Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилишнинг ижобий жиҳатлари кўп ва салмоқли

30.03.2020, 21:34

Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилишнинг ижобий жиҳатлари кўп ва салмоқли

Сир эмас мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га кириши ё кирмаслиги ҳақида қизғин муҳокама ва мунозаралар ҳамон давом этмоқда. Чунки қайси халқаро ташкилот бўлмасин, Ўзбекистон аввало миллий манфаатлардан келиб чиқиб ёндашади ва етти ўлчаб сўнгра қарор қабул қилади. Чуқур таҳлил ва мулоҳазалар асосида қабул қилинган қарор самарали бўлиши ўз исботини топган.

Айтиш жоизки, ушбу ташкилотнинг асосий мақсади унга аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, улар иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун шароитлар яратиш, ташкилот доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга интилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларни ҳар тарафлама модернизация, кооперация қилиш ва улар рақобатбардошлигини ошириш кабилар белгиланган. Демак, бу Ўзбекистоннинг янги иқтисодий сиёсатининг асосларини белгилаб берган Ҳаракатлар стратегияси мақсадларига мос келади.

Қолаверса, иттифоқ доирасида товарларнинг бож тўловларисиз олиб ўтилиши, давлатларнинг ички бозорларига маҳаллий товарларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз кириб бориши, божхона идоралари фаолиятини тартибга солишнинг умумий ва мукаммал тизимини яратиш, капитал ҳаракати эркинлигини таъминлаш имкониятларини яхшилайди. Шунингдек, Ўзбекистон иттифоққа аъзо мамлакатлар ичида меҳнат ресурслари сони бўйича 2-ўринда туради. Бу эса Ўзбекистоннинг меҳнат ресурсларига бойлигини, меҳнат салоҳияти юқорилигини кўрсатади. Масалага шу жиҳатдан ёндашилса, иттифоққа аъзо бўлиш ёки дастлаб унга кузатувчи мақомида иштирок этиш меҳнат муносабатлари масаласида кўплаб ижобий натижаларни беради.

Мавзуни давом эттириб яна шуни айтиш мумкинки, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, бозор иқтисодиёти, иқтисодий фаолиятни ташкил этиш, хусусийлаштириш концепциялари ҳамда дастурларини яратиш ва уларни амалиётга жорий этишда ЕОИИ давлатлари тажрибасидан самарали фойдаланиш учун яхши имкониятдир.

Тўғри мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришининг айрим салбий томонлари ҳам мавжуд. Лекин шундай бўлса-да, масаланинг ижобий жиҳатлари кўп ва салмоқли. Улар Ўзбекистоннинг манфаатларига мос келади. Ҳамма гап ушбу ташкилотга кириш учун пухта ва оқилона тайёргарлик кўришга боғлиқ. Ана шунда бу тадбир халқимизнинг манфаатларига хизмат қилади ва мамлакатимиз иқтисодиёти янада ўсишига ёрдам беради деб ҳисоблаймиз.

Собит Нугманов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси аъзоси

 

  • Кўрилди
    87
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+