Сирдарёликлар бу синовларни бир мушт бўлиб, матонат билан албатта енгиб ўтади

02.05.2020, 11:57

Сирдарёликлар бу синовларни бир мушт бўлиб, матонат билан албатта енгиб ўтади

Кекса-нуронийларимиз ҳар дуосида Яратгандан ўт балосидан, сув балосидан асрашини сўраб илтижо қилади. Боиси, табиат инжиқликлари, йирик миқёсли фалокату ҳалокатлар чоғида – ёнғину тошқинлар қаршисида инсон кўпинча ожиз қолади.

2020 йил 1 май тонги. Сардоба сув омборида ана шундай ҳалокат юз берди. Дамба деворидан сув чиқиши натижасида тошқин юзага келди. Қафасдан қутулган шердай отилиб чиқаётган тошқин бир зумда Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктини ўз забтига олди.

Яхшики, Сирдарё вилояти хокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, бошқа тегишли вазирлик ва идоралар, мутасаддилар оёққа туришди.

Мамлакат раҳбарияти томонидан қўйилган вазифа - биринчи навбатда кутилмаганда келган ҳалокат, кучли синов олдида довдираб, саросимага тушиб қолган одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида уларни хавфсиз ҳудудга кўчириш бўлди.

Сув асосан экин майдонларига зарар етказгани айтилган бўлса-да, сув омборининг атрофидаги қатор аҳоли яшаш пунктларига ҳам зарар етказди. Аҳоли эвакуация қилинди. Хусусан, «Қўрғонтепа», «Дўстлик», «Юртдош» МФЙдан жами 11,5 минг аҳоли кўчирилди. Мирзаобод туманидаги «Беруний», «Пахтаобод», «Балиқчи», «Ҳақиқат», «Баҳористон», «Янгиовул» ва «Дўнгариқ» МФЙлари аҳолиси сув тошиш хавфи бўлгани учун вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларига, аҳолининг яна бир қисми эса, Жиззах вилояти ҳудудидаги мактаб, коллеж, хусусий корхоналар ва аҳоли хонадонларига кўчирила бошлади.

Кези келганда айтай, Сирдарё вилоятидан парламент қуйи палатасига сайланган депутат сифатида тошқин содир бўлгани ҳақидаги дастлабки хабарни ижтимоий тармоқларда ўқиганим ҳамон жиддий ташвишга тушганим рост. Аммо пешма-пеш бериб борилган янгидан-янги тафсилотларни ўқиб, хавотирим тарқалгандай бўлди.

Чунки, воқеа жойига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Ички ишлар, Миллий гвардия ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари етиб бориб, одамларни эвакуация қилиш тадбирларини ташкиллаштириш, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириб боргани талафотларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг зудлик билан ҳудудга етиб боргани эса саросимага, кучли тушкунликка тушиб қолган одамларнинг кўнглига ёруғлик индирди. Давлатимиз раҳбарининг уй-жойи, бошпанасидан айрилган одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, вазият тўлиқ назоратга олингани, ҳеч ким давлатимиз эътиборидан четда қолмаслигини айтгани жабрдийда сардобаликлар қатори менга ҳам чексиз тасалли-таскин берди. Далда бўлди.

Халқимиз не-не синовларда тобланган. Қанчадан-қанча синовли кунларни, қийинчилигу азоб-уқубатларни бошдан кечирган бўлмасин, уларнинг барчасини улкан матонат, сабр-бардош билан енгиб ўтган.

Сардоба сув омборида юз берган ҳалокат чоғида ҳам элимизнинг ана шу хислати яна бир бор намоён бўлди. Тошқинни бартараф этиш ишларига нафақат Сирдарё вилояти, балки қўшни Жиззах вилоятидан, пойтахт ва республиканинг бошқа ҳудудларидан қутқарувчилар, мутахассислар, автотехникалар, зарур кучлар жалб этилди.

Халқимиз бировнинг ташвишига ҳеч қачон томошабин бўлиб қараб туролмайди. Шу маънода, Сардоба воқеасини эшитган қанчадан-қанча тадбиркорлар, саховатпеша юртдошларимиз эвакуация қилинган одамларга ёрдам қўлини чўзишга шошилгани, аксарияти жабрдийдаларга ўз хонадонидан жой бергани хавотиримизни аритди. Саховатпеша инсонлар ва ҳомийлар томонидан зарурий озиқ-овқат, ичимлик сув, тиббий ниқоб, антисептик воситалар ва бошқа тиббиёт воситалари етказиб берилаётгани инсонпарварлик хислати халқимизнинг қон-қонига сингиб кетганини англатади.

Биз буни коронавирус пандемияси туфайли жорий қилинган карантин мобайнида ҳам, куни кеча Бухоро вилоятида содир бўлган табиий офат чоғида ҳам кўрган ва гувоҳи бўлган эдик.

... Махсус кучларнинг уринишлари, кўрилган зарурий чоралар туфайли сув омборидан сизиб чиққан тошқиннинг оқим йўли ўзгартирилди ва бартараф этилди. Шукрки, бу ҳалокатда экин майдонлари, айрим аҳоли пунктлари, инфратузилма зарар кўрган бўлса-да, одамлар ҳаёти хавфдан фориғ қилинди. Сабр тоқатли, меҳнат севар ва бағрикенг бўлган сирдарёликлар бу синовларни бир мушт бўлиб, матонат билан албатта енгиб ўтади.

Қанчалик ташвишли бўлмасин, Сардоба сув омборида кузатилган ҳодиса барчамизнинг кўзимизни очди. Аввало, мамлакатимизнинг йирик гидроиншоотлари, сув омборларида хавфсизликни таъминлаш нақадар муҳим эканини кўрсатди. Бу сабоқдан барчамиз хулоса чиқармоғимиз лозим. Токи халқимизнинг ҳаёти ва хавфсизлиги, юрт осойишталигини таъминлаш устувор мақсадимиз экан, бу каби масалаларга жиддий эътибор бермоғимиз, керак бўлса, парламент даражасида аҳамият қаратмоғимиз шарт.

 

Комилжон ЭРНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    317
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+