O’zLiDeP Press Klubi”да “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишдаги вазифалар муҳокама қилинди

16.10.2020, 15:59

O’zLiDeP Press Klubi”да “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишдаги вазифалар муҳокама қилинди

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда ижро органлари билан Парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳамкорлиги” мавзуида очиқ мулоқот ташкил этилди.

“O’zLiDeP Press Klubi”нинг навбатдаги очиқ мулоқотида Президентимизнинг жорий йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловолди дастурида “Янги Ўзбекистон: “рақамли” ва ахборот жамиятига эга мамлакат”, деган ғоя илгари сурилган. Партия ҳозирги ахборот жамияти шаклланиши шароитида ахборот ва билимлар тараққиётнинг стратегик омилига айланган бир даврда мамлакат ривожланиши ва унинг рақобатбардошлигини таъминлаш замонавий ахборот-коммуникация ва “рақамли” технологияларни жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларига қанчалик жорий этилиши билан боғлиқлигини эътироф этиб, ушбу йўналишда комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф этган эди.

Хусусан, партия “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини жорий этиш, “ақлли”, “хавфсиз” шаҳар, “Интернет буюмлар” технологияларини кенг жорий қилиш, телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, ушбу асосда мамлакат ЯИМнинг 30 фоизга ўсиши ҳамда “рақамли иқтисодиётга тайёрлик” ва “АКТ ривожланиши” халқаро индекслари бўйича илғор давлатлар қаторига киришни таъминлашни устувор вазифа деб билади. 

Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармонида белгиланган устувор вазифалар ҳам партия ғояларига ҳамоҳанглиги билан ғоят аҳамиятлидир.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимининг жадал рақамли ривожланишини таъминлаш, шу жумладан электрон давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Мазкур Стратегия Ўзбекистон Республикасининг рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари ҳамда ўрта ва узоқ муддатли истиқболли вазифаларини белгилайди, шунингдек, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, рақамли технологияларни янада кенг жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Фармонга мувофиқ, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланиб, биргина 2020-2022 йилларда ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш доирасида аҳоли пунктларини интернет тармоғига улаш даражаси, жумладан, кенг поласали уланиш портларини 2,5 миллионгача кўпайтириш, 20 минг километр оптик толали алоқа линияларини қуриш ва мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш орқали 78 фоиздан 95 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Иқтисодиётнинг реал секторида рақамли технологияларни ривожлантириш борасида қатор вазифалар белгилаб олинган. Хусусан, саноат корхоналарида замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш дастурларини ушбу корхоналарни технологик қайта жиҳозлаш дастурлари билан уйғунлаштириш, корхона таъминотининг барча босқичларини автоматлаштириш ва бошқаришни таъминлаш, шунингдек, бу орқали логистика ва харид харажатларини қисқартириш; замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш ҳисобига маҳсулотлар ва хизматлар сифатини яхшилаш, уларнинг таннархини, ишлаб чиқаришдаги тўхталишларни камайтириш, молиявий-иқтисодий фаолиятнинг шаффофлигини ошириш масалалари  қамраб олинди.

Энг муҳими барча соҳалар қатори рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда ҳам кўплаб йўналишларни ўз ичига қамраб олган бўлиб, тадбиркорлик субъектлари, қишлоқ хўжалиги ва томорқа хўжаликлари, кластерлар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинган.

Очиқ мулоқотда Фармон билан тасдиқланган стратегия, дастур, йўл харита ва вазифаларни сўзсиз ижросини таъминлаш масалаларини бир қатор вазирлик ва ташкилотлар, соҳа вакиллари, жамоатчилик ва ижро органлари билан масалаҳаташув шаклида муҳокама қилишди.

  • Кўрилди
    230
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+