Депутатга ташаббускорлик ва фидойиликдан ташқари журъат ва жасорат ҳам керак

08.07.2020, 16:30

Депутатга ташаббускорлик ва фидойиликдан ташқари журъат ва жасорат ҳам керак

Қаршилар, бетарафлар йўқ, бир овоздан қабул қилинди...

Бу таниш манзаралар. Илгари туман Кенгаши сессияларини олиб борувчи кўрилаётган масала юзасидан “қаршилар” ёки “бетарафлар” чиқишига ишонмасди. Қайси депутат юрак ютиб, туман ҳокими ёки унинг ўринбосари фикрига қарши чиқарди. Ҳокимнинг айтгани айтган, дегани деган бўларди-да. Туманлар сессияларига маҳаллий кенгаш депутатлари гўё қўл кўтариб тасдиқлаш учунгина келгандек бўларди. Аслида ҳам шундай эди. Депутатнинг “тиши” ҳеч нарсага ўтмасди. Агар шундай бўлса, депутатнинг кимга кераги бор. Депутат бўлди нима-ю, бўлмади нима?! Шу ўринда Президентимизнинг тўғри гапни гапирган одам ислоҳотларга хайрихоҳдир, деган фикрларини келтириб ўтиш жоиздир.

Энди бугунги депутатлар ҳақида гаплашсак. Бугунги маҳаллий Кенгаш депутатлари халқ орасидан “чертиб-чертиб”, саралаб олинган,  уларни сиёсий етук ва партия олдига қўйган мақсад ва вазифаларни сидқидилдан адо эта олади, деб ҳисоблайсизми? Бу ҳақда фикр юритганда, чуқур ўйга чўмасан киши. Чунки бугунги маҳаллий Кенгаш депутатлари билимли, салоҳиятли, сиёсий жиҳатдан етук бўлса-да, журъати кам, қарор қабул қилишда ҳафсала қила олмайдиганлари афсуски етарлича топилади.

Ваҳоланки, бугунги депутатларимиз зиммасида улкан вазифалар турибди. Улар партиямизнинг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг тарзда жамиятда шаклланаётган қарашларга таъсир ўтказиш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш, Ўзбекистоннинг равнақини оширишда, юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлашда, миллатлараро ва фуқаролараро аҳиллик ҳамда тотувликни мустаҳкамлашда фаол қатнашиши лозим ва шарт.

Вилоятимизда партиямиздан сайланган  164 нафар (31 нафари хотин-қизлар) маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолиятини таҳлил қилиб кўрганимизда кўп нарса ойдинлашади. Фаоллиги ва ташаббускорлиги билан элга кўп нафи тегаётган, катта-катта муаммоларни сессияларга олиб чиқаётган ва таъбир жоиз бўлса, ўзини аямай эл дарди билан яшаётган депутатларимиз бор. Халқ уларга эргашаяпти, ишонаяпти, муаммолари ечим топганидан қувонаяпти. Аммо депутатларимизнинг ҳаммасини ҳам шундай фидойилик қилаяпти, деб бўлмайди. Буни очиқ-ойдин айтаётганимнинг сабаби шундаки, агар биз бу масалаларга эътиборсиз бўлсак, депутатларни хаспўшласак, билиб туриб билмасликка олсак, бундан на партиямизга, на жамиятга ва на давлатга ҳеч қандай фойда йўқ. Қайтанга  фаолиятсиз депутатлар илгариги каби сессияларда қўл кўтариш ва туширишдан нарига ўтишмайди. Яна бир муаммо шундаки, баъзи туманлар Кенгашлари сессияларига айрим депутатлар иштирок этмаяпти, тўғрироғи, таклиф этилмаяти ёки таклиф этилган бўлса-да, масъул ходимлар айби билан хабарнома сессия бошланишидан ярим соат олдин етиб бораяпти ёки айрим ҳолларда етиб ҳам бормаяпти. Аслида буям жиддий масала ва бунга панжа орасидан қараб бўлмайди.

Шу ўринда яна бир ўткир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман: вилоятда  депутатлик гуруҳларининг 2020 йил давомидаги фаолияти кўрсаткичларига назар ташлайдиган бўлсак, корхона ва ташкилот раҳбарларига депутатлик сўровлари юборишда сусткашликка йўл қўйилаяпти.  Ёки депутатлик гуруҳи ташаббуслари билан халқ депутатлари кенгашлари мажлисларида мансабдор шахслар ҳисоботларини эшитуви  жуда кам ташкил этилган.

Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари сессиялари муҳокамасига депутатларимиз томонидан киритилган таклифлар кўрсаткичлар билан мақтаниб бўлмайди. Ёки депутатлар таклифлари юзасидан халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида қарор қабул қилиш кўрсаткичлари ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Бу ҳолат наҳотки, халқ вакилларини ташвишга солмаяпти. Ахир уларга халқ кўз тикиб турибди-ку! Ахир коронавирус пандемияси хавф солиб турган пайтда депутатларимиз янада фаоллашиши, халқнинг дилидаги, тилининг учида турган дардини тинглаши, ҳал этиш учун елиб-югуриши керак эмасми?

Савол туғилади: маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаолиятини кучайтириш, халқ орасига янада чуқурроқ кириб, муаммоларини ўрганиб, сессиялар муҳокамаларига олиб чиқиши, ҳал этилмагунча тинчимаслиги учун нима қилиш керак? Қандай йўл тутилса, маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаоллашади, чин маънода ўзини халқ вакили сифатида ҳис этади?

Бу масалада бир таклиф: Маҳаллий Кенгаш депутатларига туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларига киритган таклифи ва ана шу таклиф асосида сессияларда қабул қилинган қарорларга қараб баҳо берилса, шу асосда депутатлар рағбатлантирилса, маош жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Аксинча бўлса, 6 ой давомида бирорта таклифи сессияда муҳокама қилинмаса ва қарор қабул қилинмаса, у депутатнинг ваколатини қайтариб олиш масаласи кўриб чиқилса адолатдан бўларди. Бу халқ вакилларининг янада фаоллашувига ва ўз мақсад ва вазифаларини янада чуқурроқ ҳис қилишига хизмат қилади, деб ҳисоблайман. Зеро, депутатлар фаоллашуви бу –халқнинг бахти.

Сирожиддин Одилов,

O`zLiDeP Қашқадарё

вилоят Кенгаши раиси

  • Кўрилди
    400
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+