Айни вақтда 69 мингта тадбиркорнинг фаолиятини жонлантириш керак

12.07.2020, 15:47

Айни вақтда 69 мингта тадбиркорнинг фаолиятини жонлантириш керак

Бугун бутун мамлакатимиз мураккаб шароитни, машаққатли бир даврни бошидан кечиряпти. Бу кунларнинг залвори иқтисодиётни барқарор тутишни тақозо этаётир. Албатта, барчамиз, бутун халқимиз бу йўлда бир ёқадан бош чиқармоғи зарур.

Айни вақтда биз муҳтарам Президентимиз раислигида жорий йилнинг 8 июлида ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланган ушбу фикрни дастуриламал қилиб фаолият олиб боришимиз шарт: “Пандемиядан кучли бўлиб чиқишнинг бирдан бир йўли – кичик бизнес ва тадбиркорликка қулай муҳит яратишдир”. Албатта, ушбу соҳани ривожлантириш учун барча чоралар кўрилмоқда. Бироз муддат аввал карантин талабларининг юмшатилиши натижасида корхоналар фаолияти тикланди. Бироқ давлатимиз раҳбари томонидан яна 69 мингта тадбиркорнинг фаолиятини жонлантириш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Демак, жойлардаги раҳбарлар масъулиятини янада ошириш лозим. Мамлакат миқёсидаги мутасаддилар эндиликда ҳудудларга бориб, тушуми камайган корхонлар билан тизимли ишларни йўлга қўйишлари керак.

Соҳада хали етарлича муаммолар бор. Давлатимиз раҳбарининг куюнчаклиги билан шунча имкониятлар, имтиёзлар яратилганига қарамай, ўтган йилда рўйҳатдан ўтган тадбиркорларнинг, янги бизнес субъектларининг  23 мингтаси ёки 24 фоизи бугун фаолият кўрсатмаяпти. Нима учун? Албатта, қандайдир мавжуд камчиликлар, ечимини тополмаётган масалалар сабабли! Шу йўналишдаги аввалиг қатор йиғилишларда Президентимиз томонидан тадбиркорлик субъектлари муаммоларини мутасадди раҳбарлар биргаликда ҳал қилиши белгиланган бўлса-да, демак, юқоридаги келтирган рақамларимиздан кўринадики, айрим масъул, мутасадди раҳбарларда лоқайдлик сақланиб қоляпти. Хўш, қачон тадбиркор эркин фаолият юритади? Албатта, кўпроқ шароит яратилганида, масалан, электр, газ, сув, йўл, кредит билан боғлиқ масалалари ечим топганида!

Бир мисолни келтирмоқчиман. Яқинда партия веб-сайтида, “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетасида Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги кичик саноат зонасидаги муаммолар хусусидаги таҳлилий мақолани ўқидим. Унда қайд этилишича, тумандан кичик саноат зонаси учун ажратилган ҳудуд халигача тадбиркорлик субъектлари билан тўлмаган. Муаммо шундаки, ажратилган жой марказдан анча олисда, ичкари бир ерда, бунинг устига коммунал масалаларда халигача муаммолар бартараф этилмаяпти... Алалхусус, тадбиркору депутатларнинг анчагина саъй-ҳаракатлари билан кичик саноат зонаси учун туман марказига яқин ҳудуддан жой ажратилган. Аммо аввалги жойда иш бошлаган 2-3 та тадбиркорлар энди нима қилади? Шунча сарсонгарчилик, оворагарчилик билан янги ҳудудга кўчадими ёки мавжуд муаммолар сабаб гоҳ ишлаб, гоҳ ишламай фаолият юритаверадими? Кимга зарар? Албатта, биринчи навбатда тадбиркорга-да!

Мана шундай муаммолар келиб чиқмаслиги учун ҳаракат қилиш зарур. Ҳақиқатан ҳам, мана шундай фаолият бошлаётган кичик бизнесни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги тизимини ишлаб чиқиш керак. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан улар учун яна бир имконият яратилди. Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб илк марта тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш механизми амалга киритилди. Бу билан жорий йилнинг биргина учинчи чорагида тадбиркорларга 700 миллиард сўмни айланма маблағ сифатида ўзида қолдириш имконияти тақдим этилмоқда.

Бундай имтиёзлар, шарт-шароитлар мамлактимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилибгина қолмай, юртдошларимизда тадбиркорликка бўлган қизиқишларнинг ортишига, иштиёқларнинг кучайишига сабаб бўлади. Бу орқали эса камбағалликни қисқартиришга, аҳоли даромадларини ортишига эришилади.

Умидахон ЗОКИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати.

 

  • Кўрилди
    203
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+