Ўз боласин ўлдирган она қандай муҳитда туғилган, улғайган ва яшаётган эди?

12.04.2018, 17:01

Ўз боласин ўлдирган она қандай муҳитда туғилган, улғайган ва яшаётган эди?

Бугун биз интернет журналистикаси деб атаётган йўналиш хабар тарқатиш тезлиги бўйича, истаймизми-йўқми, оммавий ахборот воситаларининг бошқа турларини сезиларли фарқ билан ортда қолдириб келмоқда. Айниқса, бу йўлда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг иштироки асосий роль ўйнаяпти. Аммо ёдда тутмоқ лозимки, хабар ўз моҳиятига кўра дарак берувчи жанр: қисқа, лўнда. Содир бўлган бирор ҳодиса ҳақидаги дастлабки маълумотларни етказади, холос. Яна шуниси қизиқки, у ўқувчилар эътиборига ҳавола этилгандан сўнг пайдо бўладиган кайфият жамиятда бир-бирини қўллаб-қувватловчи ёхуд тамомила зид муносабат билдирувчи икки тўлқинни юзага келтиради-ки, бу ўз ўзидан тарқатилаётган маълумотларда аниқлик ва холислик мувозанатини таъминлаш лозимлигини билдиради.

Ўтган ҳафтада интернет оламини оёққа қалқтирган, юртдошларимизни оғир қайғуга солган ва қаҳрлантирган “ўз боласини бўғиб ўлдирган аёл” тўғрисидаги хабарлар оқимидан сўнг ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Кимлар қотил онани лаънатлашга тушган бўлса, айримлар оила бошлиғини, бошқа бировлар эса ота-она, маҳалла аҳлини айбситди. Марҳум Фирдавсбек хотирасига бағишлаб қасидалар ёзилди...

Воқеалар ривожи қандай давом этиши, ҳуқуқий жиҳатдан қандай якун топишини тахмин қилиш мумкин. Айбдор муқаррар жазосини олади, албатта. Бироқ биламизки, жиноят ўз-ўзидан содир бўлмаган. Унга етакловчи сабаблар бўлгани турган гап. Ўша сабабларни холислик нуқтаи назаридан матбуот тилига кўчириш, ҳақиқатни қуруқ хабар исканжасидан халос қилиш эса журналистнинг энг биринчи вазифасидир. Мухбиримиз Андижон вилояти Қўрғонтепа туманининг Маъмуробод ва Норбўта маҳаллаларига бориб, асл вазиятни – Саида туғилиб-ўсган муҳитни имкон қадар холис ўрганишга уринган. Ҳали одил суднинг ҳукми янграмагани, тергов-суриштирув ишлари давом этаётганини инобатга олиб, сиз азизлардан дарҳол хулоса қилмасликни сўраб қоламиз.

...Андижоннинг оддий қишлоқ хонадони. Бир вақтлар бу уйда шодлик, бир дунё орзулар ҳукмрон эди. Оила соҳиблари Мурод ва Бахтиёрхон икки фарзанди камолидан хурсанд, рўзғор ташвишлари билан андармон. Мавсумий иш билан банд ота танишларининг кўмаги билан Россияга ишлаш учун кетди-ю, турмуш камлари учун имкон топа бошлади. Энди уйда жуда кам бўладиган, фарзандлар тарбиясини аёлининг бир ўзига ишонган, керак вақтда дилбандларига ота мақоми билан тарбиядан сабоқ бера олмаган Мурод Ибрагимов, эҳтимол, бугунги разолатни тахмин қила олганида, қабоҳатнинг энг катта калтаги бошида синмаган, қизи Саида ўз боласининг қотилига айланмаган бўлармиди?! Уй бекаси бўла туриб қизининг феъл-атворини муносиб баҳолай олмаган, боласининг кўнглида не ўй-фикр, хаёлида қай режа борлигини сезмаган, қизининг бежо қадамларига вақтида дакки бера олмаган, “чиғириқдан чиққан” қизи билан дардини бўлиша олмаган, иллатнинг илдизини англамаган она – Бахтиёрхон Мамадалиеванинг бугунги кўз ёшлари энди кимга керак?! Аслида она қизи учун энг яқин сирдош, ҳамфикр, ҳамдўст, тўғри йўлга бошловчи маслакдош эмасми? Саидани илк бор ўғирликда айблаган мактаб мутасаддиларини силтаб ташлаб, қизининг айбини баҳона ортига беркитиб, вақти келиб илк хатоси исботланганида ҳам мулзам тортмаган онани мурғак гўдак ўлимида биринчи айбдор дейишга ҳақли эмасмизми?! Яратганнинг инояти бўлган фарзандлари тақдирига лоқайд, пул топишни асосий ўринга қўйиб, оила бағрини кейинга сурган, қизи ёки ўғлининг қизиқишлари, ўй-хаёллари, феъли-атвори билан қизиқмаган отани айб­ламаслик мумкинми?! Ёки қўшнисининг ҳали мактабда 7-синф ўқувчиси бўлган қизи илк бор яқин вилоятга “ўйинқароқлик билан кетиб қолгани”га бефарқ қараган, мактабда ўғирлик қилганида четдан ғийбат қилиш билангина чекланган маҳалладошларни оппоқ деб бўладими?!

БЕБОШ ҚИЗ

Кечагина қишлоқнинг тупроқ кўчаларида жамалаксоч дугоналари билан тўптош, копток, бекинмачоқ ўйнаган қизалоқнинг улғайгани бўй чўзганида, остонасини совчилар супура бошлаганида билинади, одатда. Бироқ Саида ўзининг улғайганини жуда эрта билдирди. Мактабнинг юқори синфида ўқиётганидаёқ тенгдошларига нисбатан дадиллиги, вояга етаганини кўрсатишга уриниши каби салбий жиҳатлари билан ўқитувчилари даккисига сабаб бўла бошлади.

 Ўшанда 7-синф ўқувчиси бўлган қизалоқ ҳеч ёмонликдан қўрқмай, тап тортмай Фарғонага "айлангани" кетганида онасининг, атрофдагиларнинг кўзи қаерда эди?

Айтишларича, ўшанда маҳалла, мактаб мутасаддилари оилани ўртага олиб, тушунтиришга роса уринишган. Аммо калтак қаттиқроқ тегмаган кўринади...

Орадан ўтган вақт Саидани ижобий томонга ўзгартирди, деб айтишга ожизмиз. Унинг қинғир қўли, бежо қадамларини беркитишга уринган яқинлари жуда катта хатоларга дебоча очаётганини билмасдилар. Остонасини супургани ўйланаётган совчиларнинг дадил бу хонадонга бўйламаётгани сабаби ҳам мана шунда эди, аслида. Яхшики, холаси Барно жонига ора кирди. Меҳрибон хола гўёки бу билан бахти очилмаётган Саидага ва синглисига яхшилик қилди. Бироқ меҳрга, эзгуликка муҳтож оилага қандай балони бошлаб келганини ўзи ҳам сезмади.

ЎҒРИ КЕЛИН

Маъмуробод маҳалласидан Норбўта маҳалласига келин бўлиб тушган Саида оила аталмиш муқаддас даргоҳни ҳам назарга илмади. Қайнонаси Нурхон Ризаева кундошликнинг аччиқ аламини ютган, тақдирнинг минг бир синовларига бардош берган, биттагина ўғлининг камоли учун астойдил ҳалол меҳнатдан қочмаган, ҳаёт зарбаларига дош беравериб хасталик орттирган ювошгина бева аёл эди. Бу хонадон маҳалладаги намунали оилалардан, айни кунгача кўчага гапи чиқмаган.

Саидага қайнонасининг қўй оғзидан чўп олмагани жуда қўл келди. Бунинг устига, эри Иқболжон ҳам камгап, камсуқум, бўш-баёв бола. Демак, оила тизгинини бемалол қўлга олиш мумкин, олди ҳам. Эр хотиннинг қулига, қайнона келиннинг чўрисига айланди гўё. Саиданинг айтгани айтган, дегани деган. Аммо битта камчилик бор – моддий таъминотга қониқмайди. Эски одати исён қила бошлади. Куёвнинг яқин қариндошлари чўнтагига тушиш... Ахир бу очиқдан-очиқ риё, номус ва ориятдан айрилиш эмасми? Эр эса жим. Бир оғиз гапирсин-чи, 
Саида еб ютиб юборади.

ҚОТИЛЛИККА УРИНИШ, 
БИРИНЧИ ҚУРБОН

Оилада туғилган гўдак энди келиннинг қуролига айланди. Боласи икки ойлик чақалоқ пайтидаёқ мудҳиш ишга қўл урди. Эри билан ажрашишни талаб қилди. Келинини инсофга ундаган қайнона пўписага учради. Ташқарига чиққан вақти Саида ўз норасидасини юмшоқ ёстиқ остига тиқди – ваҳшийлигини охирига етказишга улгуролмади. Тўсатдан нимадир ёдига тушиб кириб қолган қайнонаси дод солганича набирасини ёстиқ остидан тортиб олди. Саи­да эса бир туки қилт этмай, боласини бекор қутқарганини, аслида шу гуноҳни қайнонаси ва эрининг гарданига қўймоқчи бўлганини айтди. Уларни барибир қайсидир айб билан қамоқда чиритишини пўписа қилди.

Орадан ўтган вақт Саида учун аҳамиятсиздек бўлди. Унга “келди-кетди” номини маҳалладагилар билиб қўйишган. Ота уйига кетавериб, ортга қайтавериб, икки хонадонни ҳам зада қилиб юборгани аниқ. Ўз нафсининг қулига айланган Саида учун эрдан ҳам, қайнонадан ҳам қутулиш осон эмасди. Олти ойлик чақалоғидан яна фойдаланишга қарор қилди.

Эри онаси билан бошқа хонага ўтирган маҳал ўз хонасида боласининг бешигига ўт ёқди-ю, эшикка қулф солиб, ўғилчаси Фирдавсбекни қўлтиғига қисганча ҳовлидан чиқиб кетди. 

Тутун иси бутун ҳовлини тутганида Нурхон ая ва Иқболжон жон ҳолатда ичкаридан чиқишади. Эшик қулфини аранг очган Иқболжоннинг фиғони фалакка ўрлади... аланга ўчирилди. Она-боланинг жасади ҳам топилмагач, қидирувга берилди. Ҳатто маҳаллий телевидениедан ҳам эълонлар узатила бош­лади. Кунларнинг бирида Саида номаълум рақамдан қўнғироқ қилади. Бир неча шартлардан сўнг Иқболжон у билан фарзанди учун яшашга рози бўлади. Ўғли икки ёшга етганида улар қизли бўлишди. Аслида қиздан ҳам, ўғилдан ҳам қисмаган Яратганга ҳар лаҳза шукр айтиб яшаши керак бўлган она иллатга янада қаттиқроқ бўйин эгди. Ота уйга аразлаб кетишлар кўпайди. Келинлик уйига “итармаган”, турмуш муштларига чидаш кераклигидан сабоқ бериш, қизини койиш ўрнига она ҳам унга хайрихоҳ бўлгани Саидага куч берарди.

Қизчаси беш ойлик бўлганида, ногаҳон иситмалади-ю, бир туннинг ўзида қайта кўзини очмади. Аммо Саида бундан хулоса чиқармади. Дафн маросимини ўтказиб, яна ота уйига қайт­ди. Эр зада, қайнона безиллайди. Аввалига оилани яраштиравериб чарчаган икки маҳалла энди ўз ҳолига ташлаб қўя қолди.

МАШЪУМ ҲОДИСА

Шу йилнинг 2 апрель куни Қўқон шаҳрининг Туркистон кўчасида жойлашган бино олдидаги арча дарахтлари тагидан 3 ёшли ўғил боланинг жасади топилгани тўғрисидаги ахборот жуда тез тарқалди. Кўп ўтмай қотил онанинг “пушаймонлик” интервьюси интернет сайтларида айлана бошлади:

 "Болани ташлагани тошкентдан қайтиб келдим. Учкўприкка ташлагани келсам, опа йўқ экан. Кейин уни машинада Андижонга юбормоқчи эдим, аммо бола унамади. Кейин буни қайга олиб бораман , ишлашим керак, менга жой йўқ буни қайерга қолдираман, деб ўйладим ва боламни ўлдиришга мажбур бўлдим...
Уйга қайтай десам аям киритмасди. Дадам қабул қилиши мумкин эди, аммо аям киритмас эди, барибир бола кўчада хор бўлиб ўларди. Ўлдирганимдан кейин бағримга босиб ўтирдим, кечирим сўрадим..."

Буни ўкинч ёки надоматга тўла сўзлар деб бўлмайди. Тўққиз ой вужудида кўтариб юриб, етмиш икки томири жон тортишиб, икки дунё оралиғида қолиб, бу ёруғ оламга келтирган гўдагига ўз қўли билан ўлим ҳукмини ўқиган онанинг афсусланаётгани энди мутлақо ишонарсиз. Унинг кўзларига боқдингизми? Нигоҳларидаги бепарда совуқлик этни жунжиктиради, аянч нишонаси кўринмаган қорачиқлар сизга надоматдан сўзламайди, аксинча, кўнгилда “Эсиз, аёллик, эсиз, оналик, ҳайф сенга берилган ҳаёт”, деган хаёл ўтади.

Иллатнинг илдизи аслида Саиданинг бебош болалиги ўтган оилада, илк хатоларига жим қараб турган маҳалласида, танбеҳ бериб йўлга солиш ўрнига бўш-баёв куёв ахтарган қариндош­ларида, керак бўлса маҳалла, Хотин-қизлар қўмитасининг туман бўлими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўзаро ҳамкорлигининг мустаҳкам эмаслиги, жамоатчилик назоратининг сустлигида эмасми?..

Зилола РАҲМОНОВА

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1141
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг. ЭСЛАТМА! ЖЎНАТИШ ТУГМАСИНИ БОСГАНИНГИЗДАН СЎНГ БИЛДИРГАН ФИКРИНГИЗ ШУ ЗАҲОТИ КЎРИНИШИ УЧУН САҲИФАНИ ҚАЙТА ЯНГИЛАНГ (ОБНОВИТЬ).

+