Фарғонада O‘zLiDeP тарғиботи доирасида хайрия тадбирлари давом этмоқда

20.11.2020, 16:39

Фарғонада O‘zLiDeP тарғиботи доирасида хайрия тадбирлари давом этмоқда

O‘zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши томонидан партия ташкил топганининг 17 йиллигига бағишлаб “O‘zLiDeP 17 ёшда: 17 минг оилага саховат ва кўмак” лойиҳаси ҳам катта ташаббускорлик билан қарши олинди. Вилоят ва туман Кенгаши депутатлари ҳудудларда сайловчилар муаммоларини ўрганиб, уларни ижобий ҳал этишга астойдил киришдилар. Жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатлари кўздан кечирилди, эҳтиёжманд оила вакилларига озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.

Хусусан, O‘zLiDePдан сайланган Фарғона шаҳар Кенгаши депутати Муҳаммаджон Пўлатовга Сурхтепа маҳалласи “Заковат” кўчаси 29-уйда яшовчи Муҳаммаджон Ғофуровдан иссиқхона ташкил этиш учун имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат килинган эди.

Депутат ёрдами билан 29.млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олиниб, Сурхтепа бошланғич партия ташкилоти раиси Матлубахон Мамаюсупова назорати остида иссиқхона барпо этилди. Ушбу иссиқхонага фуқаро томонидан 1200 туп помидор кўчатлари ўтказилди.

–  Ушбу кўмак учун депутат ва партия фаолларидан миннатдормиз, – дейди М.Ғофуров шодлигини яширмай. – Ҳосилни янги йил арафасида халқимиз дастурхонига етказиб берамиз.

“O‘zLiDeP 17 ёшда: 17 минг оилага саховат ва кўмак” лойиҳаси Тошлоқ туманида ҳам ҳамжиҳатликда ўтказилди.

Унда партиянинг туман Кенгаши депутатлари А.Джўрабоев ва Х.Хасановлар тумандаги Хонақа маҳалласи Турклар кўчасида истиқомат қилувчи С.Маллабоевнинг хонадонида бўлдилар. Бу фуқаронинг тўрт хонали уйи яқинда тўлиқ ёнган эди. 

Депутатлар С.Маллабоев хонадонида бўлишиб, олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишишди.  Шунингдек, бу оилага хомийлик асосида шифер етказиб берилди.

Лойиҳа доирасида Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Р.Исмаилов томонидан 41-“Урганжибоғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Р.Абдураҳимовга ногиронлик аравачаси олиб берилди.

Бундан ташқари, Марғилон шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан Узун ҳовуз МФЙда яшовчи 15 нафар фуқароларга ун тарқатилди, 5 та оилаларга 4-Оилавий поликлиника томонидан бепул дори-дармон берилишига амалий ёрдам кўрсатилди.

Бир сўз билан айтганда, Фарғонада O‘zLiDeP тарғиботи доирасида ана шундай хайрия ишлари давом этмоқда.

Шерзоджон РАХМАНҚУЛОВ,

O‘zLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши

 бўлим мудири.

  • Кўрилди
    157
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+