Жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини реализация қилиш масаласи ўрганилди. Натижалар қандай?

29.07.2020, 11:40

Жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини реализация қилиш масаласи ўрганилди. Натижалар қандай?

Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида тамаки маҳсулотларини бевосита реклама қилиш ҳамда билвосита рекламанинг ҳам баъзи бир турлари тақиқланган. Аммо, шунга қарамай, айнан таъқиқланган соҳадан даромад олишни кўзлаётганлар қонунчиликдаги айрим заиф жойлардан уддабуронлик билан фойдаланмоқда.

Масалан, 2020 йилнинг февраль ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг фаол аъзоси бўлган «Ибн Сино» жамоат фонди томонидан мактаблар атрофида ва жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини реализация қилиш устидан жамоатчилик мониторингини ўтказди. Мониторинг натижалари қуйидагиларни кўрсатди:

  • деярли барча савдо шохобчаларида (94,8%) тамаки маҳсулотлари пештахталарга ва бошқа савдо жиҳозларига жойлаштириб, намойиш этилган;
  • савдо жойларида тамаки маҳсулотлари пештахталарга қўйилган ҳолларнинг ярмидан кўпида (61,2%) улар ўйинчоқлар ва ширинликлар олдига қўйилган;
  • савдо шохобчаларининг ярмидан ортиғида (59,7%) тамаки маҳсулотларини жойлаштириш учун постерлар (махсус жавонлар)дан фойдаланилган;
  • савдо шохобчалари ҳар бештасининг иккитасида (38,1%) сигареталарнинг катталаштирилган қутиларидан фойдаланилган;
  • савдо шохобчаларининг деярли ярмисида (46,3%) тамаки маҳсулотлари жойлаштирилган пештахталар ёритилган;
  • савдо шохобчалари ҳар бештасининг иккитасида (37,3%) бренд қўшимча буюмлар (зажигалкалар каби) сотилган.

Шунингдек, мониторинг жараёнида харидларни рағбатлантиришга доир қуйидаги ҳолатлар қайд этилган: совғалар (бепул ёки харидга қўшимча), чегирмалар, бепул тамаки маҳсулотлари, тамаки маҳсулотларининг махсус ёки чекланган церийалари, сигаретага ўхшатиб ишланган ширинликлар (конфеталар), сотувчиларни муайян сотув ҳажмлари учун мукофотлаш ва бошқалар.

Мазкур мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, сотув жойларида тамаки рекламаси сигареталар ва бошқа тамаки маҳсулотларининг самарали сотилишига хизмат қилмоқда, бу эса аҳолининг энг заиф қатлами – ўсмирларга йўналтирилган. Натижада тамаки рекламасининг қурбони болалар ва ўсмирлар бўлмоқда.

Шу кунларда regulation.gov.uz/uz сайтида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фаол муҳокама қилинмоқда.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 апрелдаги қарорига мувофиқ тамаки, чилим, электрон сигаретлар, қиздириладиган тамаки маҳсулотлари, таркибида никотин мавжуд маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва айланмасини тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси билан: Ўзбекистон Республикасининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонунини янги таҳрирда қабул қилиш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари лойиҳада қўлланиладиган асосий тушунчаларга таърифлар берилмоқда, шу жумладан тамаки маҳсулотлари тушунчаси янги турдаги тамаки маҳсулотлари билан тўлдирилмоқда; тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини тартибга солиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда; давлат органларининг тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари кўрсатиб ўтилмоқда; алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализациясига доир фаолият бир-биридан фарқ қилиши, шунингдек хорижий тажриба (МДҲ, Европа, Америка давлатлари)га асосан, алкоголь ва тамаки соҳасини тартибга солиш алоҳида қонунлар билан тартибга солинганлигини инобатга олиб, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятларини тартибга солиш иккита алоҳида бобда белгиланмоқда.

Дунёнинг 43та давлатида сотув жойларида тамаки маҳсулотларини қўйиш тақиқланган, бундай тақиқ Австралия, Янги Зеландия, Буюк Британия, Францийа, Ирландия, Исландия, Норвегия, Финляндия, Хорватия, Таиланд, Ҳиндистон ва кўплаб бошқа узоқ хориж мамлакатларида яхши иш бермоқда. МДҲ мамлакатларидан бундай тақиқ Грузия, Беларус, Россия, Тожикистон, Туркманистонда белгиланган. Арманистон, Молдова ва Қозоғистонда қонун билан қабул қилинган, аммо ҳали кучга кирмаган.

Савдо шохобчаларида ёшларимизни тамакидан ҳимоя қилиш мақсадида қонун ижодкорларига қонун лойиҳасида тамаки маҳсулотларининг рекламасини, сотувини рағбатлантириш, бу борада ҳомийликни тўлиқ тақиқлаш каби қатор таклифлар киритилмоқда. Ушбу нормалар ёшлар орасида чекиш даражасини кескин пасайтиришга хизмат қиладиган ҳамда тамакининг фаол тарғиб қилинишига қарши таъсир кўрсатадиган асос бўлиб хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз.

Насимжон Алимов,

Ўзбекистон нодавлат нотижорат

ташкилотлари миллий ассоциацияси

(ЎзННТМА) Кенгаши раиси, 

иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.

  • Кўрилди
    156
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+