Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

07.09.2020, 08:48

Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

Шу билан бирга, бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш талаб этилади.

Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6034-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги ПҚ–3250-сон қарори билан тасдиқланган 2017-2020 йилларда Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг кейинги босқичдаги вазифалари этиб белгилансин:

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш;

судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини янада кенгайтириш;

махсус ахборот дастурларини жорий этиш орқали судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;

суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш;

суднинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтириш.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи 2020-2023 йилларда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

2021 йил 1 июлдан бошлаб апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш;

2022 йил 1 январдан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш;

2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатишни йўлга қўйиш;

2023 йил 1 январдан бошлаб суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш;

судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш.

4. Қуйидагиларни назарда тутувчи Судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича “йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш;

судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш;

муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш;

судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш;

судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш.

Белгилансинки, Олий суд ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги мавжуд маълумотлар судларнинг электрон сўрови бўйича бепул асосда тақдим этилади.

5. 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи “Адолат” ахборот тизимлари комплекси жорий этилсин:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;

манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;

суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш;

суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш.

6. Олий суд 2020 йил якунига қадар:

суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобиль дастурни ишлаб чиқсин ва уни амалиётга жорий этсин;

Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда жазони ижро этиш муассасаларида махсус хоналарни маҳбусларнинг суд мажлисларида ва суд раҳбарияти қабулларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этишлари имконини берувчи ускуналар билан жиҳозлаш чораларини кўрсин.

7. Судьялар олий кенгаши ва Олий суднинг 2022 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

Судьялар олий кенгашига судьялар, судьялик лавозимларига номзодлар томонидан электрон мурожаат қилиш, суҳбат жараёнида бериладиган саволлар ва вазифаларни ахборот тизими ёрдамида автоматлаштирилган ҳолда танлаш;

Судьялар олий мактабига унинг расмий веб-сайти орқали ариза ва мурожаатларни йўллаш, профессор-ўқитувчилар ва тингловчиларнинг рейтинг кўрсаткичларини электрон тарзда шакллантириш, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш курслари тингловчиларининг ўқув жараёнини онлайн тарзда назорат қилиш тартибини ўрнатиш.

8. “UNICON.UZ” фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази” давлат унитар корхонаси ҳамда унинг ташкилий тузилмасидаги корхоналар зиммасига суд ҳокимияти органлари фаолиятига жорий этилиши режалаштирилган ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш вазифалари юклатилсин.

Белгилансинки, ахборот тизимларини ишлаб чиқиш Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар олий мактабининг буюртмаси асосида доимий равишда “UNICON.UZ” фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази” давлат унитар корхонаси ҳамда унинг ташкилий тузилмасидаги корхоналар томонидан амалга оширилади, уларни ишлаб чиқиш учун шартномалар белгиланган тартибда тузилади ҳамда шартнома нархи Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланган ўртача бозор нархи асосида шакллантирилади.

9. Ҳудудларда судьялар ҳамда судлар аппарати ходимларининг рақамли саводхонлигини ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари бириктирилсин.

Олий суд Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари билан биргаликда ҳар йили 1 декабрга қадар кейинги йил учун судьялар ҳамда судлар аппарати ходимларининг рақамли саводхонлигини ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш юзасидан ҳудудлар кесимида тармоқ жадвалларини тасдиқласин.

10. Судьялар олий мактаби бир ой муддатда судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича ташкил этилган таълим йўналишларининг ўқув дастурларига судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимларидан фойдаланиш бўйича алоҳида ўқув модулини киритсин.

11. Белгилансинки:

суд тизими учун дастурий таъминотларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси, Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси, халқаро грант, донор ташкилотлар ва хорижий ҳамкорларнинг маблағлари;

судлар фаолиятини рақамлаштиришда зарур компьютер, сервер ва бошқа ускуналарни харид қилиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида, Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси, халқаро грант, донор ташкилотлар ва хорижий ҳамкорларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

12. Мазкур қарорнинг самарали ижро этилишини таъминлаш мақсадида:

Олий суд раиси (К.Камилов) ва Судьялар олий кенгаши раиси (Х.Ёдгоров) Олий суд Пленумининг навбатдан ташқари йиғилишида ҳамда халқаро анжуманларда суд ҳокимияти органлари фаолиятига жорий этиладиган ахборот тизимларининг одил судловга эришиш даражасини оширишдаги аҳамиятини муҳокама қилсин, шунингдек, судьялар ва судлар аппарати ходимларининг рақамли саводхонлигини ва малакасини ошириш чораларини кўрсин;

Олий суд раиси (К.Камилов), ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири (Ш.Садиков) Дастур ва “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда молиялаштирилишини таъминласин;

инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари (Л.Қудратов) Олий суд раиси (К.Камилов) билан биргаликда суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш бўйича қарорда белгиланган лойиҳалар ва тадбирлар ижросини таъминлаш учун халқаро грант, донор ташкилотлар ва хорижий ҳамкорлар маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи (О.Умаров) Дастур ва “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига кўмаклашсин;

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори (А.Ходжаев) Миллий ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпания ва “Дунё” ахборот агентлиги билан биргаликда аҳоли, маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамжамияти орасида суд ҳокимияти органлари фаолиятига жорий этилган ахборот тизимлари ҳамда ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирлар ҳақида кенг тарғибот ишларини, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида ижтимоий роликларни мунтазам равишда жойлаштириш чораларини амалга оширсин.

13. Олий суд, Судьялар олий кенгаши мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар чоракда ахборот бериб борсин.

14. Олий суд манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 3 сентябрь

  • Кўрилди
    347
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+