Аёлларнинг маънавиятли ва ҳуқуқий саводхон бўлиши – бугунги куннинг энг муҳим вазифаси

03.12.2020, 16:46

Аёлларнинг маънавиятли ва ҳуқуқий саводхон бўлиши – бугунги куннинг энг муҳим вазифаси

Юртимизда оилаларни мустаҳкамлаш, айниқса, ёш оилалар ҳақида ғамхўрликларни кучайтириш, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир.

Бу ҳақда фикр юритганда истаймизми, истамаймизми, кўз ўнгимизга бугун жамиятда ўз ўрнини топа олмаган, ишсиз, ҳунарсиз ва оиласида тинчи бузилган аёллар келади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аёлларнинг бундай оғир аҳволга тушиб қолишига энг аввало билим ва маънавий дунёқарашнинг пастлиги сабаб бўлар экан. Шунинг учун ҳам биз депутатлар аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини, маънавиятини юксалтириш учун тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтиришимиз лозим.

Ҳаммамизга маълумки, аёллар маънавиятини юксалтиришда китобнинг, айниқса, бадиий адабиётнинг ўрни ниҳоятда катта. Аммо тан олиш керакки, 25-30 ёшдан ошган, оила қуриб, 2-3 нафар фарзандни дунёга келтирган аёлни мутолаага жалб қилиш ниҳоятда қийин. Чунки у ёшлигида китоб ўқимаган бўлса, бадиий адабиётнинг сеҳрли дунёсига кирмаган бўлса, энди у китоб мутолаасига бегона. Ўқитиб бўлмайди. Бу тажрибада олимлар томонидан синовдан ўтказилган. Улар енгил-елпи сериаллар, олди-қочди фильмлар ва қўшиқлар эшитиши, интернетдаги шов-шув хабарларга маҳлиё бўлиши мумкин.

Бу гапларни ёзишимдан муддао шуки, юқорида тилга олинган мутолаага энсаси қотадиган аёлларнинг 2-3 нафар вояга етмаган фарзанди бор. Фарзанд тарбияси билим, салоҳият ва ақл-идрок талаб қиладиган жараён. Демак бундай аёллар қўлида тарбияланаётган фарзандларнинг тақдири қандай бўлиши эса ҳаммамизга аён.

Бу муаммо жуда долзарб ва нафақат депутатларни, жамоат ташкилотлари вакилларини балки ҳар бир кишини ташвишлантириши лозим. Масалан, уй бекалари учун қонунларнинг содда, халқ тилида ва бадиий талқиндаги шархи чоп этилса, уни ўқиш аёллар учун енгил бўлади, деб ўйлайман. Шунингдек, ёзувчи ва публицистларимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг содда, енгил ўқиладиган шархи чоп этилса, уй бекалари ва оддий оила аъзолари учун тушунарли бўлиши мумкин.

Бизнинг асосий мақсадимиз ва муддаомиз оиламиз тинч, фаравон ва фарзандларимиз билимли, зукко ва иқтидорли ҳам юрт корига камарбаста этиб тарбиялашга қаратилгандир. Бу мақсадга етишимизда аёлларимизнинг маънавиятли ва ҳуқуқий саводхон бўлишининг аҳамияти жуда катта. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз лозим.

 Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    220
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+