Қурилишда сифат биринчи ўринда бўлиши керак

27.07.2020, 18:00

Қурилишда сифат биринчи ўринда бўлиши керак

Қурилиш, бунёдкорлик ҳар қандай мамлакатнинг тараққиётини акс эттирувчи бир белги дейиш мумкин. Айни пайтда мамлакатимизнинг марказий худудлари у ёқда турсин, чекка-чекка туманларида ҳам ижтимоий иқтисодий объектлар билан бир қаторда аҳоли учун турар-жой бинолари барпо этилиб, катта ҳажмдаги қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо ана шу объектларнинг сифати қай даражада? Уларни лойиҳалаштириш, экспертизадан ўтказишда қандай стандартларлардан фойдаланилаяпти? Соҳадаги замонавий тенденцияларга қанчалик эътибор қаратилмоқда, қурувчиларимизнинг малакаси, салоҳияти етарлими? деган саволлар барчани қизиқтиради.

Партиямиз фракцияси ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги “Ҳукумат соати”да  ана шу саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири таклиф этилди. Бугунги шароитдан келиб чиқиб, видеоконференция шаклида ташкил этилган тадбирда халқ вакиллари соҳага доир ўзларини қизиқтирган саволлар билан вазирга мурожаат қилдилар.

Табиий офатлар бу бевосита инсон ҳаётига хавф туғдирадиган жараёндир. Қурилиш соҳасида табиий офатларнинг ҳисобга олинмаслиги биринчи навбатда инсонлар тақдири билан боғлиқ ва кўп миқдордаги ижтимоий-иқтисодий зарар келтириш вазиятлари кузатилмоқда. Бунга биз Бухоро вилоятида кузатилган табиий офат ва у келтирган зарар мисолида гувоҳ бўлдик. Албатта, вазирлик булардан тегишли хулосалар чиқариши лозим.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Лойиҳа институтлари томонидан андоза тариқасида ишлаб чиқилган бир хил типдаги лойиҳалардан фойдаланиш ҳудудлар архитектураси ва қиёфасининг ўхшаш бўлиб қолишига олиб келмоқда. Айниқса, ижтимоий объектларда бундай ҳолат кўп кузатилади. Мамлакамтимиз, айниқса, ҳудудлар архитектурасини замонавий, уларнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда, ранг-баранг кўринишга келтириш бўйича вазирлик томонидан алоҳида концепция ёки стратегия ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

Қурилиш соҳасида махсус касбий билимга эга бўлган қурувчилар етишмаслиги қурилишда сифат даражасининг тушишига олиб келувчи омилдир. Мутахассислиги бор қурувчиларнинг асосий қисми объектив ва субъектив сабабларга кўра чет давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган. Бугунги кунда талаб юқори бўлган салоҳиятли қурувчиларни тайёрлаш ва ўқитиш вазирлик олдида турган долзарб вазифалардандир.

Албатта, у ёки бу соҳани танқид қилиш, нега у қилинмаган, нега бу қилинмаган дейиш осон юмуш. Кўтарилган масалаларнинг ечимига қаратилган амалий ва конструктив ҳамда масалалар ечимига қаратилган таклифлар билдирилса, ўшандагина танқиднинг меваси бўлиши мумкин. Қонунчилик палатасида ўтган “Ҳукумат соати” ҳам ана шундай таклифларга бой ўтди.

Ақшагул ТУЛЕГЕНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    188
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+