Муборакда ўтказилган мулоқотда тадбиркорлар муаммоси ҳал этилдими?

02.12.2020, 11:11

Муборакда ўтказилган мулоқотда тадбиркорлар муаммоси ҳал этилдими?

Муборак туманида маҳаллий Кенгаш депутатлари “Сариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракаси – Ўзбекистон либерал демократик партиясининг “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форуми доирасида ўтказилган бу тадбирда халқ вакиллари билан бирга тумандаги банк, солиқ, молия, туман ҳокимлиги ҳамда партиянинг вилоят Кенгаши ходимлари иштирок этишди.

Қизғин ва муросасиз кечган мулоқотларда қишлоқ тадбиркорлари ва фуқароларининг кўплаб мурожаатлари ўрганилиб, баъзилари шу ернинг ўзида ҳал этилди. Хусусан, фуқаро Толиб Холмирзаев банк кўмагида таъминотчидан 3 миллион сўмга 2 бош қўй сотиб олган, лекин банк томонидан ортиқча 600 минг сўм тўлаб бериш талаб қилинган. Айнан шу муаммо банк ходими иштирокида ўрганилди ва ортиқча талаб қилинган маблағ Толиб Холмирзаев зиммасидан соқит қилинди.

Ширинликлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган кичик корхона очиш ҳаракатида юрган Бекзод Тўраев бу тадбирда иштирок этганидан жуда хурсанд бўлди. Сабаби банк ходимлари унга 40 миллион сўм кредит расмийлаштириш борасида зарур маълумотлар берди. Холмирза Чориев анча вақтдан буён тузни қадоқлаш корхонаси барпо этиш бўйича ҳаракат қилиб юрганини, бу масалага ечим топилмаётганини баён этди. Туман солиқ, молия ва банк вакиллари унга бу борада тавсия ва маслаҳатлар беришди.

Актам Шералиев “Сариқ” МФЙ ҳудудидаги қишлоқлар ерлари шўр босиб кетаётгани, аҳоли томорқаларида дарахтлар қуриб бораётгани ҳақида мурожаат қилди. Бу масала депутатлар томонидан ўрганилиб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилиши белгиланди.

Муборакдаги мулоқотлар жуда мароқли ўтди. Энг муҳими, унда иштирок этган 20 нафарга яқин тадбиркор ва фуқаронинг ҳар бири ўзлари учун зарур тавсия, маслаҳат ва фойдали фикрларга эга бўлишди.

O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    221
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+