Давлат ўқув дастури асосида махсус эҳтиёжга эга болалар учун 5 та мутахассислик йўналишида таълим дастури ишлаб чиқилди

25.07.2020, 14:26

Давлат ўқув дастури асосида махсус эҳтиёжга эга болалар учун 5 та мутахассислик йўналишида таълим дастури ишлаб чиқилди

Жорий йилнинг ўтган олти ойи бутун дунёда, хусусан, мамлакатимизда ҳам бир қадар хавотирли кечгани маълум. Албатта, бу вазият коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ. Бироқ барча соҳаларда бўлгани каби ижтимоий соҳа тараққиётида ҳам барқарорликни сақлаб қолишга ҳаракат қилинмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастурининг 2020 йил биринчи олти ойлигидаги ижроси хусусидаги ҳисоботини тинглаб, бунга янада амин бўлдик.

Масалан, мактабгача таълим соҳасида жорий йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида жами 426 та мактабгача таълим муассасаси қуриш ва реконструкция қилиш белгиланган. Албатта, 2019 йилги Инвестиция дастуридан йилдан йилга ўтувчи 13 та лойиҳа, 413 та янги бошланадиган лойиҳалар шулар жумласидандир. Бугунги кунда эса 400 та янгидан бошланадиган лойиҳаларнинг смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган, экспертизадан ўтказилган. 127 та объектда тендер савдолари якунига етказилган, 286 та объектда қурилиш бошланган. Демак, пандемия шароитида ҳам соҳада ривожланиш тўхтамаслиги учун ҳаракат қилинмоқда.

Албатта, рақамлардан чекланиб, соҳа янгиликларига ҳам тўхталсак. Мактабгача таълим тизимида таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларни татбиқ этиш, “Илк қадам” давлат дастури асосида 6 ёшли болаларда ёзув кўникмаларини шакллантириш учун иш дафтари макетлари ҳамда ривожлантириш марказларида 3-7 ёшдаги болалар учун фойдаланиладиган кўргазмали дидактик плакатлар тўпламини яратиш чоралари кўрилди.

Шу ўринда педагоглар фаолиятига кўмак сифатида ҳам қатор имкониятлар яратилди. Хусусан, тайёрлов гуруҳларида фаолият юритаётган педагогларга методик ёрдам бериш мақсадини ўзида мужассам этган “Педагоглар ва тренерлар учун “Илм йўли” вариатив дастурини жорий этиш қўлланмаси яратилди. Шунингдек, Давлат ўқув дастури асосида махсус эҳтиёжга эга 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун 5 та мутахассислик йўналишида мослаштирилган ва уйғунлашган таълим дастури ишлаб чиқилди. Мазкур ўқув дастури ҳозирда Оролбўйи минтақаси болалари учун реабилитация марказига эга бўлган “Имкон” ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида синовдан ўтказилаётганини алоҳида қайд этиш керак.

Айтиш жоиз, ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида Давлат дастури ижроси таъминланди.

Умидахон ЗОКИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    178
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+