O’zLiDeP Андижон шаҳар Кенгашидаги БПТлар фаолияти таҳлил қилинди

21.09.2020, 18:02

O’zLiDeP Андижон шаҳар Кенгашидаги БПТлар фаолияти таҳлил қилинди

Бошланғич партия ташкилоти партиянинг таянч нуқтаси. Мана шу бўғинни жонлантириш бутун сиёсий майдонни ҳаракатга келтирувчи кучга айланиши мумкин. Агар унинг фаолиятида сусткашликка йўл қўйилса, камчиликлар бор бўйи билан юз очаверади.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси Хуршидахон Халилованинг янги фаолиятни айни қуйи бўғинлардан бошлагани ҳам бежиз эмас, албатта. Янги раҳбарнинг фикрича, фаолликни бошланғич партия ташкилотларидан бошлаш керак, улар партиянинг юраги, халқ тили билан айтганда, “мотори”.

  Ишчи гуруҳнинг навбатдаги ўрганиш ишлари партия Андижон шаҳар Кенгашида давом этди. Ҳудудий Кенгаш тасарруфида 56 та бошланғич партия ташкилоти мавжуд. 31 та қуйи бўғиннинг фаолияти намунали, тажрибаси ўргангудек. Айни кунга қадар аъзолик бадаллари ортиғи билан тўланган, албатта, бунда БПТлар фаолиятининг самарадорлиги муҳим. Партия Андижон шаҳар Кенгаши учун белгиланган режа фоизи ортиғи билан бажарилиб келинган.

Бироқ пандемия сабабли тушум режасининг бажарилиши 48,5 фоизга тушиб кетган. Ўрганиш жараёнларида ташкил қилинган давра суҳбатида мазкур муаммога депутатлар томонидан аниқ ечимлар топилди.

-Олдимиздаги биринчи вазифа фаолияти қониқарли бўлмаган 25 та бошланғич партия ташкилотини жонлантиришдир, - дейди O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши БПТлар билан ишлаш гуруҳи раҳбари Диёрбек Абдусаматов. – Аслида улар ҳам ишлайди, фақат айни вазият сабабли иқтисодий муаммоларга дуч келишди. Бугунги давра суҳбатида камчиликларни бартараф этишга келишиб олдик. Таклифлар асосида қуйин бўғинлардаги фаолиятни янада жонлантиришга кўмаклашамиз.

Барча жойларда бўлгани каби халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашидаги маълум сабабларга кўра бўшаб қолган депутатлик ўринларига сайловлар белгиланди. Давра суҳбатида мазкур масала ҳам атрофлича таҳлил қилинди.

-Андижон шаҳридаги 28-Меҳнат ҳамда 30-Жалабек сайлов округларида жорий йилнинг 11 октябрь куни халқ депутатлари маҳаллий кенгаш депутатлигига сайлов ўтказилиши белгиланган, - дейди O’zLiDeP Андижон шаҳар Кенгаши раиси Бахтиёржон Турдиев. – Салоҳиятли номзодлар рўйхатини шакллантирганмиз. Партиямиздан сайланган депутатларимиз сафи кенгайиши учун ҳаракат қиламиз.

Айни кунда халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашида 15 нафар O’zLiDeP депутати фаолият олиб бормоқда. Барчалари янгиликка интилувчан, шижоатли, ғайратли, ташаббускор. Бир сўз билан айтганда, фидойи! Сайловчилари мамнун. Улар сафини кенгайтириш эса муҳимдир.

Зилола Раҳмонова,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    427
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+