O’zLiDeP фаоли Ҳаж зиёрати учун тўплаган маблағини кўчани асфальт қилишга сарфлади

30.06.2020, 17:46

O’zLiDeP фаоли Ҳаж зиёрати учун тўплаган маблағини кўчани асфальт қилишга сарфлади

Муборакхон Раҳимова O’zLiDePнинг марҳаматлик фаол тадбиркорларидан. Мингтепа маҳалла фуқаролар йиғинининг Ёрқин ҳаёт кўчаси 106-уйда истиқомат қилади. 7-Матлубот сайлов округидан сайланган депутат Бахтиёржон Абдуллажонов билан доимий ҳамкорликда фаолият юритади. Ишбилармонлик муҳитидаги қандай муаммоси бўлса, халқ ноиби билан биргаликда бартараф этади. Маҳалладаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга доимо суянч.

Хайрли ишларнинг қаноти кенг, парвози баланд. Тадбиркорнинг эзгу амаллари қаторига, таъбир жоиз бўлса, яна бир тож тадбир қўшилди.

Маҳалланинг Ёрқин ҳаёт кўчасининг анчагина қисми таъмирталаб эди. Лойгарчиликдан ёмғирли кунда, шамолли об-ҳавода чанг-тўзондан азият чекадиган аҳолига кўмакка шошилувчининг йўқлиги кишини ажаблантиради. Депутат сарсон. Электр устунларга ўз маблағи эвазига чироқлар қўйдириб, кечалари ҳам кўчанинг ёруғ бўлиши учун ҳаракат қилди. Аммо асфальтлаш муаммоси ечими оворагарчиликдан иборат бўлаверганидан зада. Шундай вақтда М.Раҳимованинг ташаббуси халқ ноибини тўлқинлантириб юборгани рост.

-Тадбиркорнинг муқаддас ҳаж зиёрати учун йиққан маблағини шу масалани ҳал этишга тақдим қилишини, очиғи, кутмагандик, – дейди Б.Абдуллажонов. – Кўчанинг таъмирталаб 170 метр қисмида асфальтлаш ишлари якунланди. Аҳоли хурсанд. Нуронийларимиз дуода. 63 ёшли онахон тадбиркоримизнинг бу саҳовати кўпчиликка ибрат бўлди.

Савобли ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак. Шу ақидага амал қиладиганлар сафи кенгаяётганини мана шундай амалларда кўриш мумкин.

Муҳаррам Гулматова,

O’zLiDeP Марҳамат туман

Кенгаши ижрочи котиби

  • Кўрилди
    876
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+