Бугун мазкур дастур доирасида партиянинг барча бўғинлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Фракцияси ва унинг аъзолари томонидан 40 ортиқ тадбирлар ва учрашувлар, 10 ортиқ Фракция йиғилишлари ўтказилди. Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳалари бўйича вилоятларда партия депутатлик груҳлари томонидан доимий тарзда ўтказиб келинаётган тадбирларда мунтазам қатнашиб келмоқдалар. Партия депутатлари томонидан оммавий ахборот воситаларида ушбу масала бўйича 20 ортиқ чиқишлар қилинди ва бу йўналиш давом этмоқда. Улар орқали киритилган қонун лойиҳалари моҳияти, давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партиялар ролини ошириш муҳимлиги кенг омма ва партия электоратига етказилмоқда.
Партия худудий ташкилотлари томонидан эса 100 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиб уларда 10 мингдан ортиқ киши қатнашди.
Мазкур қонун лойиҳаларини ўрганиш юзасидан вилоятларда партия кенгашларининг сайёр йиғилишлари, Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг партия фракцияси билан қўшма мажлислари ўтказилди.
Ташкил этилган тадбирларда партия Сиёсий Кенгаши, Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси аъзолари, Марказий аппарат масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, вилоят партия фаоллари, Ўзбекистон Фермер хўжаликлари уюшмаси ҳудудий филиали ходимлари, партия электорати вакиллари ва бошқалар фаол қатнашдилар.
Бу борада қуйидагиларни алоҳида таъкидлаш лозим:
Биринчидан, Президентимиз томонидан киритилган қонун лойиҳалари тарғиботига йўналтирилган тадбирлар давомида иштирокчилар томонидан Ўзбекистон мустақил тараққиётининг ўтган йилларида эришилган натижалар, бозор иқтисодиётига асосланадиган ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти қуриш бўйича вазифаларнинг амалга оширилиши аниқ мақсадга йўналтирилгани ва изчиллигидан далолат беришини таъкидладилар.
Иккинчидан, жойлардаги тадбирларнинг қатнашчилари томонидан мустақиллик йилларида Юртбошимиз раҳбарлигида жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида рўй берган туб ўзгаришлар, мамлакатни янгилаш ва демократлаштириш, фуқаролик жамиятини қуриш борасида қўлга киритилаётган кўпдан-кўп ютуқлар ва шу билан бирга, жамиятимизни сиёсий янгилаш ва ислоҳ этишнинг ҳозирги босқичида давлат тизимини янада демократлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича бир қатор янги вазифалар пайдо бўлганлигини алоҳида эътироф этдилар.
Учинчидан, партия фаоллари ЎзЛиДеП Дастурида мамлакат сиёсий тузуми ҳамда давлат ва жамият қурилишини эркинлаштириш соҳасидаги асосий йўналиш сифатида қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятлари функциялари ва ваколатларининг аниқ чегараланиши назарда тутилганлигини изоҳлаб, Президент томонидан киритилган мазкур қонун лойиҳалари, ўз дастурий мақсад ва вазифаларини тўла амалга ошириш ва ҳаётга татбиқ этиш учун ҳаракат қилаётган партиямизга кучли таянч бўлиб хизмат қилишини алоҳида эътироф этдилар.
Ана шу таъкидланганлардан келиб чиқиб қонун лойихалари маъно-моҳиятига кўра жамият ҳаётидаги барча соҳаларни изчил эркинлаштириш ва демократлаштиришни қамраб оладиган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Дастурий максад ва вазифаларига тўла мос келади деб тан олинди.
Бунда биринчи навбатда мамлакат сиёсий тузумини мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб модернизациялашуви изчил ҳамда тизимли хусусиятга эга бўлиб, эълон қилинган қонун лойиҳалари олиб борилаётган демократик ислоҳотлар билан узвий боғлиқлиги ҳамда сиёсий ва иқтисодий ҳаётда ҳамда давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш жараёнларида сиёсий партиялар таъсирини кучайтириш, ҳукуматнинг қонунчилик ва ижро ҳокимияти тармоқлари роли ва жавобгарлигини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилганлиги ҳам қайд қилинди.
Иккинчидан, ушбу қонун лойиҳаси қоидаларининг жорий қилиниши, ижроия ҳокимиятининг ҳам марказда ҳам жойларда ўз ишини қайта кўриб чиқишга мажбур этадиган асос бўлиши алоҳида таъкидланди.
Учинчидан, мунозараларда иштирок этган хамюртларимиз Президентимиз томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари мамлакатимиздаги партияларга билдирилган юксак ишонч эканлигини таъкидладилар. Мамлакатимизни янгилаш, демократлаштириш, фуқаролик жамиятини қуриш борасидаги мақсадларга изчиллик билан эришишда фуқароларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳоҳиш иродасини ифодалаш, марказдаги ва жойлардаги давлат ҳокимиятини шакллантириш масалаларида фаол иштирок этишини таъминлаш ҳал қилувчи восита ҳисобланишини, мустақиллик йилларида Ўзбекистон танлаган тараққиёт модели талаблари ва сиёсий партияларнинг тўплаган тажрибалари бундай муҳим вазифани амалга ошириш фурсати етганлигидан далолат бераётганини эътироф этдилар.
Ушбу йўналишда катта аҳамият қаратиш лозим бўлган масала шундаки, қонун лойиҳаларининг муҳокамага киритилиши партиянинг вилоят, туман ва шаҳар депутатлик гуруҳлари аъзоларининг фаолиятини янада жонлантиришни тақозо қилмоқда, афсуски ҳозирда барча депутатлар ҳам ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзларининг фаол нуқтаи назарларини намоён қилаолмаяптилар, жойлардаги партия гуруҳлари белгиланган ваколатлардан етарлича фойдаланаолмаяптилар. Юқоридаги қонун лойиҳаларининг амалиётга киришида бу каби ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмаслиги аён. Ушбу қонун лойиҳаларини белгиланган муддатда пухта ўрганиб чиқиш аҳоли ўртасида қотиб қолган эскича қарашларни бутунлай ўзгартириш зарурлигини, бу нафақат партиянинг балки ҳар бир партия аъзосининг давлат ва жамият ҳаёти иштирокидаги ролининг ўсишига олиб келиши зарурлигини алоҳида таъкидлаш зарур.
Умуман олганда жойларда олиб борилаётган тарғибот ва тушунтиришлар шуни кўрсатмоқдаки Президентимиз томонидан киритилган қонун лойиҳалари кенг аҳоли қатламлари томонидан мамлакатда реал кўппартиявийлик ва сиёсий плюрализмга асосланган, замонавий вакиллик, парламент демократиясини босқичма-босқич барпо этилиши ва ривожланишига, сиёсий партияларнинг ўз дастурий мақсад ва вазифаларини хаётга тадбиқ этишда ташаббускорлиги ва фаоллиги ошишига, депутатлар корпусининг роли ва партиянинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини янада жонланишига катта таъсир кўрсатади ва бу эса ўз навбатида жамиятни демократлаштириш борасида Ўзбекистонни жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатлари қаторига олиб чиқади деб баҳоланмоқда.
Ҳурматли Сиёсий Кенгаш аъзолари!
Биз бир нарсани англаб етишимиз керакки 2007 йил Ўзбекистон Либерал-демократик партияси учун бу тайёргарлик йилидир. Чунки ушбу қонунлар доирасида фаолият юритишимиз учун аввалом бор биз ўзимиз тайёр бўлишимиз лозим. Бунинг учун биз партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Фракция аъзоларини, жойлардаги депутатлик груҳларни ва барча бўғиндаги партия ташкилотлар ва аъзоларни янги жараёнда ишлашга тайёрлашимиз зарур. Шу маънода бугун биз партиямизнинг ташкилий жиҳатдан, қонунчилик жиҳатдан, янги жараёнда ишлай оладиган ходимларни тайёрлаш юзасидан вазифаларимизни белгилаб олишимиз шартдир.
Биринчидан, Фракция фаолиятини янада жонлантириш. Юртбошимиз томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини қуриш жараёнлари кўп жиҳатдан сиёсий партиялар, уларнинг фракциялари фаолиятини янада жонлантириш билан боғлиқ эканлигини кўрсатди.
Шубҳасиз, ўтган вақт мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Фракция аъзоларининг саъй-ҳаракати билан бир қатор қонун лойиҳалари тайёрланди, ўнлаб қонунларимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бироқ, фаолият юритиш жараёнида партиянинг дастурий мақсадларини электоратимиз манфаатлари йўлида амалга ошириш бўйича қонун ижрочилигида эътиборсизликларга ҳам йўл қўйилганидан кўз юмиб бўлмайди.
Хусусан, фракция фаолиятини таҳлил этиш жараёнида партия илгари сурган асосий вазифаларни бажаришга етарли даражада эътибор берилмаётгани, фракция ўз ваколатларидан ҳар доим ҳам унумли фойдалана олмаётгани сезилиб қолмоқда.
Партия фракциясининг фаолиятини жонлантириш учун, аввало, қуйидаги масалаларга аҳамият қаратиш лозим деб ҳисоблаймиз:
Биринчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси партиянинг дастурий мақсадларини амалга оширишнинг асосий механизми эканлигини ҳисобга олсак, Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси фракция ишини ташкил этиш услублари ва шаклларини такомиллаштиришга эътиборни кучайтириши лозим.
Иккинчидан, қарорлар қабул қилишда фикрлар хилма-хиллигининг барча усулларидан фойдаланиш, керак бўлса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзЛиДеПнинг мақсад ва вазифаларини акс эттирувчи фракция фаолиятини такомиллаштиришнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилиши Ишчи гуруҳларни ташкил этиш орқали ҳам фракция фаолиятини жонлантириш пайсалга солиб бўлмайдиган вазифалардан биридир.
Учинчидан, Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси фракциянинг ҳар бир аъзоси фаоллигини оширишга, шунингдек, бошқа фракциялар билан сиёсий курашда партия манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини қабул қилиши даркор.
Бундан ташқари, партиянинг устави, дастури ва қарорларига сўзсиз амал қилинишини таъминловчи ёндашувларни ишлаб чиқишга қаратилган тадбирларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш пайти келиб етди.
Сайловчилар билан доимий алоқада бўлиш, Қонунчилик палатасидаги фракция фаолиятидан уларга ахборотлар бериб туриш фракция аъзоларининг муҳим вазифаларидан бири саналади. Сайловчилар билан учрашувларда ўз ечимини кутаётган муаммоларни қонун даражасида ҳал этиш, Қонунчилик палатаси ва унинг қумита ва комиссиялари олдига ушбу масалаларни амалдаги регламент доирасида кўриб чиқиш вазифасини қўйиш мақсадга мувофиқ.
Партия фракцияси ўз иш режасини, айниқса қонунчилик соҳасида, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг муҳокама этилаётган барча масалалари бўйича ўз нуқтаи назарини Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси билан келишган ҳолда ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши зарур. Режалар ва позицияларни тайёрлашда уларнинг сифатига, айниқса партиянинг асосий дастурий мақсадларини акс эттирадиган қонунчилик ишига алоҳида аҳамият қаратиш лозим.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилинадиган қонунлар ва қарорларда партия манфаатларини ҳимоялаш бирламчи ўрин эгаллаши лозимлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бунда фракция ишчи гуруҳлари фаолиятини жонлантириш йўли билан Қонунчилик палатасида, унинг қўмита ва комиссияларида муҳокама этилаётган масала ёки ҳар бир қонун лойиҳасини партия мақсадлари ва қарорларидан келиб чиққан ҳолда чуқур таҳлил қила билиш керак. Шу асосда фракцияда муҳокама этилажак масала бўйича асосли таклифлар ишлаб чиқилиши, муҳокамалар чоғида уларни ҳимоя қила билиш ва тақдим этилган таклифларни амалга оширишга эриша олиш муҳим аҳамиятга эга.
Фракция доимий асосда қонун лойиҳаларининг муқобил вариантларини тайёрлаш ва кун тартибига киритиш устида мунтазам ишлаши лозим. Бу эса партиянинг дастурий мақсадларини самарали амалга ошириш имконини беради.
Қонунчилик палатасинин қонун лойиҳалари ва қарорлари устида иш олиб бораёттанда асосий эътибор давлат бошқарувининг тегишли органларидан ахборот олишга ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш учун уни таҳлил қила билишга қаратилмоғи мақсадга мувофиқ.
Қабул қилинган қонунларнинг амалга оширилишида парламент назоратини йўлга қўйишда асосий эътибор амалиётда қонун моддаларининг бажарилмай қолиши сабабларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоғи даркор. Бунда фракция аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун қонунчилик актларига тегишли тузатишлар киритиш йўли билан тавсиялар ишлаб чиқиши, ҳукумат, вазирликлар ва муассасалар томонидан қонунларни амалга оширишни таъминлашга йўналтирилган чоралар ишлаб чиқилишига эришмоғи керак.
Ҳукумат, вазирликлар, муассасаларнинг қонунлар ва парламент қарорларини амалга ошириш бўйича фаолиятини баҳолашда мазкур органлар раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаш каби амалий механизмлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Бундай йўл қонунчиликни такомиллаштиришга доир тавсиялар бериш, кўзда тутилган органлар ишидаги камчиликларни бартараф этиш билан якун топиши даркор.
Бюджет лойиҳасини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва назоратга олиш, республика тараққиётнинг стратегияси ва устувор йўналишларини белгилаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари ва режалари бажарилишини прогноз, қилиш, ҳукумат томонидан амалга оширилаётган бюджет, молия ва солиқ сиёсатида фракция иштирокини кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг масъулиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади.
Фракция аъзрлари, Қонунчилик палатасининг қўмита ва комиссияларидаги вакилларнинг ҳисоботларини эшитиш таомилини амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, партия дастурий мақсадларини амалга ошириш бўйича фракцияда ташкил этилган ишчи гуруҳлар ҳисоботларини Сиёсий Кенгаш Ижроия қўйитаси мажлисларида эшитиб бориш, ўзларининг бевосита мажбуриятларини бажармаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда партиявий жазо чорасини кўриш механизмларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш мақсадга мувофиқдир.
Фракция фаолиятининг нақадар тўғри иш олиб бораётгани, муҳокама қилинаётган қонун лойиҳалари ва бошқа масалалар бўйича партия мавқеини доимий равишда ОАВда, хусусан, «XXI – asr» ижтимоий-сиёсий газетасида ёритиш, шунингдеқ, фракция, мажлисларида партия ҳудудий тузилмалари, бошланғич ташкилотлар раҳбарлари ҳамда давлат ҳокимиятининг маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳлари аъзоларининг иштирокини таъминлаш жуда муҳимдир.
Иккинчидан қонунчилик йўналиши бўйича “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунлари қабул қилингани амалда самарали ишлаши учун қатор қонунчилик хужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш лозимдир.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 4 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Конституциявий Қонунига Қонунчилик палатасида тузилган фракция ўз вакили Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари лавозимларидан бирини эгаллашида кафолатли ҳуқуққа эгалиги, ушбу лавозимга сайлаш тартиби, Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарини сайлаш учун фракция, қоида тариқасида, ўз фракцияси раҳбарининг номзодини тақдим этаиши каби нормалар киритлиши тўғрисида қўшимчалар киритиш лозим бўлади.
Мазкур қонун парламентдаги кўпчилик ва парламент муҳолифати тушунчаларини, фракцияларнинг блокга бирлашиши тартиб тамойилларини аниқ белгилаб берувчи махсус модда билан тўлдирилиши ҳам мақсадга мувофиқдир.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Конунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунига ҳам фракциянинг хуқуқлари ҳамда Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарларини сайлаш тартибларини аниқ белгиловчи тегишли ўзгартиришлар киритиш лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодининг Сенат томонидан кўриб чиқилишига оид қисмига тегишли ўзгартиришлар киритиш зарур бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 6 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонунига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг ҳар бири ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар билан маслаҳатлашувлар ўтказилгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тасдиқлаши учун киритилиши, ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган ҳолларда қайта киритилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини лавозимдан озод қилиш тартиби билан боғлиқ жараёнлар акс эттирилиши лозим.
Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 декабрда қабул қилинган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунига сиёсий партияларнинг вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосли хулосалар тақдим этиш ташаббуси билан чиқа олиш хуқуқини белгилаб қўювчи модда билан тўлдириш зарур.
Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилгандан сўнг тегишли Кенгаш тасдиқлаши учун киритилиши, тегишли қонунда белгилаб қўйилган ҳолларда партия гуруҳлари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг қайта тақдим этиш билан боғлиқ ҳолатлар акс эттирилиши лозим.
Албатта мавжуд қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритиш билан бирга Президентимиз томонидан Қонунчилик палатасига киритлиган Конституциявий қонунларнинг амалиётга самарали тадбиқ қилиниши бир қатор мутлақо янги қонунларнинг ишлаб чиқилиши ва ҳаётга тадбиқ қилинишини талаб қилади.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш мақсад ва вазифаларини амалга ошириш дастури тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилган бир қатор қонун лойиҳалари, хусусан “Давлат хизмати тўғрисида”ги, “Давлат ва хўжалик бошқаруви асослари тўғрисида”ги қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ва тадбиқ қилиниши давлат хизматчиларининг мақомини белгилаб бериш билан бирга, уларнинг давлат хизматини ўташдаги жавобгарлигини, улар ваколатларининг аниқ белгилаб қўйилишини таъминлаган бўлдар эди. Шу ўринда “Маъмурий тартиб тамойиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинишини тезлаштириш ҳам турли маъмурий тартибларнинг, хусусан, лицензиялаш, сертификатлаш, рўйхатдан ўтказиш каби тартибларнинг камайтирилиши в а соддалаштирилишига, бу борада маҳаллий бошқаруви органлари фаолиятида кузатилаётган айрим камчиликларни бартараф этилишига асос бўларди деб хисоблаймиз.
Давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини оширишда улар фаолиятининг очиқ ҳамда профессионал тарзда таҳлил қилиш, ислохотларнинг боришига тўсиқ бўлаётган айрим иллатлар ва долзарб муаммоларни мухокама қилиш борасида “Давлат бошқарув органлари фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши алоҳида ўрин тутади.
Айтиб ўтиш лозимки, ушбу қонун хужжатларининг қабул қилиниши, ҳамда Президент ташаббуси билан киритилаётган Конституциявий қонунларнинг ҳаётга тадбиқ қилиниши мутлақо жамият бошқарувида мутлақо янгича муносабатлар тизимини вужудга келтирадики, бу муносабатлар давлат бошқаруви тизимида фаолият юритаётган кадрлардан мутлақо янгича дунёқарашни, ишга янгича сифат асосда ёндошишни талаб қилади. Шулардан келиб чиққан холда кадрларнинг жавобгарлигини ошириш, уларни танлаш, тайинлаш, аттестациядан ўтказиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимида ҳам чуқур ислоҳотлар амалга оширишни талаб қиладики, бу борада зарур тизимни яратиш, керак бўлса ушбу тизимнинг қонунчилик ва норматив хуқуқий асосини барпо этиш борасида ҳам аниқ йўналтирилган тадбирларни амалга оширишимиз, бу борадаги ўз ёндошувларимизни жамиятга тақдим қила олишимиз керак.
Учинчидан, кадрлар тайёрлаш сиёсати Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган бугунги куннинг энг мухим ва устувор масаласи - мамлакатни модернизациялаш вазифасининг ҳал этилиши тўғридан - тўғри кадрлар тайёрлаш сиёсати билан чамбарчас боғлиқдир.
Барчамизга яхши маълумки, кадрлар тайёрлаш, уларни ўқитиш ҳаммавақт ва ҳар қандай жамият ёки давлат тузилмаси, ҳар қандай ташкилот учун асосий масалалардан бири бўлиб келган. Демоқчиманки, сиёсий партиялар ҳам бошқа тузилмалардан асло фарқ қилмайди.
Шу маънода кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизимисиз сиёсий партия яшаб кета олмайди. Ҳеч бир маъмурий ресурс, ҳеч қандай маблағ барча соҳада саводхон, тайёргарлиги пухта кадрлар таркибининг ўрнини босишга қодир эмаслигини унутмаслик керак.
Шу маънода ташкил этилган сиёсий ўқувлар тизими партия олдида турган асосий вазифалар ечимини топишга ва ишнинг самарадорлигини оширишга қаратилганлигини айтиш жоиз.
Бундан ташқари, мазкур тизим барча кучларимизнинг ягона ҳаракат механизмини яратишга, унинг жамики таркибий қисмлари - партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, минтақавий кенгашлар, тарафдорларимиз, партиямизнинг оддий аъзоларидан тортиб барча хайрихоҳларгача партия қурилиши масалаларини якдил бўлиб тўғри тушунишлари ҳамда биргаликда самарали ўзаро ҳаракат қилишларини таъминлашга қаратилгандир. Агар ҳар қандай киши олдига қўйилган вазифаларни ва уларнинг хусусиятларини тўла тушуниб етмас экан, у ҳолда бу ишларни бажаришдан, эришиладиган натижалардан манфаатдор бўлолмайди.
Сиёсий ўқув принципиал жиҳатдан партия аъзоларининг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилиши зарур. Биз профессионал, билимдон, кенг қамровли ва узоқни кўра биладиган, ўз ишининг мазмун - моҳиятини яхши тушунадиганлар партияси бўлишимиз шарт. Кўриниб турибдики, бу шунчаки масъулият эмас. У биздан изчилликни талаб этади. Бир сўз билан айтганда, бу мақсадларга эриша олсак, O’zLiDePнинг обрў - эътибори янада ошади, нафақат партия ишларини, балки Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган стратегик вазифаларни ҳам ҳал этишда фаол иштирок эта оламиз.
Биз жамиятимиз нафасини, давр талабларини доимо ҳис қилиб яшашимиз, бунинг учун эса ҳар қандай шароитга тайёр туришимиз, барча учун мақбул фаолият юритишимиз керак. Биз жамият томонидан ҳокимиятнинг аниқ ишлари тўғри тушунилишини таъминлашга, ишончни мустахкамлашга, ва, албатта, фуқаролик жамиятининг қарор топишига кўмаклашмоғимиз лозим.
Бу ниҳоятда жиддий ва масъулиятли вазифа, албатта. Шунинг учун ҳам кадрларни пухта тайёрлашимиз, ўқитишимиз ва ўзимиз ҳам доимо ўз устимизда ишлашимиз лозим.
Партиявий тузилмаларимиз давлатимиз сиёсатини, энг аввало, минтақаларда, жойларда конструктив тарзда талқин қилишга қодир бўлмоқлари зарур. Сиёсат, иқтисодиётнинг юртдошларимизнинг ҳаётий манфаатларига алоқадор ҳар қандай соҳаси партия кадрларимиз ваколат доирасига кирадиган соха бўлиб қолиши керак.
Шу ўринда бир масалага алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайман. Партия ўқуви ғояси партиянинг барча даражадаги раҳбарлари ва аъзолари томонидан қўллаб - қувватланаётгани қувонарли ҳолдир. Бугунги кунда билимсизлик, иродасизлик ҳар қандай муваффақиятни йўққа чиқариши, ўсиш ва ривожланиш жараёнларига салбий таъсир кўрсатишини бир дақиқа бўлса-да унутишга ҳаққимиз йўқ. "Кечаги кун қаҳрамонлари"га айланиб қолмаслик учун вақтдан ўзиб, истиқболни кўзлаб ишлаш зарур. Бир сўз билан айтганда, изчил йўлга қўйилган сиёсий ўқув тизимининг заруратини тушунмаслик партия олдида турган вазифаларнинг долзарблиги ва кўламини тушунмаслик билан тенгдир. Бизнингча, бундай "тушунмаслик"ни тездан ва ҳеч бир иккиланишларсиз бартараф этиш лозим. Сиёсий ўқувларни ташкил қилиш борасида айрим вилоятларда кузатилаётган сускашликларга тез орада барҳам берилади деб ўйлаймиз.
Яна бир муҳим масала. Республика даражасидаги партия ўқуви дастурида партиянинг раҳбар органлари вакиллари — Сиёсий Кенгаш аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг масъул ходимлари ҳам иштирок этмоқдалар. Минтақавий даражада эса ҳудудий кенгашлар аъзолари, бошланғич партия ташкилотлари раислари, депутатлик гуруҳларининг аъзолари фаол қатнашмоқдалар. Улар қандай лавозим ва вазифаларда ишламасинлар, иш тартиблари тиғиз бўлишига қарамай, машғулотларга ўта масъулият билан ёндашмоқдалар. Бу, менимча, энг катта ютуғимиздир.
Партия ўқуви энг юқори даражада ўтказилишига эришиш бирламчи вазифамиз. Ўқувларга маърузачи сифатида партия етакчилари, вазирликлар ва идоралар вакиллари, мамлакатимизнинг кўзга кўринган олимлари ва мутахассисларини кенг жалб қилиш мақсадга мувофиқдир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси билан ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтариш лозим. Бундан ташқари, машғулотларга жойлардаги етакчи олий ўқув юртларининг йирик олимлари жалб этиш ўз самарасини беради деб хисоблайман.
Бундай кишиларнинг жалб этилиши эса ўқув жараёнларининг юксак даражада ўтишини кафолатлайди. Бугунги кунда ана шу ўқувлар партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси фаолиятида энг устувор йўналишлардан бири бўлиб қолиши зарур.
Биз партия ўқувининг кўпбосқичли тизимини ягона мазмунан асосга қуришимиз лозим. Олдимизда турган вазифа - тингловчиларни услубий материаллар билан тўлиқ таъминлаш, ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва икки томонлама алоқани йўлга қўйишдан иборатдир. Минтақалардаги партия ўқуви билан вазиятни доимий равишда мониторинг қилиб бориш зарур. Чунки, айнан минтақалардаги партия ўқуви юртдошларимиз орасига кириб борадиган тарғиботчи ва ташвиқотчилардан иборат улкан гурухни тайёрлашга имкон беради. Фуқаролар билан алоқамиз самарадорлиги айнан ана шундай вакилларимиз фаолиятига боғлиқ.
Яна бир гап. Партия ўқувининг муҳимлиги ва унга билдирилган муносабатнинг жиддийлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Биз учун номигагина расмиятчилик учун ўтказиладиган ўқув тизими керак эмас. Бугун ҳар бир юртдошимиз ўз атрофида рўй бераётган воқеа - ҳодисаларни теран англаши, унинг моҳиятини тушуниши лозим. Чунки биз дунёга кўзни каттароқ очиб қараш лозим бўлган замонда яшаяпмиз. Шу маънода партия фаолларининг сиёсий таълими шунчаки тадбир бўлмай, балки профессионал ўсиш имконияти ҳамдир. Бу ўқув шахсий салоҳиятни рўёбга чиқариш имконини берадиган муқим восита ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ўқувларга мамлакат тараққиётининг жуда муҳим вазифаларини ҳал этишга қодир, келгуси авлодлар тақдирини ишониб топшириш мумкин бўлган истеъдодли, истиқболли юртдошларимизни таклиф этишимиз ва бундай кишиларни топа билишимиз лозим.
Тўртинчидан, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини жонлантириш. Бошланғич партия ташкилотлари фаолиятимиз асоси, пойдевори эканлигини сира унутмаслигимиз керак. Бошқача айтганда, бутун партиямиз сиёсий фаолиятининг муваффақияти улар ишининг самарадорлигига боғлиқ. Улар ҳал қилувчи тузилмамиз бўлиб, аҳоли барча табақаларининг вакиллари билан бевосита яқин алоқада ишлаш соҳасида сира чекланмаган имкониятларга ҳамда чуқур таъсир кучига эгадир.
Чунки бошланғич ташкилотларгина асосан партия ғояларининг тарғиботи билан шуғулланади, янги аъзоларни қабул қилади, партия номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, шунингдек, давлат ҳокимиятининг бошқа органларига депутатликка кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватлайди. Улар ҳузурида эса аъзо ҳисобланмайдиган партия тарафдорлари бирлашмалари (клублари) тузилишини ҳам эътибордан қочирмаслигимиз керак.
Бошланғич ташкилотларнинг раҳбарлари партия тузилмасида энг асосий бўғин нима эканлигини яхши англаган ҳолда ўз тажрибалари, изчил ишлари билан сафларимизга обрў-эътиборли кишиларни жалб этишлари, ўз ортларидан янги кучларни эргаштира олишлари лозим.
Яхши маълумки, бугунги кунда республикамиз ҳаётида рўй бераётган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда партиямиз ҳар қачонгидан ҳам юксак масъулиятни ҳис этиб, кундалик ишларни олиб боришга асосий эътиборни қаратмоқда.
Шу муносабат билан биз устувор йўналишлардан бири сифатида ташкилий қурилишни такомиллаштириш ҳамда бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари ва фаолларини худудий партия ташкилотлари хузурида ташкил этилган Сиёсий таълим марказларида улар учун ташкил этилаётган доимий фаолият юритувчи семинарларни янада юқори босқичга кўтаришимиз зарур.
Партия ташкилотларининг кўпйиллик иш тажрибаси шуни кўрсатаяптики, самарали ташкилий ишларни олиб бормай туриб, партия ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларни ҳаётга татбиқ эта олмас экан. Агар ким ташкилий жиҳатдан яхши уюшган бўлса, кучли мафкура базасини вужудга келтира олса ҳамда жамиятда ташкилий устунликни қўлга киритса, сайловлардан кейинги кураш босқичида ўша ютиб чиқади. Яъни сайловчиларнинг, потенциал электоратнинг қизиқиши ва диққат-эътиборини ўз мақсадларимиз ҳамда вазифаларимизга қарата олишимиз лозим.
Шунинг учун ҳам бугунги кунда фуқароларнинг барча тоифаларини қамраб олган бошланғич партия ташкилотларининг вужудга келган тармоғини сифат жиҳатидан мустаҳкамлашга ҳаракат қилишимиз зарур.
Шу ўринда яна бир муҳим масалага эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайман. Жуда тез ўзгариб бораётган бугунги кунимизда биз эришилган натижалар билан кифояланиб қололмаймиз. Партиянинг тарғибот-ташвиқот соҳасидаги тадбирларини ўтказишни аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда кучайтиришимиз керак. Бунда партиянинг минтақавий ташкилотларини аниқ амалий ишларга, ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда партиянинг аҳоли билан узвий алоқасининг доимий ҳаракатдаги тизимини ўрнатишга йўналтиришимиз лозим.
Бинобарин, партия ҳудудий тузилмалари ҳаракати муваффақиятини баҳолашдаги асосий мезон партиянинг моҳияти, мақсад ва вазифаларини оммага самарали тарзда етказиш, жойлардаги ижтймоий-иқтисодий муаммоларни профессонал жиҳатдан ўрганиш, фуқаролар фаровонлигини яхшилаш учун фойдаланилмаётган имкониятларни излаб топиш ва ишга тушириш йўли билан ўша муаммоларнинг ҳал этилишига кўмаклашишдан иборатдир.
Биз партиянинг дастурий вазифалари аҳоли барча қатламларининг ижтимоий онгига етиб бориши, фуқароларнинг мафкуравий иммунитети мустаҳкамланиши, партия обрўини сақлаш учун мафкуравий ва ахборот-тарғибот ишларини замонавий сиёсий технологиялардан фойдаланган ва оммавий ахборот воситалари билан яқин ўзаро ҳамкорлик қилган ҳолда кучайтиришни давом эттиришимиз лозим.
Биз барча ташкилий ва тарғибот кучлари ҳамда воситаларини бош мақсадга -меҳнат жамоалари ва партиясиз жамоат ташкилотларига партия таъсирининг реал марказларини яратишга қаратишимиз зарур. Бунинг учун нималар қилишимиз даркор?
Биринчи навбатда, партия тарафдорлари билан ишлашни кучайтиришимиз зарур. Чунки бу муҳит сафларимиз ўсиши учун асосий захира, кучли база ҳисобланади, уни биз оммавий кампаниялар, сайловлар даврида сафарбар этилиши, аҳоли кенг оммасига доимий ташвиқот кўрсатиш каналига айлантиришимиз лозим.
Бу ерда биз ўз фаолларимизни, кишиларни, уларнинг касбкори ва ҳудудий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда, манфаатлари асосида бирлаштиришнинг кичик шаклларидан фойдаланиладиган партия тарафдорлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишнинг самарали усулларига ўргатишимиз зарур.
Иккинчидан, бошланғич партия ташкилотларининг фаоллари ўз ишларида соф сиёсий муаммолар доирасидан чиқиб, одамларнинг кундалик манфаатлари учун курашга бошчилик қилишлари лозим. Фуқароларни қизиқтираётган ҳар қандай масала уларнинг партиявий ишига айланиши лозим. Ана шу тадбирларни ахборот билан ва ташкилий жиҳатдан таъминлаш эса ҳудудий ташкилотлар ҳисобида турадиган ва турли корхоналар ҳамда жамиятларда ишлайдиган партия фаолларига топширилиши мақсадга мувофиқдир.
Учинчидан, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлашда ҳам фойдаланилмаётган имкониятлар ҳали кўп. Бу фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан биридир.
Бу борада фаолларимиз аҳолининг турли қатламлари ўртасида сиёсий-тарбиявий ишларни олиб бориш кўникмасига эга бўлишлари, бу ишлар жамиятда ижтимоий ҳаётбахшлик вазиятини ҳамда, дастуримизда ёзиб қўйилганидек, ёшлар учун ижтимоий-сиёсий истиқболни яратишга, ҳар томонлама камол топган, Ватанга садоқатли, ривожланган бозор муносабатлари ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда фаол қатнашишга тайёр йигит-қизларни тарбиялашга қаратилиши лозим.
Ҳар бир фаол аъзоимиз ёшлар олдида турган муаммоларни аниқлаши, таҳлил қилиши ва бартараф этиш йўллари, усулларини қидириб топиши, ишсизлик сингари ижтимоий муаммони ҳал этишда ёрдам бериш юзасидан доимий иш олиб бориши лозим. Ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг шакл ва усулларини излаш ҳамда такомиллаштиришга, жамиятнинг маънавий барқарорлигига путур етказишга қаратилган ҳар қандай бузғунчи ғоялардан уларни ҳимоя қилиш борасидаги ишлар жуда муҳим аҳамият касб этади.
Бошланғич партия ташкилотлари раҳбарларининг режали ва тизимли фаолиятидаги асосий устувор йўналишлардан яна бири - бу хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини оширишга, уларнинг жамият ва оиладаги муносиб роли ва ўрнини мустаҳкамлашга қаратилиши лозим. Партиямизда хотин-қизларга улар уй-рўзғор юритишни иқтисодиёт ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиш билан мақбул даражада қўшиб олиб боришлари учун шароит яратиб бериш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширишимиз зарурдир.