Ўзбекистон – Франция: ҳамкорликнинг янги уфқлари очилмоқда

29.05.2020, 16:13

Ўзбекистон – Франция: ҳамкорликнинг янги уфқлари очилмоқда

Президентимизнинг 2018 йил 8-9 октябрь кунлари Францияга амалга оширган расмий ташрифи чоғида мамлакатимизнинг ташқи сиёсатида Европа йўналиши янгитдан кашф этилди.

Ташриф давомида автомобиль транспортида ташиш, туризм, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик, техник кўмак, космосни тадқиқ этиш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, маданият ва бошқа соҳаларга оид 10 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди. Бугунги кунда мазкур ҳужжатлар икки давлат ўртасидаги кўп томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.

 Хусусан, парламентаризм йўналишида ўтган давр мобайнида Франция Республикасининг Марказий Осиёдаги иқтисодий дипломатия бўйича вазири махсус вакили Паскаль Лоро бошчилигидаги делегация Олий Мажлис Сенатига ташриф буюрди.

Учрашувларда тарихий алоқаларнинг бугунги босқичида Ўзбекистон – Франция муносабатлари ўзаро ишонч руҳида ривожланиб бораётгани эътироф этилди. Мустақиллик йилларида демократик тамойил ва бозор иқтисодиётига асосланган жамият қуриш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳозирги кунда янги руҳ ва мазмун касб этгани Ўзбекистондаги ислоҳотларга хайрихоҳ Франция томонидан фаол қўллаб-қувватланаётгани таъкидланди.

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан Ўзбекистон –Франция депутатлар гуруҳининг фаолият бошлаши ҳам ўзига хос янгилик бўлди. Мақсад битта – Парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш, қонунчилик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш каби кўплаб йўналишларда алоқаларни янги босқичга олиб чиқишдан иборат.

  Шу ўринда Франциянинг сиёсий тузилиши ҳақида тўхталиб ўтсак.     Франция – мустақил унитар демократик республика. 1958 йил 4 октябрда қабул қилинган амалдаги Конституция Бешинчи Республика ҳокимияти органларининг фаолиятини тартибга солади.

Республикани бошқаришнинг Президент-парламент шаклини белгилайди (Франция Республикасининг Конституцияси, 2-бўлим). Давлат бошлиғи – Президент, 5 йилга сайланади. Ҳукумат бошлиғи – бош вазир. Министрлар Кенгаши  Президент томонидан бош вазир билан келишган ҳолда тайинланади. Қонун чиқарувчи ҳокимият умумий овоз бериш йўли билан сайланадиган икки палатали парламентга тегишлидир.

Францияда шунингдек, Конституцион кенгаш ҳам мавжуд бўлиб, унинг 9 нафар аъзоси бор, у сайловларнинг тўғри ўтказилишини ва Конституцияга ўзгаришлар киритувчи қонунларнинг, шу билан бирга унга кўриб чиқиш берилган қонунларнинг Конституцияга асосланганлигини назорат қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов раислигида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Франция депутатлар дўстлик гуруҳининг илк йиғилишида ҳамкорликнинг истиқболлари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимиз яна 42 та давлат парламенти билан худди шундай дўстлик ришталарини йўлга қўйишни режалаштирган. Бундай интилишлар келгусида ўзбек парламентаризмини халқаро миқёсда нуфузини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ғайрат АБДИЕВ,

 Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    113
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+