O'zLiDeP фракцияси: 340 мингта объектнинг кадастр қиймати белгиланмаган

19.10.2020, 15:42

O'zLiDeP фракцияси: 340 мингта объектнинг кадастр қиймати белгиланмаган

Мамлакатимизда кадастр ва ер ҳисобини юритиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари эскиргани, ҳисоб-китоб бўлмагани сабабли минглаб гектар ерлар талон-торож бўлиб кетган. Хусусан, 340 мингта объектнинг кадастр қиймати белгиланмаган. Бир миллиондан ортиқ уй-жойнинг кадастр ҳужжати йўқ. Демак, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш учун ер ҳисобини аниқ юритиш, бу борада адолатни таъминлаш зарур.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада янги босқични бошлаб берди. Чунки мазкур ҳужжатда соҳани илғор тажриба асосида ислоҳ қилиш, янгича бошқарув тизимини жорий этиш, ернинг ҳисобини тўлиқ юритиш ва рақамлаштириш бўйича комлекс вазифалар белгиланган.

Бугун, 19 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида бу ҳақда маълум қилинди.

Унда дастлаб Президентимиз раислигида 15 октябрь куни давлат кадастрларини юритишнинг янги тизимини самарали ташкил этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган ва ундан келиб чиқадиган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, жорий йилда 50 мингга яқин ҳолатда 11 минг 200 гектар ер ўзбошимчалик билан эгалланган, шундан 3 200 гектарда ноқонуний уй-жой қурилган. Буларнинг 99 фоизи суғориладиган, унумдор қишлоқ хўжалиги ерлари. Аграр ерларни назорат ва экинларни мониторинг қилиш мақсадида ҳар бир туман дрон билан таъминланса, бу борадаги муаммолар бартараф этилиши мумкин.

Йиғилишда ердан унумли фойдаланиш, соҳа равнақига тўсиқ бўлаётган камчиликларни узил-кесил бартараф қилиш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси аъзолари жойларда доимий назорат ва мониторингни олиб бориши кераклиги таъкидланди.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлилиги халқ розилигининг асосий омилларидан бири. Шу боисдан коронавирус пандемиясининг нарх-навога таъсири инобатга олиниб, жорий йил апрель ойидан бошлаб асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти божхона тўловларидан озод қилинди.

Лекин шунга қарамай, охирги вақтларда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар маҳсулотларининг нархи кескин ошди. Дунё бозорида ўтган 9 ойда ўсимлик ёғи 15 фоизга, Ўзбекистонда эса 26 фоизга ортган. Шакар нархи 5 фоизга камайишига қарамасдан, юртимизда 23 фоизга қимматлаган.

Фракция йиғилишда Президентимиз раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимида ҳудуд аҳолисининг кейинги йил майгача гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёзга бўлган эҳтиёжи, бу маҳсулотларни қачон, қаердан олиш бўйича аниқ ҳисоб-китоб бўлиши керак.

– Озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан бири саналади, – деди O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов. – Негаки, озиқ-овқат хавфсизлиги мамлакат аҳолисини шу каби асосий маҳсулотлар билан ўзини ўзи, мустақил таъминлашга қодирлигини ифодалайди. Айтиш мумкинки, бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш баробарида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали бошқа мамлакатларнинг озиқ-овқат таъминотига ҳам ҳисса қўшмоқда. Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигидаги ҳар томонлама пухта ўйланган ва узоқни кўзлаган сиёсати, кенг кўламли ислоҳотларининг самарасидир.

Йиғилишда бугунги кунда Президентимиз томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўйилган стратегик вазифаларни амалга оширишда O'zLiDeP фракцияси аъзолари жонбозлик билан меҳнат қилиши лозимлиги таъкидланиб, видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинди.

Қонунни бузганга жазо муқаррар. Ҳудди шундай чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш ёки чиқариб қўйиш учун қонунчилигимизда жазолар белгиланган. Хусусан, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 91-моддасида кўрсатилганидек фуқаро ноқонуний жойга чиқиндини ташлайдиган бўлса, ҳозирги кунда 669 минг сўм жарима тўлайди.

Лекин шунга қарамай айримлар томонидан қонунни қасддан бузиш ҳолатлари давом этмоқда. Энг ёмони, кўплаб фуқаролар ўз хонадонларида ҳосил бўлаётган маиший чиқиндиларни автотранспорт воситалари ёрдамида белгиланмаган жойларга чиқариб ташламоқда.

Масалан, маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш бўйича 2017 йилда 3 144, 2018 йилда 5 543 ва 2019 йилда 13 948 та ҳолат бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар қайд этилиб, жами 4,4 млрд. сўм миқдорда жарима ундирилган. Бу борада олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, айрим юртдошларимиз чиқиндини белгиланмаган, дуч келган жойга ташлаш мумкин эмаслигини тушуниб етмаяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг аввалги йиғилишида депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлган ҳужжатлардан бири “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси бўлган эди.

Йиғилишда депутатлар “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 911-моддасида (Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш) санкциясидаги жарима миқдорларини ошириш, шу билан бирга модданинг иккинчи қисмига ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиш қанчалик тўғри бўлади,  деган саволларни  ўртага ташланган эди.

Шунингдек, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун мўлжалланган объектларда, автотураргоҳлар ва автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш майдончаларига кириш (чиқиш) йўлида махсус чиқинди қутилари қўйилмагани айтилиб, бир қатор саволлар кўтарилган эди.

Узоқ давом этган баҳс-мунозаралар, тортишувлардан сўнг, барча саволлар очиқ қолгани, уларга батафсил ва аниқ жавоблар берилмагани сабабли мазкур қонун лойиҳаси кун тартибидан чиқарилган эди.

Бугун, 19 октябрь куни бўлиб ўтган парламент қуйи палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар ўтган йиғилишда кўтарилган масалалар инобатга олингани, шунингдек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали фуқароларнинг экология ва атроф-муҳитни асраш борасидаги масъулиятини янада оширилишига эришилишини айтиб, қонун лойиҳасини маъқулладилар.

Йиғилишда шунингдек, “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги ва “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунида фракция ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    165
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+