Ўзбекистонда боғча ёши ўзгардими?

10.01.2020, 18:41

Ўзбекистонда боғча ёши ўзгардими?

Яқинда қабул қилинган “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонун юзасидан Адлия вазирлигига турли саволлар берилмоқда. Улар орасида энг кўп сўралаётгани “боғчага болаларни қабул қилишда қуйи ёш чегараси ўзгардими?” деган савол бўляпти.

Шу муносабат билан вазирликнинг телеграмдаги "Ҳуқуқий ахборот" канали мавзу юзасидан қуйидагиларга аниқлик киритди.

1. Қонуннинг 34-моддасида мактабгача таълим ташкилотлари гуруҳларини тўлдириш ҳақида сўз боради. Унда боғча гуруҳларининг ёшга доир тоифалари келтирилган ва “илк ривожланиш гуруҳи (бир ёшдан уч ёшгача)” деган тоифа қайд этилган.

Ушбу жумла фуқароларни чалғитиб, “болаларни ҳамма боғчаларга бир ёшдан бошлаб бериш мумкин экан” деган нотўғри талқинларни юзага келтирмоқда.

Бироқ Қонуннинг 33-моддасида “Умумий турдаги давлат мактабгача таълим ташкилотларига болаларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади” дейилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 391-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 35-моддасида эса шундай дейилади: “Давлат мактабгача таълим ташкилотларига 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади”.

Демак, давлат боғчаларига болаларни қабул қилиш ёши қуйи чегараси 3 ёшлигича қолмоқда.

2. Хусусий боғчаларга болаларни қабул қилиш ва улардан чиқариш эса Вазирлар Маҳкамасининг қарори эмас, нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг устави билан тартибга солинади. Бунда нодавлат мактабгача таълим муассасаси уставида назарда тутилган бўлса ва давлат томонидан қўйилган маълум талабларга жавоб берса, болаларни ҳатто 1 ёшга тўлмаган бўлса ҳам хусусий боғчалар қабул қилиши мумкин.

3. Қонундаги ёш гуруҳлари тоифаланишига оид моддага “бир ёшдан уч ёшгача” сўз бирикмаси киритилишининг сабаби қуйидагилар:

• биринчидан, давлат боғчаларига болаларни қабул қилишда кейинчалик ёш чегараси ўзгарса, Қонунга ўзгартириш киритишдек мураккаб юридик процедуранинг олдини олиш;

• иккинчидан, хусусий боғчаларда гуруҳларни ёшга доир тоифалаш меъёрларини белгилаб бериш.

  • Кўрилди
    515
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+