Бухоролик ишбилармон аёл “Темир дафтар”га кирган 130 нафар аёлларни ишли қилмоқчи

26.10.2020, 10:32

Бухоролик ишбилармон аёл “Темир дафтар”га кирган 130 нафар аёлларни ишли қилмоқчи

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан “Ишбилармон аёл-2020”  кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда мазкур танловнинг туман, шаҳар босқичлари ғолиблигини қўлга киритган тадбиркор аёллар қатнашди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳар бир иштирокчини  танлов шартларидан келиб чиқиб, фаолияти қанчалик самарали эканлигини ўрганди.

Пешкўлик Дилафрўз Ҳамдамова матоларга гул ва безак босишда кўп йиллик тажрибага эга моҳир ҳунарманд сифатида танилган. У “Нафис Дилдора Дурдона” масъулияти чекланган жамияти ва “Ҳамдамова Дилафрўз Шариповна” оилавий корхонаси раҳбари.  Айни пайтда 40 нафар чеварни касаначилик асосида бандлигини таъминлаган. Чеварлар қўлида тайёрланаётган маҳсулотлар валюта ҳисобига чет элдан келтирилаётган импорт ўрнини босмоқда. Бу маҳсулотларнинг нархи эса хориждан келтирилган маҳсулотлардан уч баравар арзон. Қолаверса, ҳунарманднинг айтишича, ички бозорнинг ўзида бу маҳсулотларга талаб ортиб бормоқда. Буюртмаларга улгуришнинг ўзи бўлмаяпти. Шу боис тадбиркор аёл янги лойиҳа устида изланмоқда.

—Яқинда инновацион лойиҳамни амалга ошириш учун банкдан 1 миллиард сўм кредит олдим, — дейди Дилафрўз Ҳамдамова. — Хитой давлатидан тўқув станоглари келтираяпман. Энди женфер ва қалпоқ тўқишни ҳам йўлга қўяман. Бу билан лойиҳанинг бир қисми амалга ошади. Яъни 50 та иш ўрни яратилади. “ноль” қийматда бўш турган бино олиш бўйича ҳам иш олиб бораяпман. 5 миллиард сўмлик субцидия ажратилиши учун ҳам тегишли ташкилотга мурожаат қилганман. Агар яқин келажакда бу маблағ ажратилса ва бўш бино берилса, 700 нафар хотин-қизни доимий иш билан таъминлайман. Пешкў туманининг ўзида 130 нафар “Темир дафтар”га кирган аёллар рўйхатга олинган. Мен уларнинг барчасини иш билан таъминлаб, шу рўйхатдан чиқараман. Тадбиркорлик борасидаги изланишларим натижасида айни пайтдаги айланма маблағларим 1 млрд сўмдан ошди.

Бухоро шаҳридаги моҳир ҳунарманд  Умида Кабирова миллий ва замонавий услубдаги либослар тикиш бўйича малакали устоз даражасига етган. У 15 йилдан буён тадбиркор-дизайнерлик билан шуғулланади. Умида Кабирова Қозоғистон, Ҳиндистон, Будапешт, Туркия, Германия сингари ўнлаб давлатлардаги танловлар, кўргазма ва фестивалларда қатнашган. Умида Кабирова  яратган ўзгача услубдаги кийим-кечакларни аксарият ҳолларда машҳур инсонлар харид қилишади. Айни пайтда Умида Кабирова 20 кишини иш билан таъминлаган. Унинг янги лойиҳаси амалга ошса, яна 50 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланади.

—Нон ва нон маҳсулотлари ҳамда миллий ширинликлар, пишириқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйганман, — дейди жондорлик ёш тадбиркор Меҳрангиз Қаюмова. — Яқинда макарон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ва фитнес клуб фаолиятини ҳам йўлга қўяман. Бу биланга яна 20 га яқин иш ўрни яратаман.

Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, Дилафрўз Ҳамдамова танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Моҳир ҳунарманд  Умида Кабирова иккинчи ўринга лойиқ деб топилди. Рақобатчиларидан анча ёш Меҳрангиз Қаюмова эса учунчи ўрин билан кифояланди

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга партиянинг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    230
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+