Мурожаатномани тинглаб...

24.01.2020, 17:02

Мурожаатномани тинглаб...

Саноат Занжири:

ДАЛАДАН ДЎКОНГАЧА

Янги Ўзбекистонда бошланган янги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини таъминлашга қаратилган қонунларни шундай яратайликки, унда коррупция ҳолатларига йўл очадиган биронта “дарча” қолмасин, ҳалоллик вакцинаси сифатида кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилсин!

Муҳташам “Тошкент-Сити”нинг салобатли залида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномасини тинглар эканман, ана шу фикр бот-бот хаёлимдан ўтди. Зеро, “Давлат молиявий назорати тўғрисида”, “Давлат қарзи тўғрисида” сингари қонун лойиҳаларини қисқа муддатда сифатли тайёрлаш ва пишиқ-пухта қабул қилиш жараёнларини бошқача таърифлаш мушкул.

Яширин иқтисодиётга барҳам бериш, инвесторларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини яратиш, нефт-газ корхоналари харажатларини оптималлаштириш, давлат корхоналарига эгалик стратегияси ишлаб чиқиш масалаларининг пировард мақсади коррупция илдизини қирқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Хўш, бунинг учун аввало нима керак? Илм керак, маърифат керак! O’zLiDePнинг Сайловолди платформасида энг устувор йўналишлардан бири сифатида илгари сурилган рақамли иқтисодиёт керак!

Ривожланишнинг эндиги босқичида – дунёнинг аксарият мамлакатлари “Тўртинчи саноат инқилоби” арафасида турган бир пайтда Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш йўлидан жадал ҳаракатланиши, билимлар иқтисодиёти ҳамда рақамли иқтисодиёт, ахборот жамияти шакллантирилиши яккаю-ягона тўғри йўл эканига яна бир бор амин бўлдик.

Шунинг учун бўлса керак, Президентимизнинг 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номлаш хусусидаги таклифи давомли олқишлар билан қарши олинди. Модомики, биз депутатлар, айниқса, партиямиз фракцияси аъзолари учун янги Ўзбекистон – кучли парламентаризм институти фаолият кўрсатаётган ва “Инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун” тамойили амал қилаётган мамлакатдир. 

Ўзбекистонни урбанизация кўрсаткичи 60 фоизга етган, замонавий шаҳарлар, мегаполисларга эга, янги технологиялар ёрдамида турмушнинг юқори даражаси таъминлаган, эркин ва бахтли одамлар яшайдиган қудратли ва салоҳиятли давлатга айлантириш каби партиявий мақсадларга эришиш  ҳам Мурожаатнома белгилаб берилган вазифаларни ўз вақтида бажаришга чамбарчас боғлиқдир. 

Ушбу мақсадларга либерал-демократия тамойилларига, шунингдек, “Жадал янгиланишдан – жамият тараққиёти ва гуллаб-яшнаши томон”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, “Монополиянинг ҳар қандай кўринишига йўл қўймаслик ва рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, шахсий мулкни ҳурмат қилиш” каби тамойиллар амалга оширилган очиқ ва кучли фуқаролик жамияти, конституциявий парламент демократияси, эркин бозор иқтисодиёти шароитидагина эришиш мумкин. Эркинлик, масъулият, ҳалоллик, адолатлилик, бағрикенглик ва имкониятлар тенглиги янглиғ O’zLiDePнинг бош қадриятлари Мурожаатномада ифодаланган тараққиёт стратегияси билан уйғунлиги ҳам бизга янги куч, янгича қувват бериши шубҳасиз. 

Тайёр маҳсулотлар учун бозор топиш, даладан дўконгача аниқ ишлайдиган саноат санжирини яратиш, қурилиш соҳасини иқтисодиёт драйверига айлантириш, банк-молия тизимида тадбиркорларни қўллаб-қувватлайдиган инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш, транспорт логистикасини ривожлантириш, юк ташиш таърифларини пасайтириш, бир сўз билан айтганда, иқтисодий интеграция масалалари Мурожаатноманинг ўқ илдизини ташкил этгани бежиз эмас. Бунинг учун бир эмас, икки эмас, балки қонунлар пакетини талаб даражасида тайёрлаш вазифаси рақамли иқтисодиётга ўтишда Олий Мажлис роли нақадар муҳим эканини намоён этди. Мен ҳам янги даврнинг янги парламенти аъзоси сифатида зиммамдаги масъулиятни теран тушунаяпман. Президентимиз таъбири билан айтганда, натижадорлик – бош талаб, асосий мезон эканини чуқур ҳис қилаяпман.

Халқимиз интиқ кутган ушбу Мурожаатномада Ўзбекистоннинг транзит имкониятлари 15-16 миллион тонна бўлган бир пайтда бу борадаги кўрсаткич 7 миллион тоннадан ошмаётгани хусусида нафақат ижроия органлари, балки қонун чиқарувчи ҳокимият вакиллари ҳам жиддий бош қотириши даркор. Амалдаги меърий ҳужжатларни инвентаризация қилиш ва соддалаштириш орқали мазкур соҳага “яшил чироқ” ёқиш депутат ва сенотарларнинг долзарб вазифасидир.

Кези келганда, давлатимиз раҳбари 2019 йилда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган сайловлар натижасида мамлакатимизда демократик вазият вужудга келганини алоҳида таъкидлаганига эътибор қаратмоқчиман. Зотан, янги Ўзбекистонни бирга қурамиз, деган улуғвор мақсадни ўз олдимизга қўйган эканмиз, халқимизнинг ўзи, жамиятимизнинг ўзи янгидан-янги ислоҳотларнинг ташаббускори бўлмоғи лозим. 

Албатта, бу ўз-ўзидан бўлиб қоладиган иш эмас. Айни масалада сўз юритганда, давлатимиз раҳбари ҳам “Бу ғоят долзарб ишларни ўзимиз қилмасак, ҳеч ким бизга четдан келиб қилиб бермайди”, деди. Дарҳақиқат, шундай. Бу йўлда, албатта, барча даражадаги раҳбарлар, эришилган ижобий кўрсаткичларга маҳлиё бўлиб, хотиржамликка асло берилмаслиги керак. Янги парламент ва Ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади – Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт.

Муҳтасар айтганда, Президентимизнинг Мурожаатномасида қўйилган энг устувор вазифалар, ташаббуслар, таклифларни бевосита эшитиб, жуда кўп хулосаларга келдим. Чуқур ва аниқ рақамларга асосланган таҳлил, амалий ва танқидий руҳ, салоҳият ва имкониятларимизни сафарбар қилиш ҳақидаги жонкуярлик бизнинг қалбимизга ҳам ўтди.

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

O’zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    154
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+