Бир муштга айлансак, касаллик албатта ортга чекинади

28.03.2020, 15:57

Бир муштга айлансак, касаллик албатта ортга чекинади

Коронавирус пандемияси бутун дунё аҳлига саломатлик бебаҳо бойлик эканлигини яна бир бор ёдга солди, десак муболаға бўлмайди. Шу жумладан соғлиғимиз посбонлари ҳисобланган шифокорларнинг меҳнати ҳам нақадар қадрли эканлигини кўрсатди. Таъбир жоиз бўлса, айни пайтда ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда касаллик ва касалланганлар орасида туриб, унга қарши курашаётган тиббиёт ходимларининг ҳар бир куни қаҳрамонлик, ҳақиқий фидойилик намунасидир.

Президентимиз раислигида ўтказилган коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселекторда тиббиёт ходимлари шаънига айтилган самимий миннатдорлик сўзлари ҳам депутат ҳам шифокор сифатида мени ниҳоятда тўлқинлантирди. «Ҳурматли тиббиёт ходимлари, ўз ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимларга бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдираман»деди давлатимиз раҳбари.

Аввало халқимизнинг умиди ва Президентимизнинг юксак ишончи  шифокорлар учун битмас-туганмас энергия манбаи бўлмоқда. Улар мана шу манбадан куч ва қувват олиб, уз ҳаётини хатарга қўйиб ишлаяпти.

Кувонарли жиҳати давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ эндиликда нодавлат тиббиёт ташкилотларига коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга, истисно тариқасида, 2020 йил 1 сентябрга қадар тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилди.

Эндиликда хусусий тиббиёт ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва нодавлат тиббиёт ташкилоти ўртасида тузиладиган шартномага асосан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатади. Қарорнинг яна бир эътиборга молик жиҳати ушбу инфекция билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун нодавлат тиббиёт ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, истисно тариқасида танлов (тендер) ўтказмасдан аниқланадиган бўлди.

Хусусий тиббиёт ташкилотларининг коронавирус билан касалланганларга тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ҳаражатлари Инқирозга қарши кураш жамғармаси ҳисобидан қопланади. Умуман олганда, барча бир мақсад йўлида курашмокда.

Хукуматимиз халқ саломатлиги йўлида бор куч ва имкониятларни ишга солаётган, шифокорлар биз учун жонини гаровга қўяётган бир пайтда биз ҳам уларнинг беминнат хизматини қадрлашимиз шарт. Уйда қолиб, уларга ёрдам берайлик.   

Ойнинг ун беши коронғу бўлса ўн беши албатта ёруғ бўлади деган нақл бор. Барчамиз касалликни енгиб, ёруғ ва осуда ҳаётга қайтишни истаяпмиз. Бунинг учун бир муштга айланайлик. Ҳар биримизга ўзимизни асраш, яқинларимизни ҳимоялашдек шарафли бурч юкланганини унутмайлик. Уйда қолиб, бурчимизни сидқидилдан бажарайлик.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O’zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    390
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+