Фуқаролик жамиятини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишдаги устуворликлар

30.06.2020, 11:16

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишдаги устуворликлар

Бугунги кунда эркин ва ривожланган фуқаролик жамияти, “билимлар жамияти”, дeмoкрaтик вa бaрқaрoр ривoжлaниш тамойилларининг ҳаётга кенг татбиқ этилиши, инсон капитали тараққиётнинг ҳал қилувчи омилларидан бирига айланиши, эркин бoзoр мунoсaбaтлaрининг қарор топиши, ахборот-коммуникация технологияларининг жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларига жадал кириб келиши каби глoбaл хусусиятлaр устувор аҳамият касб этмоқда. 2000 йилдаги БМТнинг Мингйиллик декларацияси, Фуқаролик жамияти институтларининг мингйиллик Форуми декларацияси ва Ҳаракатлар дастури, Окинава глобал ахборот жамияти хартияси, 2015 йилда БМТнинг 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларининг қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилиши ва бошқалар дунёдаги мураккаб ва ўзаро боғлиқ жараёнларни сифат жиҳатдан тамоман янги босқичга олиб чиқди.

Жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб бораётган Ўзбекистонда ҳам фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг концептуал асослари, стратегияси ҳамда ўзига хос механизмлари яратилмоқда. Маълумки, нодавлат нотижорат ташкилотлар фуқаролик жамиятининг институционал асосини ташкил этади. Сўнгги йилларда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича сезиларли чора-тадбирлар кўрилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилди.

Шу билан бирга ушбу соҳадаги ишларнинг ҳолати амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда, фуқароларнинг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишда, уларнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирок этишига кўмаклашиш учун янгича тамойиллар ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.

Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва нодавлат секторнинг алоқаларини ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, жамият ривожланишининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятидаги долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиб, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг  36-бандида белгиланган эди. Бизнинг назаримизда, ушбу Стратегияни ишлаб чиқишда мамлакатдаги “учинчи сектор”ни ва ННТларни демократик ривожланишнинг драйверига айлантириш ғояси асос бўлиши керак.

Чунки, бугунги кунда мамлакатни янада ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш учун инновацион ғояларни таклиф этадиган фаол, ташаббускор нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чоралари етарли даражада амалга оширилмаяпти.

Ижтимоий шериклик, жамоатчилик назорати ва фуқаролик жамияти институтлари билан давлат органлари ва бизнес бошқаруви органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг турли жиҳатлари бўйича амалий тадқиқотлар учун ягона буюртма тўпламини шакллантириш қониқарли эмас.

Бу борада Инновацион ривожланиш вазирлиги орқали турли манфаатдор илмий-тадқиқот институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда ижтимоий шериклик, жамоат назорати ва фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг турли жиҳатлари бўйича амалий тадқиқотлар учун ягона буюртма тўпламини шакллантиришни ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз.

Жаҳон амалиётида ижтимоий аҳамиятга эга хизматларни ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг иккита асосий усули мавжуд: молиялаштириш (субсидиялаш) ва билвосита қўллаб-қувватлаш. Биринчи ҳолда, давлат бюджетдан молиялаштириладиган ижтимоий хизматларни тақдим этиш учун буюртмани шакллантиради, ННТларга грантлар беради ёки истеъмолчини тўғридан-тўғри йўлланмалар билан таъминлайди. Шу билан бирга, нодавлат етказиб берувчилар бюджетдан молиялаштирилмайдиган ижтимоий аҳамиятга эга имтиёзларнинг бир қисмини молиялаштириш учун истеъмолчиларга хизматлар ёки хайр-эҳсонларни тўлаш орқали мустақил равишда қўшимча маблағларни жалб қиладилар. Бундан ташқари, билвосита қўллаб-қувватлаш кенг қўлланилади, бунда ННТларга давлат мулкидан бепул ёки арзонлаштирилган ставкаларда фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек қисман солиқ имтиёзлари, якка шахслар учун ҳам, корпоратив донорлар ва ижтимоий хизматларни етказиб берувчилар учун ҳам имтиёзлар бозор механизмлари мавжуд бўлмаган сегментларда берилади. Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш стратегиясида ҳам ушбу тажриба эътиборга олинса мақсадга мувофиқ бўлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишнинг турли даражалари ўртасидаги ўзаро мувофиқлик тўлиқ таъминланмаган. Нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олишнинг тартиби, уларнинг фаолияти тартиби бюрократик талаблар ва тўсиқлар мавжудлигини кўрсатади, эскирган ва замонавий талабларга жавоб бермайдиган нормалар мавжуд. Фуқаролик жамияти институтларини ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш, касбий фаолияти ва ривожланиши учун қулай ҳуқуқий шароитлар яратиш, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишнинг турли даражалари ўртасидаги ўзаро мувофиқликни таъминлаш орқали бу йўналишда ўсишга эришиш мумкин.

Бошқа мамлакатларда, масалан, Германия Федератив Республикаси, Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатларда рўйхатга олиш, одатда, тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар асосида амалга оширилади.

Давлат ҳокимиятининг фуқаролик жамияти ва бизнес институтлари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ таъминланмаган. Ваҳоланки, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес билан ҳамкорлиги, жамият ва давлат ўртасидаги мулоқот ва ўзаро тушунишни ривожлантиради, давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг очиқлигини оширади, фуқароларнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ҳокимият идораларининг ҳаракатлари ва қарорлари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишини таъминлайди.

Японияда “уч секторли модель” фуқаролик жамияти ривожланишини ҳар уч сектор - давлат, фуқаролик жамияти ва бизнесни ўзаро ҳамкорлигининг умумий манфаатларига асосланган жараён сифатида кўриб чиқади.

Фуқаролик жамияти институтлари учун мутахассислар сони ва баъзи фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини таъминлашда давлат органларининг иштироки қониқарли эмас.

Фуқаролик жамияти институтларида ишлаш нафақат юқори фуқаролик фаоллигини, балки ўзига хос касбий тайёргарликни ҳам талаб қилади. “Учинчи сектор”да ижтимоий менежмент, ижтимоий психология, ННТларда иқтисодиёт ва менежмент, ёшлар билан ишлашни ташкил етиш ва давлат сиёсати ва ижтимоий фанлар соҳасидаги бошқа мутахассисликлар талаб қилинади.

Германия, AҚШ ва Швецияда ННТларнинг профессионаллиги юқори баҳоланади. Учинчи сектор миссиянинг мақсадга мувофиқлигини, унинг фаолияти, самарадорлиги ва самарадорлигини, таклифнинг қиймати ёки қайта кўриб чиқилишини, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари мақсадларига эришиш учун янги дастурларнинг самарадорлиги даражасини аниқлаш учун таҳлил қилинади. Баҳолаш очиқ ва ҳалол бўлиши керак. Нодавлат нотижорат ташкилотлари хизматларининг профессионаллиги баҳоланади.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга жалб қилиш даражаси паст.

Фуқаролик жамияти институтларини барча ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ва ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кенг жалб қилиш мақсадга мувофиқдир.

Бу нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг уларга қонуний равишда берилган ҳуқуқ ва ваколатларини амалга ошириш механизмларини белгилайдиган тегишли процессуал қоидаларни ишлаб чиқиш даражасини оширади.

Баҳолаш тартиби, бошқарув органларининг ҳолати ва функциялари одатда қонунчилик даражасида белгиланади. Масалан, AҚШда тегишли масалалар Маъмурий процедуралар ва маъмурий харажатларни қисқартириш актлари билан тартибга солинади. Германияда тегишли федерал қонун қабул қилиниши билан Нормаларни назорат қилиш бўйича миллий кенгаш тузилган. Россия Федерациясида жамоат экспертизаси ва жамоатчилик муҳокамаси каби меъёрий ҳужжатларнинг таъсирини олдиндан баҳолашнинг бундай шакллари қонуний равишда жамоатчилик назорати шакллари сифатида белгиланади ва “Россия Федерациясида жамоатчилик назоратининг асослари тўғрисида”ги Федерал қонун билан тартибга солинади. Францияда қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш учун ижтимоий-ҳуқуқий ва ҳуқуқий экспериментлар тегишли конституциявий нормалар билан тартибга солинади.

Ривожланган мамлакатларда ННТларнинг ўрни, роли ва аҳамияти сезиларли даражада юқори. Дунё мамлакатлари рейтингини (халқаро индексларни..) аниқлаш ва белгилашда ННТлар (халқаро рейтинг агентликлари, илмий марказлар..) етакчи роль ўйнамоқда...

Ўзбекистонда эса:

- ННТлар томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш даражаси жуда паст ҳамда ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар тўлиқ яратилмаган, хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорларини ишлаб чиқишда иштирок этиш даражаси ҳам жуда паст, давлатнинг фуқаролик жамияти билан самарали ва конструктив мулоқот механизмлари етарлича йўлга қўйилмаган, ННТнинг эҳтиёжлари тизимли таҳлил қилинмаяпти, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг муҳим масалалари бўйича ўзаро фикр алмашиш учун самарали майдонлар яратилмаган;

- ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ННТни жалб қилиш даражасининг пастлиги барча ижтимоий гуруҳларнинг турли нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ифодаланадиган манфаатларини чуқур ўрганиш ҳамда инобатга олишга имкон бермаяпти;

- етарли қонунчилик базаси яратилганлигига қарамай, ижтимоий шериклик давлат органлари ва ННТ ўртасида фуқароларнинг кенг кўламли ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга, уларнинг, айниқса, ёшларнинг ташаббуслари ва замонавий ғояларини ҳақиқатда илгари суришга қаратилган ҳамкорликнинг самарали механизмига айлана олмади;

- мамлакатни социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан янада ривожлантириш бўйича инновацион ғояларни таклиф қилувчи фаол, ўзининг ташаббусларига таяниб фаолият кўрсатадиган ННТни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чоралари лозим даражада амалга оширилмаяпти;

- ННТни рўйхатдан ўтказиш жараёнларини, уларнинг фаолияти тартибини белгиловчи қонунчилик нормаларида ортиқча бюрократик талаблар ва ғовлар бўлиб, бу нормалар эскирган ва замон талабларига жавоб бермайди;

- ННТнинг моддий-техника таъминоти ҳанузгача қониқарсиз ҳолатда қолмоқда, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашга давлат томонидан ажратилаётган маблағлар ўрта муддатли ва узоқ муддатли кенг кўламли ҳамда умумреспублика миқёсидаги лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишга имкон бермаяпти.

ННТларнинг самарадорлиги паст ва жамоат қурилишидаги аҳвол қониқарли эмас. Бугунги кунда ННТлар аҳолининг кенг қатламларини бирлаштиролмаяпти. Учинчи секторда бандликнинг улуши, ўсиши жуда паст.

Дунёдаги ҳолатни, ривожланган мамлакатлардаги ННТларнинг ўрни, роли ва аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистонда ҳам ННТлар ва ЎзННТМАнинг ўрни, роли ва аҳамиятини ошириш имкониятлари (тизим ва мезанизмлари) яратилиши керак.

Германия, Швеция, AҚШ каби хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, ННТлар ва учинчи секторнинг асосий хусусиятлари:

- нодавлат нотижорат ташкилотларида жуда кўп иш ўринлари яратилди;

- кўнгиллиларни ишга жалб қилишнинг ўртача ёки юқори даражаси;

- аъзолик бадаллари ва хайриялар молиялаштириш ташкилотларининг асосий манбаи ҳисобланади;

- ННТ учун солиқ имтиёзларининг мавжудлиги ва ижтимоий фойдали ташкилот мақоми;

- даромадларни ошириш мақсадида ННТнинг маркетинг фаолияти.

- ННТларнинг асосий хизмат вазифаси.

Сўнгги ўн йилликлар давомида нодавлат нотижорат сектор жаҳон иқтисодиётида муҳим кучга айланди. Унинг Европа, Осиё, Шимолий Aмерика, Лотин Aмерикаси, Яқин Шарқ ва Aфрикадаги 35 та мамлакатнинг миллий статистик маълумотлари асосида аниқланган ҳиссаси 1,3 трлн. AҚШ долларини ёки ушбу мамлакатлар ЯИМнинг 5,1 фоизини ташкил этади. ННТларнинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни қуйидаги баҳолашлар билан ёритилган:

  • нотижорат сектор - Буюк Британия ва Франциядан кейин Италия, Бразилия, Россия, Испания ва Канадани ортда қолдириб, дунёдаги еттинчи йирик иқтисодиёт;
  • нотижорат сектор энг катта иш берувчилардан бири, шунингдек давлат ресурсларини жалб қилишнинг самарали механизми ҳисобланади. ННТлар фаолиятида 39,5 миллион киши иштирок этади. Бу иқтисодий фаол аҳолининг 4,4 фоизи ёки йигирматадан бири. Улардан 22,7 миллион киши ёки 57 фоизи пуллик иш шароитида ишлайди, 18,8 миллион киши ёки 43 фоизи кўнгилли. ННТлар фаолиятидаги кўнгилли ишларнинг юқори даражаси ушбу ташкилотлар катта ижтимоий салоҳиятни ижтимоий аҳамиятга эга тадбирларни амалга оширишга жалб қилишга қодир эканлигидан далолат беради.

Нотижорат ташкилотлар миллий кенгашининг ҳисоботида айтилишича, 2014 йилда нотижорат секторнинг AҚШ иқтисодиётига қўшган ҳиссаси 937 миллиард долларга ёки мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 5,4 фоизига тенг. Соҳада иқтисодий фаол аҳолининг 10,6 фоизи ишлайди.

Европа ва AҚШда нодавлат нотижорат ташкилотларининг шаффофлиги ва ҳисобдорлиги, манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу мамлакатларда ННТ ахлоқ кодексига амал қилади. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг этикетлари аниқ ёзилган. Масалан, Германияда ННТнинг фахрий унвонини олиш учун махсус талаблар мавжуд. Бундай дипломни олган ташкилот маълум имтиёзларга эга бўлади. Таъкидланишича, ННТлар “ижтимоий-сиёсий ҳаёт муаммоларини муҳокама ва ҳал қилишнинг асосий иштирокчиларидир”.

Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли, ижтимоий фаоллигини ошириш, аҳолини жамоат ва давлат ишларини бошқаришга фаол жалб этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, тегишли соҳаларда давлат сиёсатини ишлаб чиқишда иштирок этиш ва амалга оширишда самарали қарорлар қабул қилишнинг ғоят муҳим шарти ҳисобланади.

Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган 10600 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти (бундан кейин ННТ деб аталади) жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнамоқда.

Шу билан бирга, мамлакатни социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг жадал суръатлари жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар, ННТ ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштирок этишларидаги ролини ошириш, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган тамойиллари ва нормаларини инобатга олган ҳолда ушбу йўналишдаги уларнинг фаолиятини авж олдириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурлигини тақозо этмоқда.

Кўплаб хорижий давлатлардаги ННТлар уюшмалари жиддий ташвишли муаммоларни ҳал қилишда етакчи ҳисобланади.

Aссоциациялар ҳукуматларга, БМТ каби ҳукуматлараро ташкилотларга ва минтақавий органларга маслаҳат беришда муҳим роль ўйнайди. Уюшманинг конференциялари ва симпозиумлари материаллари, шунингдек, аъзолари томонидан қабул қилинган қарорлари дунё раҳбарлари ва халқаро ва ҳукуматлараро ташкилотларнинг раҳбарлари ўртасида тарқатилади ва Ассоциация ушбу раҳбарият билан маслаҳат ва шериклик қилишда бевосита роль ўйнайди.

Масалан, Венро ННТлар уюшмаси (Германия) ёки Жаҳон нодавлат ташкилотлари уюшмаси WAНГО (AҚШ) бутун инсоният учун глобал тинчлик, адолат ва фаровонлик ғояларига содиқ бўлган нодавлат ташкилотларнинг етакчи халқаро ташкилотларидан ҳисобланади.

Уюшмалар уларнинг филиалларига хизмат қилади, умуман нодавлат секторини кучайтиради ва рағбатлантиради, нодавлат жамоатчиликнинг тушунчасини оширади ва ННТларнинг бирлашиши, шериклик қилиши ва асосий масалаларини ҳал қилишда ўз ҳиссасини ошириши учун зарур механизм ва ёрдамни тақдим этади, шунингдек унинг филиалларига ўз вазифаларини бажаришда ёрдам беради.

Ўзбекистонда ҳам шаклан шундай институт, яъни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) мавжуд. Лекин, ЎзННТМАнинг ННТлар билан муносабатларини ташкил этиш, ННТлар фаолиятини мувофиқлаштириш (координация), уларга кўмаклашиш, биргаликда фаолият юритиш даражаси паст. Ассоциация ва ННТлар учун етарли имкониятлар, имтиёзлар ва преференциялар тизими мавжуд эмас.

Ассоциациянинг ННТлар билан муносабатларини ташкил этиш, ННТлар фаолиятини мувофиқлаштириш (координация), уларга кўмаклашиш, биргаликда фаолият юритиш даражасини тизимли равишда ошириш механизмларини жорий этиш лозим.

ЎзННТМА:

- давлат органларининг ННТлар билан самарали ҳамкорлигининг замонавий механизмларини, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чораларини жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаши;

- ННТ фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ННТларнинг жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатига таклифлар киритиши;

- ННТга уларнинг халқаро ҳамкорлигини ривожлантиришда, илғор халқаро тажрибани ўрганишда ва ушбу тажрибани Ўзбекистон шароитида жорий этишда кўмаклашиши;

- ННТ ривожланишининг норматив-ҳуқуқий тартибга солиниши ҳолатини ва ушбу соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини тизимли ўрганиш ва таҳлил қилишни ташкил этиш, ННТлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, жамоатчилик бошқарувида уларнинг иштирокини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар тайёрлаши;

ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга оширишни ўрганиш ва таҳлил қилишни ташкил этиш, давлат органларининг ННТ билан самарали ҳамкорлиги, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чораларининг замонавий механизмларини жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиши;

- ННТ вакилларининг давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятидаги иштирокини таъминлаши;

- “учинчи сектор”ни ривожлантириш, ННТлар фаоллигини ошириш, шунингдек, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлариниишлаб чиқиш ва амалга оширишда ННТ иштирокининг муаммоларини тизимли ўрганиши;

- ННТни давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро муносабатлар ўрнатишнинг самарали тизимларини ишлаб чиқиш, уларни ҳокимият ва бошқарувга алоқадор бўлган турли ахборот ва маълумотлар, илмий-методик қўлланмалар билан таъминлаши;

- ННТда меҳнат қилаётган ходимлар малакасини ошириш, уларни замонавий фикрлайдиган кадрлар билан таъминлашга кўмаклашиш, ходимларни ҳар томонлама ижтимоий муҳофаза қилишда фаол иштирок этиши;

- демократик ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, устувор йуналишларда биргаликдаги дастурларда қатнашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоясини ўрганиб бориши шарт.

Хулоса сифатида шуларни айтиш мумкинки, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегиясини ишлаб чиқишда:

Биринчидан, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга;

Иккинчидан, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувида иштирокини оширишга;

Учинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга;

Тўртинчидан хайрия ва волонтёрлик фаолиятини ривожлантиришга;

Бешинчидан, ушбу соҳадаги халқаро индексларга қўшилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш муҳимдир.

 Насимжон АЛИМОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Сиёсий таълим маркази раҳбари,

ЎзННТМА Кенгаши раиси.

  • Кўрилди
    81
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+