Депутат Д. Усмонова қибрайлик тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилмоқда

30.06.2020, 17:01

Депутат Д. Усмонова қибрайлик тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилмоқда

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Дилбар Усмонова Қибрай туманида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субеъктлари, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган хонадонларда бўлиб, улар билан дилдан суҳбатлашди, муаммоларини жойида ўрганди ва ечимини топишга ҳаракат қилди.

Д. Усмонова сайловчилар дарди билан яшашни ўз фаолиятининг дастуриламалига айлантира олган депутатлардан саналади. У халқ билан бирга бўлишда, аҳолининг, тадбиркорларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишда фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Учрашувлари давомида халқ вакили Қибрай тумани Турон агрофирмаси ҳудудида жойлашган “FLOWER CITY” МЧЖда бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди. 

Депутат тадбиркор билан суҳбат жараёнида ўз фаолияти ҳақида гапириб берди, фаолияти давомида дуч келаётган айрим муаммолари билан ўртоқлашди.

Хайитбой Мирахмедов раҳбарлик қилиб келаётган мазкур агрофирма ўтган йили 5 гектардан ортиқ ташландиқ ерни рўйхатдан ўтказиб ўз номига расмийлаштириб олган эди. Ушбу ер майдони тепалик ва адирликдан иборат бўлиб, қаровсиз ташландиқ ҳолга келиб қолган эди. Тадбиркор ушбу ерга қайта ишлов бериб, 1 гектарига замонавий типдаги ихчам иссиқхона ташкил қилган.  

- Ҳозирда мазкур иссиқхонамизда помидор ва бодринг маҳсулотларини етиштириб келяпмиз, - дейди тадбиркор Х. Мирахмедов. – Иссиқхонамизда бир йил давомида икки мартагача ҳосил олинади. Бу йил 100 тоннагача маҳсулотимизни етиштириб, ички бозорларимиздан ташқари экспортга ҳам чиқаришни мақсад қилганмиз. Ҳудудимиздаги 20 нафар ёш йигит-қизлар бандлиги таъминланган. Келажакда ўз фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида мазкур агрофирмага қарашли 5 гектар ернинг қолган қисмини ҳам ишлов бериб, ҳудудимиздаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларни иш билан таъминлашни режалаштирганмиз.

Корхонани мақсади катта. Лекин фаолиятини янада кенгайтиришда айрим муаммога дуч келмоқда. Тадбиркорга қарашли мазкур 5 гектар ер майдоннинг 1 гектарига иссиқхона ташкил қилинганлигини юқорида таъкидладик. Ушбу ернинг қолган 3 гектарига иссиқхона ва 1 гектарига тикувчилик корхонаси ташкил қилиниши керак. Бунинг учун баланд-пастлик ерларни текислаб, рекультивация ишларини олиб бориш керак бўлади. Тадбиркор бу борада бир неча бор тегишли ташкилотларга ариза билан мурожаат қилган. Лекин ҳали-ҳанузгача аниқ жавоб бўлмаганлиги учун ушбу мақсадлари амалга ошмаяпти.

Депутат Д.Усмонова мазкур масала юзасидан Тошкент вилояти ва туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларга сўров чиқарди ва уларнинг устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатди. Ўйлаймизки муаммо тез орада ижобий ечимини топади ҳамда тадбиркор ўйлаган мақсадларига, албатта эришади.

Диёра Болтаева,

O‘zLiDeP Тошкент

вилоят кенгаши

бўлим мудири

 

  • Кўрилди
    435
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+