Бухоролик тадбиркорларнинг муаммо ва таклифлари ҳамда фаолиятлари ўрганилди

02.12.2020, 09:56

Бухоролик тадбиркорларнинг муаммо ва таклифлари ҳамда фаолиятлари ўрганилди

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходимлари ва депутатлар Бухоро вилоятидаги тадбиркорлик субьектлари, улардаги муаммо ва таклифларни ўрганди. Партия вакиллари дастлаб “BCT Cluster” кластерида бўлиб, у ерда ишчи-ходимларга яратилган шарт-шароитлар, пахта толасидан ишлаб чиқарилаётган женси матосидан тайёрланаётган либосларининг сифати, кластердаги маркетинг тизими, яқин келажакдаги режалари билан қизиқди.

Таъкидландики, Бухорода бешта фабрикадан иборат мазкур тўқимачилик мажмуаси негизида республиканинг ўзида 50 та савдо дўкони очилмоқда. Жумладан, Германиянинг Мюнхен, Дрезден сингари йирик шаҳарларида ҳам бу ишга киришилган. Кластер мутасаддиларининг фикрича, яқин келажакда Европа давлатлари, Болтиқбўйи республикалари, Япония ҳатто жинси ватани АҚШда ҳам юзлаб савдо шохобчалари очилади.

Партия вакиллари Республика халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари "Ҳунарманд" уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси фахрий аъзоси, зардўз уста Бахшилло Жумаевнинг устахонасида, шунингдек, “Бухоробалиқ” МЧЖ кластерида, “Маржон стом сервис”, “Ғиждувон диагностика маскани” корхоналарида,  "Buxara Varnet" МЧЖ, шунингдек, яна бир қатор тадбиркорлик субектларида бўлиб, ишбилармонларга фаолиятларини янада ривожлантиришлари учун ўзларининг таклифларини билдирдилар.

—"Buxara Varnet" МЧЖ 2018 йил ташкил топган. Асосий фаолият тури замонавий, ойнаванд иссиқхоналар қуриш. Бугунги кунда ишчилар сони 300 кишини ташкил қилмоқда, — дейди бош директор ёрдамчиси Содиқжон Азизов. — Ҳозирда (кўргазма учун)  3 гектар майдондаги иссиқхонамизда 6 хил турдаги помидор маҳсулотлари етиштираяпмиз. Етиштириладиган помидорлар ички ва ташқи бозорларга етказиб берилади.

—“Маржон стом сервис”, “Ғиждувон диагностика маскани” корхоналари раҳбари сифатида айтишим мумкинки, Юртбошимиз биз тадбиркорларга яратиб бераётган шароитлари ўз самарасини бермоқда. Бунга пендемия даврида тадбиркорларнинг оғир шароитдаги аҳоли қатламига қилган саховатидан ҳам билсак бўлади. Биргина ўзимизнинг ташкилот томонидан 50 та оилага 7 млн. 500 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатдик. Саховат ва кўмак фондига 5 млн. лик ҳомийлик маблағларини ўтказиб бердик. Ўша оғир даврда МСКТ, МРТ сингари тиббий ускунларимиздан кўплаб ғиждувонликлар бепул фойдаланишига шароит яратдик. Ишчи-ходимларимизни ҳам бир неча бор моддий қўллаб-қувватладик.

Ўтган йиллар давомида ҳам худди шундай йўл тутдик. Яъни 2018 йилда 250 дан ортиқ эҳтиёжмандларни бепул тиббий кўрикдан ўтказдик. 2019 йили 600 дан зиёд беморларга хорижий мутахассислар томонидан бепул диагностик  хизматни ташкиллаштирдик. Хусусий тиббиёт муассасамизда ҳар йили деярли 100 мингга яқин беморларга хизмат кўрсатамиз.

—O’zLiDeP аъзоси, “Совға устозодаи зардўзон” оилавий корхонаси БПТ раисиман, — дейди моҳир зардўз Бахшилло Жумаев.  — Менинг ижодий ишларим дунёнинг 25 мамлакатида, жумладан, Испания, Мали, Тунис, Греция, Франция, Туркия, Германия, Япония, Покистон, Швецария, Австрия каби давлатларда ўтказилган халқаро кўргазмаларда намойиш қилинган.  1994 йилда Покистонда бўлиб ўтган 1 халқаро “Усталар иш устида” фестивалида қатнашиб, 1- даражали диплом билан тақдирландим.

1999 йилда “Совға” зардўзлик марказини ташкил этдим. “Ташшабус-97” кўрик-танловининг Республика босқичи ғолибига айландим. Мен раҳбарлик қилаётган “Совға” зардўзлик маркази 2003 йилда “Сифат олтин юлдузи” халқаро танлови ғолиби  бўлди.  2009 йилда “Шухрат” медали билан тақдирландим. Ҳозирга қадар  500 дан ортиқ шогирд тайёрладим. 50 йилдан буён  зардўзлик билан шуғулланиб келаяпман.

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходимлари  Бахтиёр Рухиддинов ва Насим Алимовлар Ғиждувонда депутатлар, тадбикорлар билан учрашиб, тадбиркорлик соҳасида учраётган муаммолар ва таклифлар борасида фикр алмашдилар.

—2002 йилдан буён ҳозиргача Россия федерациясида, савдо соҳасида ишладим, — дейди айни пайтда Гаждумак МФЙда яшовчи Ҳомид Ҳакимов. — Яқинда ватанимга қайтдим. Етарлича маблағим бор. Менга Қуйи Мирзаён қишлоғидан 30 сотих ер керак, шу жойда жамонавий типдаги магазин очиб, қурилиш материаллари савдосини йўлга қўймоқчиман. Бир неча ёшларни иш билан таъминлашга ваъда бераман.

Тадбир давомида мурожаатларнинг асосий қисми имтиёзли кредит олиш ва тадбиркорлик учун жой ажратиш масаласида бўлди.

Бухоро шаҳридан бошланган ўрганишлар Ғиждувон туманида ниҳоясига етди.

O’zLiDeP Бухоро вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    491
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+