“Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосидаги иш фаолиятимиз юқори босқичга кўтарилади

23.02.2021, 11:20

“Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосидаги иш фаолиятимиз юқори босқичга кўтарилади

Муҳтарам Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида иштирок этганини онлайн тарзда катта ҳаяжон билан кузатдим. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида мазкур учрашувда биринчи марта қатнашди.

Давлатимиз раҳбари томонидан қайд этилган фикрлар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларимиз, янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларни ўзида акс эттиргани халқимиз учун юксак фахрдир, албатта.

Президентимиз таъкидлаганидек, бу йўлда юртимизда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш илк ўриндадир. Чунончи, 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилади. Бу эса ўз-ўзидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси экспертларининг фаол иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга оширишни ифода этади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан айтилган гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттириш масаласи бизнинг ҳам олдимизга улкан вазифаларни қўйди. Хусусан, нутқни тингларканман, партия вилоят Кенгашимизнинг Аёллар қаноти томонидан олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш учун муҳим лойиҳалар ишлаб чиқишни мақсад қилдим. Масалан, хотин-қизларнинг давлат ва жамият фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида улар учун сиёсий ўқувларни Давлат ва жамият бошқарувидаги фаол раҳбар аёллар, депутат хотин-қизлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат аёллари тренерлигида ташкил қилишни режа қиляпман. Бу ўз-ўзидан хотин-қизлар ўртасида заҳира кадрлар сафи кенгайишига хизмат қилади.

Шу ўринда муҳтарам Президентимиз томонидан ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳуқуқлари борасидаги ташаббус мени жуда қувонтирганини алоҳида таъкидлашни истардим. Негаки, ўзим бир пайтнинг ўзида Қўрғонтепа туманидаги ногиронлиги бўлган болалар “Мурувват уйи” директориман. Мазкур йўналишдаги ҳар бир ташаббус тарбияланувчиларим учун мўъжизадек эканлигини ҳис қиламан. Маълумки, Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги янги қонуннинг кучга кирганига кўп бўлмади. Ўзбекистон Парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиши кутилаётгани ҳам хайрли тадбирдир. Президентимиз томонидан билдирилган имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш таклифи айни йўналишдаги ишлардаги мавжуд камчиликларни, муаммоларнинг ҳал этилишида муҳим қадам бўлишига ишонамиз.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    90
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+