2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокама қилинди

19.10.2020, 23:46

2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокама қилинди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Коронавирус пандемияси кўпгина режаларга жиддий таъсир кўрсатди. Лекин қабул қилинган қарорлар ва ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида жорий йилги бюджет параметлари ижроси таъминланмоқда. Бу эса пандемия оқибатларини бартараф этишга 13,4 триллион сўм маблағ йўналтиришга имкон берди.

Давлатимиз раҳбари келгуси йилги бюджетни режалаштиришда пандемиянинг давом этиши, жаҳондаги иқтисодий фаоллик пасайишини инобатга олиш кераклигини таъкидлади.

Йиғилишда макроиқтисодий барқарорлик ва белгиланган бюджет тушумларини тўлиқ таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Бунинг учун 2021 йили иқтисодиётда камида 5,1 фоиз, жумладан, саноатда 5,8 фоиз, хизматлар ва қурилишда 6,5 фоиздан ўсишга эришиш керак бўлади. Инфляция даражаси ва бюджет дефицитини прогноз кўрсаткичларидан оширмаслик ҳам муҳим.

Мутасаддиларга ушбу вазифалар бўйича топшириқлар берилди. Яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда 600 минг иш ўрнини легаллаштириш, 53 та идоранинг маълумотлар базасини интеграция қилиш, маркировка қўлланиладиган маҳсулотлар турини кенгайтириш ҳисобига бюджетга қўшимча маблағлар тушириш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Йирик корхоналарда ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳам режалаштирилмоқда. Мисол учун, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш ҳамда ҳисоб-китобни тўғри йўлга қўйиш орқали акциз солиғидан қўшимча 500 миллиард сўм маблағ тушириш имкони мавжуд. Шу билан бирга, электр энергияси билан ички бозордаги эҳтиёжни узлуксиз таъминлаш ҳисобига қўшилган қиймат солиғидан қўшимча 250 миллиард сўм бюджетга даромад тушиши кутилмоқда.

Энергетика вазирлигига шу бўйича кўрсатмалар берилди. Транспорт вазирлигига кейинги йили қатновларни тиклаш, янги маршрутларни очиш ҳисобига бюджетга тушумларни 2019 йилдаги кўрсаткичларга етказиш вазифаси қўйилди.

Пандемия шароитида ижтимоий соҳага ажратиладиган харажатлар жорий йилга нисбатан камида 15 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда. Жумладан, кейинги йилда мактабгача таълим қамрови даражасини 70 фоизга, бунда хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилинган. Халқ таълим вазирлигига бюджетдан ажратмалар 16 фоизга оширилади. Мактабларни тезкор интернетга улаш бўйича биринчи марта бюджетдан 100 миллиард сўм, жиҳозлашга 200 миллиард сўм йўналтириш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, илм-фанни ривожлантириш концепцияси доирасида келгуси йили инновацион ривожлантириш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига бюджетдан 2 баравар кўп маблағ ёки 100 миллиард сўм ажратилади.

Соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм, шундан коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун 3 триллион сўм ҳамда дори-дармон харидига 1,8 триллион сўм белгиланиши кўзда тутилган.

Илк бора онкогематологияга қарийб 90 миллиард сўм ажратилмоқда. Шунингдек, тамаки савдосидан олинган акциз солиғининг 7 фоизи Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиб берилади. Шу билан бирга, келгуси йилда биринчи марта гемодиализга муҳтож касалларга тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини 100 фоизга етказиш учун 130 миллиард сўм йўналтирилади.

Йиғилишда камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий нафақа олувчи муҳтож оилалар сони жорий йил бошига нисбатан 2 бараварга оширилиши белгиланди. Келгуси йил 1 январдан ягона ижтимоий реестрни барча ҳудудларда ишга тушириб, ижтимомий нафақалар ажратиш тизимини тўлиқ автоматлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Тадбиркорлик дастурлари доирасида 3 триллион сўмдан ортиқ субсидиялар берилиши мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳамда Жамоат ишлари жамғармасига 250 миллиард сўмдан маблағ йўналтириш режалаштирилган.

Янги иш ўринлари очиш ва аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ҳисобига кам таъминланганлар сонини қисқартириш зарурлиги таъкидланди.

Яна бир муҳим жиҳат – келгуси йили чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун бюджетдан биринчи маротаба 30 миллиард сўм ажратилиши белгиланган. Мутасаддиларга бу борада янги тартиб ва рўйхатлар ишлаб чиқиш топширилди.

Бюджетни шакллантиришда маҳаллий кенгашлар ваколатларини янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Ҳудудлар ўзи учун қўшимча резервларни аниқлаши, уларнинг ҳисобига жойлардаги муаммоларни ҳал қилишга ўрганишлари мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев бюджет харажатлари очиқ-ошкора бўлиши, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар унинг ҳар бир сўмини оқилона сарфлаши кераклигини таъкидлади.

Яна бир муҳим масала – молиявий интизом ва назоратни кучайтириш. Молия вазирлигига ташкилотларда ички аудит тизимини мустаҳкамлаш, ноқонуний харажатлар ва камомадларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилди.

Бундан буён харажатлар таркиби ва натижадорлиги давлат идораларининг расмий сайтларида эълон қилиш тартиби жорий қилинади ва бунга амал қилмаган раҳбарларга жарима қўлланилади. Буни Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашлар назорат қилади.

Бош вазир ўринбосарларига кейинги йил учун марказлашган, хорижий ва хусусий инвестиция дастурларини шакллантириш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда мутасаддилар жорий йил якунигача ва келгуси йилда бюджет кўрсаткичларини таъминлаш бўйича мавжуд хавф-хатарлар ва уларни бартараф этиш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

  • Кўрилди
    479
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+