Бувайдаликларни қийнаётган муаммоларни мутасаддилар ўз вақтида бартараф этиши керак

01.12.2020, 17:07

Бувайдаликларни қийнаётган муаммоларни мутасаддилар ўз вақтида бартараф этиши керак

Бувайда туманидаги қишлоқ ва маҳалаларда яшовчи аҳоли вакиллари билан учрашувлар эканман, улар томонидан кўтариб чиқилган муаммоларни бартараф этиш, ҳудудда аҳоли турмуш даражасини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этишини юрак-юракдан ҳис қилдим. Юртимизда совуқ ҳаво ҳукмронлик қила бошлаган кезларда газнинг босими пасайгани, электр чироқлари тез-тез ўчиб қолаётгани, суюлтирилган газ таъминотида узилишлар бўлаётгани ва бошқа ижтимоий муаммоларни одамлар билан юзма-юз туриб таҳлил қилдим ва уларнинг дардига шерик эканимни айтишдан чарчамадим.

Шу ўринда мен одамларга қишлоқлардаги бу каби турмуш қийинчиликларини бартараф этишда давлатимиз раҳбаридан тортиб, барча вазирликлар, сенаторлар ва депутатлар бир ёқадан бош чиқириб иш олиб боришаётганини айтдим. Қишлоқларимизда қиш ойларида юз бераётган бу каби узилиш ва камчиликларни кўтариб, жар солишга ҳам ҳожат йўқ. Муаммо тегишли ташкилотларга етказилдими, демак ҳал этиш йўллари изланмоқда.

Қолаверса, мен учрашувга туман электр тармоқлари ҳамда газ идораси раҳбарлари билан бирга бордим. Улар аҳоли мурожаатларини ўзлари эшитишди, баъзи муаммолар шу ернинг ўзида ҳал бўлди, баъзиларига эса муддат белгиланди. Икки кун давомида Найман, Қора қум, Қум, Элобод, Буви мозор, Бачкир, Жала ер, Урганжи Жийдали, Кургана, Янги қишлоқ, Янги қўрғон, Оқ қўрғон маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли билан учрашувлар ўтказдим. Шу ўринда туман ҳокимлиги раҳбарларига “Бачкир”, “Жалаер” ва “Урганжи” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҚВПларда аҳвол жуда оғирлигини, таъмирлаш ишларини тез орада бошлаш лозимлигини қаттиқ тайинладим.

Энди депутат бўлиб сайланганимда аёлларни соғломлаштириш учун фитнес клуб қуриш лойиҳасини илгари сургандик. Яқинда Бувайдада бу фитнес клуб очилибди. Бориб кўриб, жуда қувондим, хотин-қизлар жуда мамнун, турли машқларни бажариб, саломатлигини муҳофаза қилишмоқда. Бинобарин, Президентимизнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида амалга оширилган бу ишларни келгусида янада кенгайтиришни режалаштирганман.

Энг ўткир бир муаммо мени жуда қийнади. Қишлоқ мактабларида ўқийдиган болалар сони 2-3 баравар ошибди, ишсиз ёшлар сони ҳам ўсиб бораяпти, йўллар таъмирталаб. Бу долзарб масалаларни мамлакат миқёсида ҳал этиш учун парламентга таклиф киритишни мўлжаллаяпман.

Мавлуда ИБРАГИМОВА, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    235
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+