Тадбиркорлар мурожаати жамоатчилик назоратида

25.01.2021, 19:16

Тадбиркорлар мурожаати жамоатчилик назоратида

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий бўғини ҳисобланиб, бугунги кунда мазкур соҳани ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда бизнес юритиш учун қулай шароит яратишга, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этишга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида тадбиркорлар сафи кенгайиб, улар юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Қонликўл туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойил асосида тасдиқланган режа бўйича қатор ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар тегишли ташкилот ва идора вакилларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан муҳокама қилиниб, жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳузурида Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида қабулхона ҳузурида Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгаши ташкил этилди. Кенгаш таркибига «KANTEKS INVEST» масъулияти чекланган жамияти директори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Қуандиқ Ешмуратов, «Наврўзли Истам» фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Комилжон Жуманиязов каби фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари жалб қилинди.

–Тадбиркор ва фермерларнинг манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш мақсадида ўтган йили O'zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши билан меморандум имзоланди, – дейди Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгаши котиби Элдар Даўлетов. – Ўтган йил мобайнида тадбиркорларни қийнаётган масала ва тизимли муаммолар юзасидан қабулхонага тушган 21 та мурожаат таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига киритилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидаги Бош вазир қабулхонаси ҳузуридаги Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашига 18 та таклиф тақдим қилинди.

2020 йил давомида тадбиркорлардан тумандаги Бош вазир қабулхонасига 79 та, сайёр қабулларда 80 та, Cаll-марказ орқали 16 та, «business.gov.uz» портали орқали 1та, жами 176 та мурожаат қабул қилинди. Ушбу мурожаатларда кўтарилган 179 та масаланинг 156 таси ижобий ҳал қилинди, 23 тасига тушунтириш берилди. Улар таҳлил қилинганда 42 таси кредит, 25 таси ер ажратиш, 28 таси рухсатнома, лицензия олиш, 10 таси солиқ, 8 таси инфратузилма тармоқлари (газ, электр, сув, йўл), 2 таси COVID-19 ҳамда 64 таси бошқа масалаларда келиб тушди. Мурожаатларда кўтарилган муаммоли масалаларни ишчи гуруҳ билан биргаликда ҳал этиш тизими йўлга қўйилган.  

Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан коронавирус пандемияси даврида вақтинча тўхтатилган 87 та корхонанинг фаолиятини тиклашга кўмак берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган 6 нафар ёшга туман ҳокими қарори билан ер участкаси ажратиб берилди. Шунингдек, 3 нафар ёш тадбиркорга 700 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Натижада 13 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди.

  • Кўрилди
    137
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+