O'zLiDeP фракцияси Ҳукумат ҳисоботини эшитмоқда

26.10.2020, 16:01

O'zLiDeP фракцияси Ҳукумат ҳисоботини  эшитмоқда

Айни дамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг видеоконференц алоқа тарзидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда.  

Йиғилишда фракция аъзолари “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 2020 йил учинчи чорагида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини тингламоқда.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2020 йил 2 мартдаги тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланган.

Давлат дастури 284 та банддан иборат бўлиб, унинг 163 та бандида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан 37 та қонун, 126 та Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, 121 та чора-тадбирлар дастурлари
ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Дастур доирасида жами 111 та, шундан Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича – 15 та, Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишида – 7 та, Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишда – 43та  ҳужжатлар қабул қилинган.

Қайд этилишича, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизими йўналиш бўйича 1 та Ўзбекистон Республикаси қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 та фармони ва 1 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг қарори 1 та қабул қилинди.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги тегишли фармони билан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” ҳамда ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

Прописка тизимини ислоҳ қилиш мақсадида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, “Ўзбекистон Республикасида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Натижада бугунги кунда жами 113 минг 877 нафар шундан, Тошкент шаҳри бўйича 113 минг 877, Тошкент вилояти бўйича 34 минг 368 нафар фуқаролар доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинди.

Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг
устувор йўналиши бўйича Президентимизнинг 10 та фармони ва, 7 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 9 та қарорлари қабул қилинди. Шунингдек, 3 та идоравий ва идоралараро норматив-ҳужжатлар, 12 та чора-тадбирлар дастур ва режалар, амалий чора-тадбирлар, 2 та йўл-хариталари тасдиқланди.

Пандемия шароитида аҳолининг муҳтож қатламини моддий ва номоддий қўллаб-қувватлашни тизимли амалга ошириш мақсадида жойлардаги 4 та сектор, маҳалла органлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари билан биргаликда эҳтиёжманд, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати – “темир дафтар” ташкил этилди.

Президентимизнинг 2020 йил 30 июлдаги фармонига мувофиқ, “темир дафтар”га киритилган, ҳақиқатда муҳтож, ночор ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Қурбон Ҳайити байрами арафасида 182 мингдан ортиқ оилага 154 млрд сўм моддий ёрдам ажратилган бўлса, август ойида жон бошига 220 минг сўмдан 280 минг оилага 260 млрд сўм бир марталик моддий ёрдам ажратилди.

Пандемиянинг салбий таъсирини юмшатиш мақсадида Президентимизнинг тегишли фармонларига асосан солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига нисбатан 5,4 трлн.сўмлик қуйидаги имтиёзлар ва енгилликлар қўлланилди.

Жумладан, ташқи савдо операциялари билан шуғулланган 4 715 та субъектларнинг муддати ўтган 256 млн долларлик дебитор қарздорликларига нисбатан 2,6 трлн сўмлик жарималар қўлланилмади. Тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз ишлашига шароит яратиш мақсадида 55 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг 700 млрд сўмлик солиқ қарзини ундириш тўхтатилди.

Вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган 2 845 та субъектларни 135,5 млрд сўмдан ортиқ қарзларини тўлов муддатини кечиктириб берилиши натижасида, пандемия вақтида улар томонидан 91 мингта иш ўринларини сақлаб, иш ҳақи тўлаб бериш ва фаолият кўрсатиб янги солиқ базасини яратишлари ва май-сентябрь ойларида бюджетга
625 млрд.сўм солиқларни тўлаб бериш имконияти яратилди.

Фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган 100 мингга яқин якка тартибдаги тадбиркорларга 259 млрд сўмлик жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий суммаси ва 250 мингга яқин якка тартибдаги тадбиркорларга 155 млрд сўмлик ижтимоий солиқ суммалари ҳисобланиши тўхтатилди.

Республикада 2020 йил 1 сентябрь ҳолатига жами рўйхатда ўтган субъектлар сони 409 мингтани ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан тадбиркорлик субъектлари сони 75 мингтага (122,5 фоиз) кўпайди. Энг муҳими, жорий йилнинг 8 ойида 61 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

Ҳисобот даврида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини ошириш, интенсив технологиялар ва инновацион ишланмаларни кенг жорий қилиш, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам улкан ишлар қилинди.

2020 йилда фермер хўжаликлари томонидан суғориладиган майдонларда гектаридан ўртача 57,5 центнердан, лалми майдонларда ўртача 11 центнердан ҳосил олиниб, жами 6 млн 408 минг тонна дон етиштирилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрсида” қарори қабул қилиниб, мазкур қарорга мувофиқ, республикада жами 1 млн 224 минг гектарда кузги бошоқли дон экиш белгиланган. Шундан, 1 млн 38 минг гектарни суғориладиган, 186 минг гектарни лалми майдонлар ташкил қилади.

Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонига асосан фойдаланишга чиқиб кетган 61,4 минг гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилди.

Йиғилишда сўз олган O'zLiDeP фракцияси аъзолари партиянинг мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришмоқда.

  • Кўрилди
    223
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+