Президент топшириқлари ижросининг бориши кўриб чиқилди

27.11.2020, 08:37

Президент топшириқлари ижросининг бориши кўриб чиқилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 ноябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари 12-13 ноябрь кунлари вилоятда бўлиб, шу борадаги вазифаларни белгилаб берган эди. Ҳар бир туман ва шаҳарни жадал ривожлантиришга туртки бериш мақсадида марказий идоралар, жумладан, вазирлик ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилиб, зарур ресурслар ажратилди. 2021 йил Қашқадарёда “Тадбиркорликни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. 10 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этиш мақсади белгиланди.

Бугунги йиғилишда ҳар бир туман ва шаҳарнинг “ўсиш нуқталари”га асосланиб, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳаларни мижозбай ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Масалан, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи, Шаҳрисабз ҳамда Китоб туманларида 20 минг гектарда интенсив боғ ва узумзорлар яратиш орқали вилоятда мева-сабзавотни қайта ишлаш даражасини 25 фоизга етказиш мумкин.

Шаҳрисабз шаҳри, Нишон, Деҳқонобод, Яккабоғ, Миришкор, Ғузор, Шаҳрисабз, Муборак туманларида ташкил этиладиган 11 та кичик саноат зонасида лойиҳаларни жойлаштириш ва инфратузилмага улаш кераклиги қайд этилди.

2021 йилда тижорат банклари кредитлари асосида хизмат кўрсатиш соҳасида 650 миллиард сўмлик 500 та янги лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари келгуси икки йилга мўлжалланган 1 минг 153 та инвестиция лойиҳасининг иқтисодий-ижтимоий аҳамиятини таъкидлаб ўтди. Бунда қарийб 1 миллиард доллар хорижий инвестицияларни ўзлаштириб, 19 мингта янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Мутасаддиларга саноат паст даражада ривожланган туманлар учун қўшимча лойиҳалар ишлаб чиқиш, мавжуд захираларни самарали ишга солиш вазифаси қўйилди.

“Темир дафтар”га киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш чоралари муҳокама қилинди. Кичик бизнесни ривожлантириш, ёшлар ва аёлларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.

Президентнинг вилоятга сафари чоғида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган 81 минг гектар ерни ўзлаштириш, 63 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш белгиланган эди.

Қарши, Қамаши ва Косон туманларида 1200 гектар майдонда замонавий иссиқхоналар, Деҳқонобод тумани ҳамда вилоятнинг тоғолди ҳудудларида писта ва доривор ўсимликлар плантациялари ташкил қилиш зарурлиги айтилганди.

Бугунги йиғилишда шу борадаги ташкилий ва молиявий ишларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, ичимлик суви тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, автомобиль йўлларини таъмирлашга оид масалалар кўриб чиқилди. Турар жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда муҳтож аҳоли учун 5 қаватли энергия тежамкор уйлар қуриш муҳимлиги айтиб ўтилди.

Ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Мактабларни реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 2021 йилги Инвестиция дастури доирасида қўшимча 100 миллиард сўм ажратилиши қайд этилди. Ушбу маблағлар ҳисобига 88 та мактабда қўшимча иморат қурилади, 100 тадан кўпроғи эса тўлиқ жиҳозланади, пахса деворли филиаллар ўрнига янги бинолар барпо этилади.

Йиғилишда Қарши шаҳридаги 42-мактаб, шунингдек, туман марказларидаги биттадан шундай муассаса негизида ахборот технологияларига ихтисослашган мактаблар ташкил этиш юзасидан кўрсатма берилди.

Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида бошланган ислоҳотларни самарали ташкил этиш, айниқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш долзарб масала экани таъкидланди.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга вазирлик ва идоралар, тижорат банклари раҳбарлари билан бирга Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантириш, тадбиркорларга кўмаклашиш, камбағалликни қисқартириш масалалари ижросини назоратга олиш топширилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ҳар бир инвестиция лойиҳасининг ҳолатини жойига чиқиб, танқидий таҳлил қилиш, муаммоларни самарали ҳал этиш вазифаси қўйилди.

Сектор раҳбарлари топшириқлар ижроси натижадорлиги юзасидан Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида ҳар ойда ҳисобот бериб бориши белгиланди.

Йиғилишда Қашқадарё вилояти ва туманлар ҳокимлари, соҳа ва тармоқлар мутасаддилари лойиҳаларни бажаришга қаратилган режалари юзасидан ахборот берди.

  • Кўрилди
    500
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+