Мамлакатимиз маъмурий-ҳудудий тузилишининг асосий таомиллари тартибга солинмоқда

22.05.2020, 13:42

Мамлакатимиз маъмурий-ҳудудий тузилишининг асосий таомиллари тартибга солинмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида атрофлича муҳокама қилинган  “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси Сенатга юборилди.

Савол туғилади. Хўш, қандай омиллар ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласини кун тартибига кўндаланг қилиб қўйди?

Аввало шуни айтиш керакки, амалдаги “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қонун 1996 йилда қабул қилинган бўлиб, унда мамлакатимиздаги маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини тизимли ҳал этишни таъминлай олмайди.  Унда юртимизда маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини босқичма-босқич қарор қабул қилиш тартиби мавжуд эмас.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш тартиб-таомиллари ишлаб чиқилмаган ва тартибга солинмаган. Бу ўз навбатида мазкур масалаларда чуқур таҳлил қилинмаган қарорларнинг қабул қилинишига замин яратмоқда. Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасида бу борадаги тартиб-таомиллар ва аниқ механизмлар белгиланмоқда.

Учинчидан, амалдаги қонунда давлат ҳокимият ва бошқарув органларининг ваколатлари ва вазифалари аниқ кўрсатилмаган. Шунингдек, тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар ҳамда маъмурий чегараларни жойида белгилаш механизмлари мавжуд эмас. 

Умуман олганда, қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари билан боғлиқ муносабатларни тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар орқали қонуний тартибга солиш, Ўзбекистоннинг маъмурий – ҳудудий тузилиши соҳасидаги ҳуқуқий нормаларни самарали амалга оширишни таъминлайдиган таъсирчан механизмларни ишга тушишига хизмат қилади. Шу билан бир қаторда маъмурий – ҳудудий бирликлар ва аҳоли пунктлари Давлат реестрини юритиш механизмларини белгилаш имкони вужудга келади.

Қонун лойиҳасининг яна бир эътиборга молик жиҳати унда “Шаҳарларни республика бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисида”ги норма алоҳида моддада акс этмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 июндаги фармони билан республика бўйсунувидаги шаҳарлар тоифаси белгиланган. Бу туркумдаги шаҳарлар бўйича норма аввалги қонунда мавжуд эмас эди. Шунингдек, лойиҳага маъмурий-ҳудудий масалаларни ҳал қилишда сайлов округларининг чегараларини ўзгартиришга оид модда ҳам киритилди. Айтиш керакки, сайлов округлари чегараларининг ўзгариши натижасида сайланган депутатларнинг ҳам ҳудуди қисман ўзгаради. Амалиётдан келиб чиқиб ҳамда бошқа ҳужжатларда ушбу норма акс эттирилмагани сабабли ушбу қонун лойиҳасига тегишли модда киритилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилишининг асосий таомилларини белгилаш билан бирга маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларининг давлат томонидан тартибга солинишини амалга оширувчи органлар ва уларнинг ваколатларига ҳам аниқлик киритади.

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    192
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Кахромон 2020-05-25 23:00:25

Мамурий судларни айримлари яни хоразим вилояти мамурий судларни Адолатли иш курмаслигига нима сабаб булмокда бу тугрисида олий судгахам мурожатлар ва видеомурожатлар килип хам муносабат ололмаётирмиз жоваплари муносабатлари йук сабаб


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+