Парламент дипломатияси: Инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг мустаҳкам кафолати

03.08.2020, 16:16

Парламент дипломатияси: Инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг мустаҳкам кафолати

Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда охирги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар “Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун” деган ғояни амалда рўёбга чиқаришга қаратилган бўлиб, давлатимиз томонидан бу борада қатор ишлар амалга оширилиб, улар мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўйини юксалтиришга катта туртки бермоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинган даврга қадар Ўзбекистоннинг парламентлараро муносабатлари, хусусан, халқаро ташкилотлар билан ўзаро мулоқотлари музлатиб қўйилган эди. Айнан шунинг учун ҳам замон шиддат билан ўзгараётган бир пайтда, биз ушбу “музни” эритиб, тараққий этган давлатлар билан тенглик асосида сиёсий ва иқтисодий муносабатларга киришиб, биринчи ўринда хорижий парламентлар билан парламент дипломатияси доирасида яқин муносабатларни ўрнатишга киришдик.

Шу муносабат билан, Президентимиз жорий йил январь ойида Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишида Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари лавозимини таъсис этиш тўғрисида ташаббус билан чиқиб, унинг вазифаларини белгилаб берди. Айнан шу вақтдан бошлаб, Қонунчилик палатасининг фаолиятида туб ўзгаришлар юз берди.

                   Халқаро ҳамкорлик ривожи ва истиқболи

Маълумки, давлатнинг ривожланганлик даражаси халқаро миқёсда унинг эгаллаб турган ўрни билан белгиланади. Бу борада ҳар қандай давлат ўз халқининг фаровон яшаши учун муносиб шароитларни яратмоқчи экан, у биринчи бўлиб халқаро нуфузини оширишига интилиши лозим.

Ўзбекистон айнан шу йўналишда ўз фаолиятини кучайтириб, давлатларнинг сиёсий тизимидан қатъи назар уларни бирлаштирувчи бир қатор дунёдаги нуфузли халқаро парламентлараро ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириб бормоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси парламент дипломатиясини уч йўналишда, яъни икки томонлама, минтақавий ҳамда глобал миқёсда парламент  дипломатиясини амалга  оширмоқда.

Жумладан, икки томонлама парламент дипломатиясини ўрнатиш мақсадида Қонунчилик палатасида 28 парламентлараро дўстлик гуруҳлари ташкил этилиб, шу кунга қадар Франция, Малайзия, Бельгия, Чехия, Канада, Туркия ва бошқа бир қатор  хорижий мамлакатларнинг парламент аъзолари билан онлайн учрашувлар ўтказилди.

Минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида Ўзбекистон парламенти Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси билан самарали ҳамкорликни  ўрнатиб, глобал миқёсда дунёдаги йирик  Парламентлараро Иттифоқи билан ҳамкоролик қилиши ва энг муҳими, Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосарининг ушбу нуфузли ташкилотнинг вице-президенти лавозимига тайинланганлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ташқи сиёсатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси бўлиб ҳисобланади.

Мазкур ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни ўрнатишнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимои-иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида, айниқса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида холисона ахборот етказилаётгани дунё парламентларида катта таассурот қолдирмоқда.

Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламент роли

Ўзбекистон парламенти БМТнинг инсонпарварлик руҳида қабул қилинган барча ташаббусларини ва бу йўналишда ишлаб чиқилган дастурларни ҳар доим қўллаб-қувватлаб келган ва уларнинг ижросини таъминлашда фаол қатнашган.  

Ўзбекистон Президенти Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишида “Қонунчилик палатаси бундан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича вазирлар ҳисоботларини эшитишни йўлга қўйиши лозимлиги” тўғрисида ташаббус билан чиққан эди.

Маълумки, БМТнинг 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадлари дастури қабул қилинган эди. Ушбу дастурда кўтарилган иқтисодий, ижтимоий ва экологик масалалар давлатимиз ривожи учун катта аҳамиятга эга бўлганлиги сабабли, Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарорлари билан Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича шу йилнинг февраль ойида Парламент комиссияси ҳам тузилган.

Шу муносабат билан Олий Мажлис тарихида биринчи маротаба халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ушбу комиссиянинг йиғилиши бўлиб, унда қатнашган халқаро ташкилотларнинг вакиллари  коронавирус пандемияси шароитида Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш юзасидан ушбу комиссияси тузилганлиги ва унинг иш режаси тасдиқланганлиги мамлакатимиз бошқа давлатлар учун ўрнак бўлиши лозимлиги тўғрисида алоҳида таъкидлаб ўтишди. Жорий йилнинг олти ойи давомида Қонунчилик палатасининг бир қатор қўмиталари томонидан ҳам парламент назорати доирасида БРМ Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг ижроси юзасидан тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳисоботлари ҳам эшитилиб, якуни бўйича қўмиталарнинг қарорлари қабул қилинди.

Шу билан биргаликда, Олий Мажлис томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Устави қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган “БМТ 75 йиллиги: келажакка назар” рукни остида “Ўзбекистон ва БМТ: Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги ҳамкорлик” мавзуида халқаро анжуман ўтказилиб, унда БМТ Бош котиби Антонио Гуттереш анжуман иштирокичиларига ўзининг самимий табригини йўллаб, Ўзбекистон томонидан дунёда тинчлик ва давлатлараро тотувликни таъминлаш борасида билдирилаётган ташаббуслари халқаро жамоатчилик ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлигини алоҳида айтиб ўтди.

Халқаро мажбуриятларни бажариш ҳолати қандай?

Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида мунтазам равишда халқаро ташкилотларга ўз ҳисоботини тақдим этиб бормоқда. Муҳими шуки, бу ташкилотларнинг фикр ва хулосалари ўта муҳим бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузига катта таъсир кўрсатади.

2020 йилнинг март ойида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотига “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пактнинг Ўзбекистон ҳукумати томонидан бажарилиши юзасидан Бешинчи даврий ҳисоботини тақдим этган эди. Ушбу ҳисоботнинг якуни бўйича Қонунчилик палатасида видеоконференция шаклида парламент эшитуви бўлиб ўтди. 

Мазкур ҳисоботнинг эътиборли жойи шундан иборатки, унда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси томонидан Ўзбекистон ҳукумати Бешинчи даврий ҳисоботда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, гендер тенглиги соҳасида қабул қилинаётган қонун хужжатлари лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш йўналишида ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитанинг олдинги тавсиялари Ўзбекистон томонидан ижроси таъминланганлиги катта ютуқ, деб эътироф этилган. Бундай ижобий хулоса Ўзбекистон учун жуда муҳим ҳисобланади. Чунки, бошқа давлатлар мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилмоқчи экан, улар биринчи ўринда инсон ва унинг ҳуқуқлари қандай таъминланаётганлигини ўрганиб, бу борада халқаро ташкилотларнинг тавсияларини ҳам инобатга олишади.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш, унинг самарали мониторингини юритиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг  фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириб бориш, пировард натижада давлатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши барчамизга маълумдир. 

Шундан келиб чиқиб, шу йилнинг  май ойида Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилишида биринчи маротаба мамлакатдаги қонун ҳужжатларини инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий нормалар билан уйғунлаштириш, хусусан, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси томонидан халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг парламент эшитуви шаклида ахбороти эшитилди.

Халқаро ташкилотлар, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини инобатга олган ҳолда, Президентимизнинг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан ҳозирги кунда Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя қилинишини назорат қилиш бўйича парламент комиссиясини ташкил этиш юзасидан ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Олий Мажлиснинг “йўл хариталари” — амалда

Бугунги кунда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Олий Мажлис томонидан бу йўналишда  “йўл хариталари” тасдиқланган бўлиб, уларнинг ижроси юзасидан тизимли мониторинг олиб борилмоқда. Шулардан бири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қўшма қарорлари билан тасдиқланган дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш юзасидан “йўл харитаси” ҳисобланади.    

Бу масаланинг ўзига хос аҳамияти шундаки, 2017 йилга қадар дин ва эътиқод масалалари юзасидан БМТ даражасида биронта вакил келиб, бу соҳадаги вазиятни мамлакатимизда ўрганмаган. Айнан шунинг учун БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А. Шаҳид Ўзбекистонга 2017 йилда илк маротаба ташриф буюриб, шахсан ўзи бу масалани ўрганган. Унинг якуний тавсиялари асосида парламентимиз томонидан ҳар йили “йўл харита”лари қабул қилиниб, ижроси назоратга олиняпти.

Ушбу масалага бағишланган видеоконференцияда коронавирус пандемияси шароитида дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида ишлаб чиқилган “йўл хариталари”нинг ижроси Ўзбекистон парламенти томонидан назоратга олинганлиги БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А. Шаҳид ва дунёдаги йирик халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан ижобий баҳоланди.          

  2020 йилнинг 30 июнь куни дунёда Халқаро парламентаризм куни кенг нишонланганлиги муносабати билан Қонунчилик палатасида “БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгаши ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси мисолида БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсияларини амалга оширишда парламентнинг роли” мавзуида онлайн халқаро парламент форуми ўтказилди.

Форумда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида БМТнинг етакчи эксперт ва мутаҳассислари маъруза қилиб, улар Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашнинг тавсияларини бажариш борасида қонунчиликни такомиллаштириб бораётганини ижобий ютуқ, деб эътироф этишди. 

Хулоса қилиб айтганда, онлайн тарзда ўтказилган бу тадбирларнинг эътиборли жиҳати шундаки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида Қонунчилик палатаси очиқлик приниципига таянган ҳолда ўз фаолиятини ташкил этмоқда. Бу унинг халқаро нуфузини янада ошириши билан бир қаторда, мамлакат фуқароларининг парламентга бўлган ишончини янада кучайтиради. 

Шуҳрат БАФАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Демократик институтлар,

нодавлат ташкилотлар ва

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш

органлари қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    195
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+