Рақамли иқтисодиёт билан ривожланишнинг янги босқичи сари

27.07.2020, 17:58

Рақамли иқтисодиёт билан ривожланишнинг янги босқичи сари

Замон шиддат билан ўзгармоқда. Биз ривожланишнинг янги босқичидамиз. Барча соҳаларга “рақамли иқтисодиёт” атамаси кириб келмоқда. Бу ўз-ўзидан инсонларнинг турмуш даражасини сезиларли даражада оширади. Ўзбекистоннинг ҳам рақамли иқтисодиёт йўлини танлагани мамлакат иқтисодиётини тўлиқ ва комплекс ижобий ўзгартириш учун қўйилган катта қадам, десак муболаға бўлмайди.

Жорий йилнинг 22 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Вазирлар Маҳкамаси тақдим этган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йил биринчи ярим йилликда бажарилишининг бориши тўғрисида”ги ҳисоботи муҳокама қилинди.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Давлат дастуридаги мамлакатни инновацион ривожлантириш, “рақамли иқтисодиёт”ни шакллантириш ҳамда Ўзбекистоннинг бизнес юритиш ва инвестициялар учун жозибадор бўлган давлатлар қаторига киришида муҳим аҳамиятга эга бўлган бандларининг ижроси бўйича қилинган ишларни эътироф этдилар.

Аввало шуни алоҳида таькидлаш лозимки, Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2020 йилга “Илм, маьрифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном бериш таклифи илгари сурилиши том маьнода Ўзбекистон ҳаётида глобал тараққиётга ҳамоҳанг равишда тарихий бурилиш даври бошланганини тасдиқлади.

Ҳужжатлар ва коммуникацияларнинг оммавий равишда рақамли воситаларга ўтказилишини ҳисобга олиб, электрон имзога рухсат бериш, давлат билан мулоқот қилиш ҳам электрон платформага ўтказилаётгани мамлакатимиз ҳаётида рақамли иқтисодиётнинг дастлабки босқичини кўрсатади. Навбатдаги босқичларда эса,  соҳада етук тажрибага эга бўлган хорижий компанияларнинг тажрибаси ўрганилмоқда. Рақамли иқтисодиёт соҳасида меьёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, шунингдек, “стартап” тушунчаси, фаолияти, венчур фондлари орқали уларни молиялаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш механизмлари ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига  кўра, 2023 йилга бориб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 ҳамда ушбу соҳадаги хизматлар ҳажмини 3 баравар ошириш, уларнинг экспортини 100 миллион АҚШ долларига етказиш назарда тутилган. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, мамлакатимиз тараққиётининг истиқболи ҳам рақамли иқтисодиёт ривожланиши  ва рақамли технологияларнинг қамров даражасига таянади.

Мажлисда ушбу йўналишда келгусида бажарилиши керак бўлган ишлар муҳокама қилиниб, улар асосида таклифлар ишлаб чиқилди. Мазкур вазифаларнинг самарали амалга оширилиши, шубҳасиз, мамлакатитмизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади, замонавий тараққиётнинг янги қирраларини ўзлаштиришга хизмат қилади.

 

Гулшана ХУДОЁРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    168
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+