган яна бир жиҳат борки, четда юрган кўплаб мухолифатчилар қиёфасида нима қилиб бўлса ҳам ўз юртдошларнинг хотирасидан ўчмаслик, уларнинг эсидан чиқмаслик учун муайян андишасизлик ва бетга чопарлик иллатлари устуворлиги кузатилади. Мутахассислар бундай хусусиятнинг шаклланишини нима қилиб бўлса ҳам ўз позициясини сақлаб туриш, ҳар қандай ҳолда ҳам мағлубиятини тан олмаслик ва шу билан бирга, миллий асослардан узилиш, бегоналар орасида ўз фикрини ўтказиш каби жиҳатлар билан ҳам боғлайдилар. 

Чет элларда яшаётган барча ватандошларни мухолифат аъзолари сифатида тақдим қилиш иллати ҳам бу борада шаклланган баъзи асоссиз иддаоларга куч бериб келмоқда. Турли сабабларга кўра бошқа элларда яшаётган, аммо сиёсий жараёнлар ва мухолифатга мутлақо алоқаси бўлмаган кишилар мавжудлиги дунёнинг кўплаб халқларига мансуб умумий хусусиятдир. Мазкур масала билан шуғулланадиган экспертлар фикрича, бундайлар орасида ўз юртига нисбатан фаол мухолифатда бўладиганлар нафақат юздан бир, балки аксарият ҳолларда, мингдан бир кишини ҳам ташкил қилмас экан. Жаҳон олимлари тамонидан аллақачон исботланган ва тўла-тўкис эътироф этилган ушбу ҳақиқатдан кўз юмишнинг нима кераги борлигини билмаймиз-у, аммо бугунги кунда ҳам ушбу омилдан ғирром мақсадларда фойдаланишга интилишлар яққол кўриниб тургани афсуслантиради. 

Бундай айбловлар орасида ўз юртидаги барча партияларни “қўғирчоқ партия­лар” деб аташ, уларни айрим кишилар тафаккурининг маҳсули сифатида талқин қилиш ҳоллари одатга айлангани билан ажралиб туради. Бу борада, аввало таъкидлаш лозимки, инсоният тарихида ва бугунги дунёда ҳам, ёмғирдан кейинги қўзиқориндек ер бағридан ўз-ўзидан отилиб чиққан, яъни кимлардир шаклланишида фаол иштирок этмаган партия ҳалигача дунёга келмаган. Уларнинг ҳар бири шакл­ланиши учун асос бўлган тушунча ва бу ҳақдаги ғоя аввал кимнингдир тафаккурида туғилган, сўнгра бошқаларнинг онги ва қалбига сингган, кейин муайян сиёсий кучнинг низоми ва дастури сифатида қоғозга кўчган. Партия тузишнинг бундан бошқа йўли ҳам, ўзга чораси ҳам йўқ. Биздаги партиялар тузилиши ҳам шундай бўлгани маълум. Масалан, бизнинг сафдошларимиз мансуб бўлган O‘zLiDePнинг 2000 йиллар бошланишидаги шаклланиш жараёни ўша вақтдан буён унинг лидерига айланган Шавкат Мирзиёевнинг бош вазир лавозимида ишлай бошлаган дастлабки даврига тўғри келгани асло тасодиф бўлмаган, албатта. Ҳақиқий бозор муносабатларига ўтиш, мулкнинг турли шакллари ва эркин иқтисодиёт тамойилларини жорий қилиш, тадбиркорлик, ишбилармонлик, фермерлик, кичик бизнес ва халқ фаровонлигини таъминлашнинг устувор йўналишларини жорий қилишга интиладиган фаол фуқароларнинг бир партия аъзолари сифатида бирлашиши ва Ўзбекистон Либерал-демок­ратик партиясининг мамлакатимиз сиёсий майдонидан ўрин эгаллаши бу жараённинг маъно-мазмунини ташкил қилади. Айнан ана шу жараёнда тобланган қарашлар асосида, кейинги йилларда бутун бўй-бастини кўрсатаётган “Янги Ўзбекистон” ғояси шаклланиб боргани, сайқалланганига барчамиз гувоҳмиз. Бу жиҳатдан, яқингинада якунланган сайловлар учун “Янги Ўзбекис­тон – янги сайловлар” шиори танлангани, бугунги кунда эса Президентимиз томонидан бизнинг бош мақсадимиз – Янги Ўзбекистонни барпо этиш, юртимизнинг янги қиёфасини яратиш эканлиги ҳақидаги ғоя илгари сурилаётгани O‘zLiDePнинг яқин йиллардаги фаолияти учун энг асосий мезон, айни ҳаёт ҳақиқати ва давр талабини ифодалайди.

Юқоридаги умумий хусусиятларни таҳлил қилиш билан боғлиқ яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўз она Ватанига келиб-кетиш имкони бўлиши, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни кўзи билан кўриб, хулоса қилиш ва бу ҳақда муайян фикрларни баён этишгина ҳақиқатни ифодалашга ёрдам бериши мумкин. Бундай имкониятга эга кишилар Ўзбекистондаги реал ҳаёт, тарихий ўзгаришлардан йироқ эмас, халқнинг қандай нафас олаётганини, нимани исташини яхши билишади. 

Аммо ўз тақдир йўлларини ўз қўли билан беркитиб, юртига келишдан мосуво бўлиб, аламзада юриш ва бу аламзадаликни турлича тарзда юзага чиқариш бошқа гап. Гўёки бунга имкон бермаётган сиёсий шароит ва тартиб-қоидалардан нолиш, бошқарув идоралари, раҳбар ходимлар ва улар фаолиятидан муттасил норозилик, юқори лавозимдаги мулозимларни ўзига доимий мухолиф деб билиш, уларни ёппасига қоралаш ва аёвсиз танқид қилиш бу борадаги аламзадаликни хаспўшлаш ва аламидан чиқишнинг бир йўли, ўзига хос усули сифатида намоён бўлаётгани тайин. Гарчанд кейинги йиллардаги янгиланишлар ва ислоҳотлар туфайли, ижтимоий тафаккурда ўзгаришлар бўлгани эътироф этилса-да, айни пайтда халқни сиёсий саводсизликда айблаш ва нотавон қиёфада тасвирлаш ҳам чет эллардаги ўзини “мухолифатчи” деб атайдиган баъзи кишилар учун умумий усуллардан саналади. 

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва туб ўзгаришлар стратегиясидан хатоликлар излаш, бирор жузъий камчиликни оламшумул даражага кўтариш ва ислоҳотчи раҳбарларнинг кечирилмас хатолари тарзида талқин қилиш ҳам ана шу мазмунда қўлланилаётган ғирром услубларга мансубдир. 

Бугун ўзларига мос келадиган тафаккур ва ҳаёт тарзи шаклланган жойларда юрган баъзи “ҳаракатчи”ларга биз орзу қилаётган Янги Ўзбекистон керакми? Йўқ, уларга “чет эл андозаси”даги исёнкор ва қўзғолончи оломон, шу асосда шаклланган “инфантил” авлод керак. Ўтган аср бошларида яшаган бир сиёсатдоннинг сўзларини бироз ўзгартириб айтадиган бўлсак, уларга буюк Ўзбекистон эмас, улкан миқёсдаги сиёсий пўртаналар, ҳамма ёқни остин-устин қилиб юборадиган қўзғолонлар керак. Афсуски, уларнинг баъзилари айнан ана шундай биртомонлама тасаввур ва кемтик тафаккурга эга эканликларини ўзлари ҳам яхши англамайдилар. 

Бу эса партиямизнинг ушбу йўналишдаги позицияси қандай тамойилларга асосланиши ва кўппартиявийлик шароитида ўзини O‘zLiDePга рақиб деб ҳисоблаётган сиёсий кучларга нисбатан муносабатни белгилашда нималарга алоҳида эътибор бериш зарурлигини яққол кўрсатади. Ўз навбатида, бу барча сафдошларимиз ва ҳар биримизнинг огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз, Янги Ўзбекистонни барпо этиш эҳтиёжлари нуқтаи назаридан зиммамизга юкланаётган улкан масъулият ҳиссини сезиб яшашимиз зарурлигидан далолат беради.


Қиём НАЗАРОВ, 

фалсафа фанлари доктори, профессор

  • Кўрилди
    421
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+