Ташқи қарз жаҳон молия ташкилотларининг мамлакатимизга ишончи юқорилигини кўрсатади

15.09.2020, 10:27

Ташқи қарз жаҳон молия ташкилотларининг мамлакатимизга ишончи юқорилигини кўрсатади

Давлат ташқи қарзини қайсидир маънода давлатга бўлган “ишонч миқдори” деб ҳам тушунса бўлади. Ахир қарз (ёки инвестиция) дуч келган одамга ёхуд давлатга берилавермайди-ку? Аввал унинг ишончлилиги, иқтисодий имкониятлари ва истиқболлари текишрилади.

Шунингдек, қарзларнинг айримлари узоқ ҳамда ўрта муддатларга олинади, имтиёзли даврда фоиз ставкаси тўланиб, қарз суммаси тўланмайди.

Кўпчиликка яхши маълум, Ўзбекистан давлат қарзи, хусусан, ташқи қарз ва унинг таркиби бўйича расмий маълумотлар эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда, интернет саҳифаларида айримлар томонидан вазиятни тўғри баҳоламасдан туриб, танқидий фикрлар билдирилмоқда.

Аслида бу ҳам ижобий ҳолат. Чунки янгиланаётган Ўзбекистонда ҳар қандай соҳада очиқлик, шаффофлик алоҳида мезон сифатида белгиланган. Лекин давлат ва халқ манфаатлари билан боғлиқ масалаларда муносабат билдириш ёки хабар тарқатишдан олдин кун тартибидаги масалани атрофлича таҳлил қилиб, кейин муносабат билдирилса тўғри бўларди.

Мавжуд вазиятни инобатга олиб, Молия вазирлиги томонидан қанча қарз олинди, қайси соҳалар бўйича, кимлардан ва қайси валюталарда, қандай лойиҳалар молиялаштириляпти, унинг ижрочилари ким, барчаси бўйича аниқ маълумот берилиши кутилмоқда. Ташқи қарзнинг мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши бўйича кенг ва аниқ маълумотларнинг тақдим этилиши бу борада муҳим қадам, десак, муболаға бўлмайди.

Ташқи қарз дунёнинг ҳар қандай мамлакатида мавжуд бўлиб, у давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш натижасида вужудга келадиган мажбуриятлар йиғиндиси ҳисобланади. Давлат ташқи қарзини муҳтожлик туфайли олинган оддий қарз маъносида тушунмаслик керак. Ушбу тушунча мақсадли кредитлар, сармоялар ва бошқа маблағларнинг мамлакат иқтисодиётига кириб келишини билдиради.

Халқимизнинг фаровон ҳаётини ва барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш учун, аввало, инфратузилмани ривожлантириш талаб этилади. Аҳолининг яшаши, ишлаб чиқариш ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиши учун зарур бўлган энергетика, сув таъминоти, транспорт ва коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш учун Ҳукумат томонидан катта микдордаги сармоялар талаб этилади.

Ички имкониятлар чекланган ҳолатда, давлат ташқи қарзи, асосан, инфратузилма, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига йўналтирилмокда. Хусусан, 2020 йилнинг 1-ярим йиллиги якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 29,4 фоизи ёки 5,1 млрд, доллари энергетика соҳасига, 13,0 фоизи ёки 2,2 млрд, доллари транспорт инфратузилмасига, 12,9 фоизи ёки 2,2 млрд, доллари уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.

Бир нарсани тушуниб олишимиз керак. Биринчидан, Ўзбекистоннинг ҳозирги кундаги ташқи қарз микдори жуда ҳам паст даражада, деб ҳисобланади. Буни ўлчашнинг ўзига яраша методикаси бор, масалан, ЯИМга нисбатан улушини олиш мумкин. Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2020 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 19,4 млрд. доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 34,0 фоизни ташкил этади. Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ташқи қарзини ЯИМга нисбатан 55 фоизгача жалб этишни мўътадил ёки барқарор, деб баҳолашини маълум қилган.

Иккинчидан, ташқи қарз хавотирга тушадиган нарса эмас. Агар бу қарз нотўғри сарфланса ёки шаффоф бўлмаган жараёнлар орқали ўзлаштирилса, ана шундагина ҳар қандай хавотир ўринли ва асосли бўлади.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида жуда катта вазифаларни амалга оширишга бел боғланган. Хусусан, келгусида инвестицияларни барқарор жалб этиш ҳам ана шу муҳим вазифалар сирасига киради. Биламиз, инвестиция ўз-ўзидан кириб келмайди. Бунинг учун мамлакатда инфратузилмани ривожлантириш зарур.

Шу маънода, қарз олиб, уни ақл билан, илмга асосланиб, аниқ ҳисоб-китоблар билан сарфлаб, кейинчалик қарзни босқичма-босқич қайтариш жуда ҳам тўғри йўлдир. Пировард мақсад битта — халқимизнинг бугунгидан-да фаровон ва бахтли яшашини таъминлаш. Ўзбекистоннинг бизнес юритиш ҳамда инвестиция киритиш учун энг жозибадор мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминлаш ҳам олдимизда турган энг муҳим вазифадир. Зеро, жаҳоннинг ривожланган давлатлари тажрибасига қарайдиган бўлсак ҳам мазкур амалиёт ўзини тўла оқлаган.

Бу борада бизга ишонч бағишлайдиган яна бир жиҳат шундаки, Президентимиз шу йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида: “Бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назоратни янада кучайтириш зарур. Жорий йилда давлат ташқи қарзининг юқори чегарасини белгиладик. Бундан буён халқаро молия ташкилотларидан олинадиган маблағларни қайтариш имконияти ва уларнинг натижадорлигига жиддий эътибор қаратилади”, деган эди. Бу ташқи қарзни макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳолатини инобатга олган ҳолда жалб этишга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

Шуни қайд этиш керакки, айни пайтда Ўзбекистоннинг ташқи қарз олиши масаласи муҳим. Чунки жалб қилинаётган давлат ташқи қарзлари энергетика, транспорт ва транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, кимё, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш сингари муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳаларга йўналтирилади. Агар четдан маблағ жалб этилмаса, ислоҳотларни Давлат бюджетидан амалга оширишга тўғри келади.

Шу нуқтаи назардан, ташқи қарзни, биринчи навбатда, давлат дастурларини ва давлат зиммасидаги ижтимоий вазифаларни молиялаштиришга йўналтириш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, ташқи қарзнинг мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши бўйича шаффофликни таъминлаш, бу борадаги ахборотлар кенг жамоатчиликка маълум қилинишини ҳам ижобий қадам сифатида баҳолаш зарур.

Умуман олганда, ташқи қарзларни нуфузли халқаро молия ташкилотларининг мамлакатимизга бўлган ишончи, деб баҳолашимиз жоиз. Такрор бўлса-да таъкидлаш ўринли, негаки, қарз ҳар қандай давлатга ҳам берилавермайди. Аввало, қарз олувчининг ишончлилиги, иқтисодий имкониятлари ва истиқболлари обдан кўздан кечирилади.

Мавжуд таҳлиллар, мамлакатимизнинг ички ресурс ҳамда имкониятларини, қолаверса, янги ислоҳотлар самарасидан келиб чиқиб шуни ишонч билан айтиш мумкинки, давлат ташқи қарзи борасида тушкунликка ёки хавотирга тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Жараён аниқ таҳлил ва ҳисоб-китобларга таянган ҳолда олиб бориляпти.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    428
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+