|
МАЪЛУМОТЛАР УЧУН
|
Партия ДастуриТадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Таъсис съездида (2003 йил 15 ноябрь куни) қабул қилинган
ТАДБИРКОРЛАР ВА ИШБИЛАРМОНЛАР ҲАРАКАТИ – ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ
Д А С Т У Р И
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ўзбекистонда давлат ва жамият тизими ривожи ва янгиланишининг асосий таянчига айланиши ҳамда Ватан тараққиёти, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг жадал суръатлар билан амалга оширилиши учун масъулиятни ўз зиммасига олиши зарур.
ХХI аср бўсағасида Ўзбекистон Республикаси сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий соҳаларни ҳамда жамият тараққиётининг бошқа жабҳаларини либераллаштиришга қаратилган стратегик йўлни белгилаб олди. Олий Мажлиснинг 2000 йил биринчи сессиясида қабул қилинган ва унинг тўққизинчи сессиясида янада ривожлантирилган давлат ва жамиятнинг барча соҳаларини либераллаштириш миллий дастури мамлакатни демократик асосда янгилаш, бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, хусусий мулк ва тадбиркорлар, ишбилармонлар манфаатларини ҳимоялашнинг муҳим асоси бўлди.
Ўзбекистоннинг дунёда тобора ошиб бораётган обрў-эътибори – бу нафақат давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ҳар томонлама ўйланган ва асосланган, қатъий ва мустақил ташқи сиёсатнинг натижаси, балки мамлакатда олиб борилаётган демократик, бозор иқтисодиёти тамойилларига таянган ислоҳотларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олиниши натижаси ҳамдир.
2002 йил 27 январидаги референдум Ўзбекистонда кўппартиявийлик ва сиёсий фикрлар хилма-хиллигига таянган ҳамда шаклан ва моҳиятан қабул қилинган демократик мезонларга жавоб берадиган вакиллик демократиясининг замонавий тизимини яратиш ишига янги туртки берди.
Давлат ҳокимиятининг ижроия тизими таркибий тузилиши ва фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг фаолиятида очиқликни, қонуннинг сўзсиз устуворлигини таъминлаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда. Суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш, унинг мустақиллигини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини мукаммаллаштириш борасида қатъий қадамлар қўйилмоқда.
Шу билан бирга, янги жамиятни шакллантиришда Америка, Европа ва Осиёдаги ривожланган демократик давлатлар эришган ҳаёт андазаларига эришиш сари қатъий ҳаракатларни амалга оширишда Ўзбекистон эндигина дастлабки босқични босиб ўтди.
Мамлакатни модернизациялаш, фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш, эркин иқтисодиётни қарор топтириш, кишиларимизда ўз қадр-қимматини англаш туйғусини уйғотиш, маънавий қадриятларни қайта тиклаш, келажаги буюк мамлакатни барпо этиш каби йўналишларда белгилаб олинган дастурларни рўёбга чиқариш бўйича олдимизда улкан вазифалар турибди.
Айнан мана шу жиҳатлар бугунги кунда мамлакат сиёсий саҳнасига кириб келаётган янги сиёсий куч - Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ижтимоий, сиёсий ва парламент фаолияти соҳасидаги устувор, стратегик ва тактик мақсад ҳамда вазифаларини белгилайди.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси умуммиллий сиёсий ташкилот сифатида мулкдорлар қатлами, кичик бизнес, фермерлик ва деҳқон хўжаликлари вакиллари, ишлаб чиқаришнинг юқори малакали мутахассислари ва бошқарув ходимлари, ишбилармонлар манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатимизда тадбиркорлиги, ташаббускорлиги, ўз ишини ташкил қилиш, ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш эвазига шахсий, оилавий фаровонликка ҳамда умуман жамият фаровонлигига интилувчи барча фуқароларни бирлаштиради.
Партия бугунги кунда Ўзбекистоннинг ҳар томонлама равнақ топишидан, мамлакатда демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнларини чуқурлаштиришдан, фуқароларнинг турмуш даражаси ва мамлакатнинг халқаро обрў-эътибори ўсишидан, тинч ва барқарор ҳаёт сақланиб туришидан, айниқса манфаатдор бўлган ушбу қатлам номидан сиёсий саҳнага чиқмоқда. Жиддий ҳаётий салоҳиятга эга сиёсий куч сифатида партия Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши, мамлакатнинг тараққиёт ва фаровонлик сари интилишида учраётган тўсиқларни бартараф этиш ишида масъулиятни ўз зиммасига олишини эълон қилади.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати- Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
Биринчи. Сиёсий куч сифатида бирлашган ҳолда тадбиркор ва ишбилармонларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар очиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг ушбу табақаси манфаатларини ҳимоялаш баробарида унинг эртанги кунини таъминлаш.
Иккинчи. Партиянинг куч ва имкониятларини бошқа сиёсий партия ва ҳаракатлар билан ҳамкорликда мамлакатнинг миллий манфаатлари ва тараққиётининг стратегик истиқболларига жавоб берадиган бозор иқтисодиётига асосланган демократик, ҳуқуқий давлат қуриш, фуқаролик институтларининг ривожига кенг йўл очиб бериш ва демократик қадриятларни халқимиз, аввало, ёшлар онги ва ҳаётига сингдиришга қаратилган ҳаракат дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш.
Учинчи. Партиянинг давлат бошқаруви, жамиятда шаклланаётган қарашларга таъсир ўтказиш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги иштирокини таъминлаш. Давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиёти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, Ўзбекистоннинг халқаро обрўйини оширишда, юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашда, миллатлараро ва фуқаролараро аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида фаол қатнашиш. Ёшларимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат, ўз элим, ўз юртим, жон Ўзбекистоним, дея ғурурланиб яшаш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш, ҳар қандай шароитда мустақиллик йўлимиз, қадриятларимиз, миллий ва диний анъаналаримиз, урф-одатларимизни қадрлаш, шу билан бирга, барча миллат ва элатлар қадриятларини камситишга йўл қўймаслик, бундай хуружларга қарши изчил кураш олиб бориш.
Тўртинчи. Ўзи учун сиёсий платформа деб танлаб олган либерал-демократик ғоя ва мақсадларни ўз фаолияти орқали кенг омма онгига сингдириш, бу борада сафини кенгайтиришга йўналтирилган ҳар томонлама чуқур ўйланган партия сиёсатини тарғиб қилиш ишларини амалга ошириш.
Шу ғояларни ҳаётга татбиқ этишда фидойилик кўрсатган фаолларни депутатликка номзод сифатида тавсия этиш ва сайловчилар ишончини қозонган депутатлар зиммасига қонунчилик ва ижро ҳокимиятида вакиллик вазифасини юклаш ҳамда уларнинг фаолиятини бошқариш.
Партия жамият ва давлат қурилишининг энг муҳим устувор йўналиши - мустақил тараққиёт, Ватанимиз суверенитетини мустаҳкамлаш ишининг изчил ва оғишмасдан амалга оширилиши учун курашади.
Ушбу устувор йўналиш моҳиятига кўра мамлакатнинг ўз тақдирини мустақил белгилаши, келажагини ўзи қуриши, бойликларига халқ манфаатларидан келиб чиқиб эгалик қилиши, бунда халқимизнинг муқаддас маънавий қадриятлари ва анъаналарига таяниш, уларни асраб-авайлаш, шу билан бирга, жаҳон ҳамжамияти тан олган халқаро ҳуқуқ нормалари ва зиммамизга олган халқаро мажбуриятларга риоя этишни тақозо этади.
Ушбу асосий мақсадлардан келиб чиққан ҳолда партия ўзининг стратегик ва тактик вазифаларини белгилайди.
ПАРТИЯНИНГ ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИНИ ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ВА ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ СОҲАСИДАГИ ВАЗИФАЛАРИ
Мамлакатнинг сиёсий тизими, давлат ва жамият қурилишини либераллаштиришдаги асосий йўналиш - қонун устуворлигини таъминлаш, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг вазифа, ваколат ва ҳуқуқларини аниқ белгилаш, ҳар бирининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлашдан иборат бўлиши лозим.
Партия бунга ҳокимиятнинг нафақат марказий органларида, балки жойларда - вилоятларда, туманларда ва шаҳарларда ҳам эришишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга, партия вакиллик органларининг давлат ва жамият қурилиши жараёнидаги ролини ошириш, ижро этувчи ҳокимият, жумладан, ҳарбийлашган тузилмалар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг самарали тизимини яратиш тарафдоридир.
Давлат ҳокимияти халқ манфаатларига хизмат қилиши, унинг сиёсий иродасини ифода этиши даркор. Шу боис ҳокимият органларини шакллантириш аниқ механизмларини ҳамда сайлов тизимини такомиллаштириш зарур.
Бу жараён мамлакатда реал кўппартиявийлик ва сиёсий ҳурфикрлиликка асосланган вакиллик-парламент демократиясининг босқичма-босқич шаклланиши ва ривожланишини кўзда тутиши лозим. Партия ижро этувчи ҳокимиятни шакллантиришда парламентнинг ролини ошириш ҳамда ҳукумат фаолиятида очиқлик ва ошкораликка эришиш тарафдоридир.
Партия давлат апппаратининг жамиятдан узилиб қолиш ҳолларини, унинг фаолиятидаги тўрачилик ва бошқа салбий кўринишларни бартараф этиш, хўжалик ва иқтисодий муносабатлар тизимига тўғридан-тўғри аралашувига йўл қўймасликка қаратилган чуқур маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш тарафдоридир. Шу мақсадда партия давлат хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколат доираси ва фаолияти тамойилларини, аниқ белгиланган кадрлар сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга ошириш мезонларини назарда тутган давлат хизмати ҳақидаги қонунчиликни такомиллаштиришни таклиф этади.
Партия “Кучли давлатдан – кучли жамият сари” тамойилини босқичма-босқич амалга оширишга, фуқаролик жамиятининг турли хил институтларини шакллантириш ва тараққий эттиришга, давлат ҳокимияти ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ўзаро алоқалар тизимини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга қатъий ҳаракат қилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ислоҳ қилиш – фуқаролик жамияти шароитида бевосита демократияни амалга оширишнинг асосий йўлидир. Партия маҳалланинг шахс, давлат ва жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, гуманитар муаммоларини самарали ҳал этишга қодир бўлган фуқаролик жамиятининг етук тизими эканини ҳисобга олган ҳолда, унинг ҳуқуқи, мақоми ва моддий асосини мустаҳкамлаш тарафдоридир.
Партия фуқароларга ўз ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ манфаатларига мос келадиган, жамият ҳаёти ва давлатни бошқаришда масъулият билан қатнашишга имкон берадиган нодавлат ташкилотлар кенг тармоқли тизимини яратишни фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги стратегик вазифаларидан бири деб ҳисоблайди.
Партия фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги, шунингдек, амалга оширилаётган ислоҳотлар очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган демократик тамойилларни ҳаётга янада чуқурроқ татбиқ этишни фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири деб билади.
Оммавий ахборот воситалари тўртинчи ҳокимият сифатида фуқаролик жамиятининг негизига айланмоғи даркор. Партия улар орқали ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг муҳим муаммоларини кўтариб чиқишни, кишиларни ўйлантираётган барча муаммоларни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этишни, ҳокимият ва бошқарув тизими фаолияти ҳамда қабул қилаётган қарорларига танқидий ва холисона баҳо беришни кўзда тутади.
Партия ахборот майдонида шакли, адади, кўлами, мавзу йўналишидан қатъи назар, барча иштирокчилар учун бозор муносабатлари ва адолатли рақобат муҳитини яратишга интилади ва буни жамиятни ҳақиқий демократлаштириш гарови деб билади.
Бундан ташқари, партия жамиятнинг маънавий ва ахлоқий негизларига путур етказиш ва ўзбек халқининг авлодлараро азалий тарихий ва маданий алоқаларини узиш каби мақсадларга қаратилган ҳар қандай салбий ахборот таъсиридан жамиятни самарали ҳимоялаш жараёнида иштирок этишни ўзининг устувор йўналишларидан бири деб ҳисоблайди.
ПАРТИЯНИНГ ИҚТИСОДИЁТНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ ВА БОЗОР ИСЛОҲОТЛАРИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ СОҲАСИДАГИ ВАЗИФАЛАРИ
Партиянинг иқтисодиётни либераллаштириш соҳасидаги устувор вазифаси-хусусий мулкчилик етакчи ўрин тутган кўп қиррали иқтисодиётни шакллантиришдир. Партия давлатда йирик мулкдорлар қатламининг мавжудлиги жамиятда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилади деб билади.
Партия тадбиркорлар эркинликларини таъминлаш учун иқтисодий, ташкилий, хуқуқий шароит ва кафолатлар яратилиши, мазкур қатлам фаолиятининг ҳар томонлама рағбатлантирилиши, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий мустақил бўлиши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги мавжуд тўсиқларнинг бартараф этилиши тарафдоридир. Партия давлатнинг назорат органлари корхоналар, биринчи навбатда, хусусий тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувдан воз кечиши керак деб ҳисоблайди.
Партия тадбиркор ва ишбилармонлар фаолияти ялпи миллий маҳсулотнинг яратилишида етакчи ўрин эгаллаши ҳамда фуқаролар фаровонлигини оширишда асосий омил бўлиши керак деб ҳисоблайди.
Партия бу масалаларнинг ечими, авваламбор, хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, кўп қиррали бозор иқтисодиётини ривожлантириш орқали ҳақиқий мулкдорлар қатламининг шакллантирилиши билан боғлиқ деб билади. Мулкдорлар қатлами жамият ҳаётини ва давлат тизимини демократик асосларда янгилаш ва янги иқтисодий тизимни тараққий эттиришда ҳаракатлантирувчи куч вазифасини бажаради.
Ҳақиқий мулкдорлар қатламини шакллантириш ва фуқаролик жамиятини барпо этиш вазифалари ажралмас жараёндир. Партия бу қатлам ислоҳот ғояларини ташийдиган ва ҳаётга татбиқ этадиган куч бўлиши даркор деб ҳисоблайди. Айнан ҳуқуқий меъёрларга асосланган соғлом рақобатнинг вужудга келтирилиши ҳақиқий мулк эгаларининг жамиятимиз иқтисодий тараққиётини жадаллаштиришда ўз ўрнини эгаллашига имкон яратади.
Партия давлатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган ислоҳотларини, фермер ва деҳқон хўжаликларининг ривожлантирилишини қўллаб-қувватлайди ва бу ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этади. Партия қишлоқ хўжалигидаги муаммоларни ҳал этмасдан туриб, иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли давом эттириб бўлмайди деб ҳисоблайди.
Қишлоқ хўжалигида иқтисодий муносабатлар тизимини ўзгартириш – аграр ислоҳотлар амалга оширилишининг устувор йўналишдир. Бу қуйидагиларни назарда тутади: хўжалик юритиш амалиётида маъмурий-буйруқбозлик усулига тўлиқ барҳам бериш; ердан фойдаланиш тизимини ўзгартириш ва такомиллаштириш; қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йирик корхоналарини изчил акционерлаштириш; деҳқон ва фермерларнинг ўз меҳнатлари натижаларига бўлган қизиқишини кучайтириш мақсадида улар учун зарур моддий-техникавий шароит яратиш ва иқтисодий манфаатдорлигини ошириш.
Партия учун янги иш ўринларини яратиш, ишсизликка қарши курашиш, авваламбор, ёшларни иш билан таъминлаш ниҳоятда зарур ва кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Бу масалани ечишнинг асосий йўналишлари сифатида партия аҳолининг ўзини ўзи иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда меҳнатга бўлган иқтисодий манфаатдорликни ошириш, ўзгарувчан бозор конъюктурасига мослаштирилган малака ошириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш, шунингдек қўшимча таълим олиш ва касб ўрганиш соҳасини тубдан яхшилаш керак деб ҳисоблайди.
Партия Ўзбекистоннинг жаҳон меҳнат бозорига тартибли (цивилизациялашган) тарзда кириши ҳал этилиши лозим бўлган долзарб муаммолардан деб билади.
Партиянинг устувор вазифаси – амалда аҳоли даромадларини ошириш, шунингдек, фуқаро ва корхоналарни солиққа тортиш тизимини такомиллаштиришдан иборатдир. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг рағбатлантирувчи усулларини кенгроқ жорий этиш орқали ёлланма ишчиларнинг меҳнат самарадорлигини оширишга бўлган манфаатларини янада кучайтириш кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифадир.
Партия хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга ва унинг иқтисодиётдаги ўрнини оширишга алоҳида эътибор беради. Бу соҳа фақат иш ўринлари яратибгина қолмай, айниқса қишлоқ жойларда аҳоли даромадларининг ўсиши ва турмуш даражасининг яхшиланишига хизмат қилмоғи лозим.
Аҳолининг барқарор иқтисодий тараққиёти ва фаровонлигини таъминловчи асосий шартлардан бири - мамлакатнинг иқтисодий мустақиллигини кучайтириш, бой табиий, минерал хомашё захиралари ва меҳнат ресурслари, интеллектуал ва илмий-техникавий имкониятлардан тўлиқ ва самарали фойдаланишга йўналтирилган иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишдан иборатдир.
Партия иқтисодиётда тугалланган технологик ишлаб чиқариш циклига эга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган, минерал ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини тўлиқ қайта ишлайдиган корхоналар катта улушга эга бўлиши керак деб ҳисоблайди. Бунда асосий эътибор маҳаллий хомашёни қайта ишлаш асосида ҳамда илғор замонавий технологияларни қўллаган ҳолда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилиши керак.
Партия молия ва банк тизимида ислоҳотларни чуқурлаштириш, такомиллашган бозор инфратузилмасини яратишга жиддий эътибор қаратади. Банклар сармоялаш жараёнининг муҳим бўғини бўлиши, корхоналар ва тадбиркорлик тузилмалари ривожланишидан манфаатдор бўлган содиқ ҳамкорга айланиши керак.
Тадбиркорликка хизмат қилувчи ва у билан бевосита боғлиқ бўлган бозор иқтисодиёти инфратузилмасини ташкил этувчи консалтинг, маркетинг, инжиниринг, лизинг, суғурта ва бошқа барча институтларни ривожлантириш устувор аҳамият касб этиши зарур.
Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида партия халқаро иқтисодий интеграциялашув ва жаҳон бозорларида маҳаллий маҳсулотлар улушини кенгайтириш учун мақбул шароитларни яратишга интилади. Экспортни ошириш ва миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини таъминлаш иқтисодий соҳадаги дастуримизнинг энг муҳим қисми ҳисобланади.
Мамлакат иқтисодиётининг тез орада модернизациялашувини ҳамда сифат жиҳатдан янгиланишини амалга ошириш учун хорижий сармоялар ва илғор технологиялар жалб қилинишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш партиянинг муҳим вазифасидир. Партия сармоялар оқимини таъминловчи, уларнинг оқилона тақсимоти ва фойдаланилишини амалга оширувчи самарали иқтисодий тизим яратилишига кўмаклашади.
Сармояларни жалб этиш сиёсати юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш соҳалари ривожига бевосита таъсир кўрсатувчи лойиҳаларни молиялаштириш, давлатнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, ички бозорни аҳоли учун арзон, маҳаллий, рақобатбардош маҳсулот ва хизматлар билан тўлдириш каби йўналишлардан таркиб топган бўлиши лозим.
ПАРТИЯНИНГ ИЖТИМОИЙ, ГУМАНИТАР, МАЪНАВИЙ СОҲАЛАР ВА ЖАМИЯТ АҚЛИЙ САЛОҲИЯТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БОРАСИДАГИ ВАЗИФАЛАРИ
Инсон Ўзбекистонда демократик ўзгаришларнинг бош мақсади ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Партия унинг уйғун ривожланиши, манфаатларини рўёбга чиқаришнинг амалий тизимини яратиш, жамиятнинг ўзаги бўлган оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эскирган бир қолипдаги фикрлаш тарзи ва ижтимоий феъл-атворни ўзгартириш тарафдоридир.
Партия давлатнинг ижтимоий соҳага оид сиёсатидаги стратегик устувор йўналиш - инсонга бўлган эътибор ташкил этиши лозим деб ҳисоблайди. Партия ислоҳотларнинг барча босқичларида эришилган натижаларни аҳоли фаровонлигининг ўсиши билан баҳолайди.
Партия инсон саломатлиги, ҳозирги давр тиббиётининг янги ютуқларига таянган ҳолда дунёда илғор ўринларга интилаётган Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ривожи, оналик ва болаликни ҳимоялаш, умр узоқлигини таъминлаш йўлида курашади.
Партия аёлларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва тадбиркорлик фаолиятидаги ўрнини оширишга алоҳида эътиборни қаратади.
Партия аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, нафақахўрлар, айниқса ногиронларни аниқ йўналтирилган ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг амалий тизимини шакллантиришни сиёсий фаолиятининг бош вазифаларидан бири деб ҳисоблайди. Партия ногиронлар ўзларини жамиятнинг тўлақонли фуқаролари деб ҳисоблайдиган зарур шарт-шароитлар яратишга интилади.
Ижтимоий-гуманитар соҳанинг муҳим вазифаларидан бирини коммунал-маиший шароит сифатини ошириш масалалари ташкил қилади. Шу муносабат билан, партия аҳолини ичимлик сув ва табиий газ билан таъминлашни яхшилашга қаратилган давлат қарорларининг бажарилиши учун зарур бўлган чора-тадбирларни амалга оширади.
Партия жамиятнинг ҳаддан ташқари ижтимоий ва иқтисодий қутблашувига йўл қўймаслик учун курашади.
Партия энг кам ойлик иш ҳақи ва нафақлар миқдорини кескин кўтаришга ҳамда аҳолининг кам таъминланган қатламини ҳимоялашнинг самарали механизмини яратишга интилади. Партия ушбу масалани ҳал этишга қаратилган мақсадли давлат дастурлари лойиҳаларини таклиф қилади, шунингдек нодавлат жамғармаларни йўналтириш ва кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишда фаол қатнашади.
Партия жамиятнинг зиёлилашуви тарафдори, зеро давлатнинг иқтисодий тараққиёти фақат фан ва техниканинг янги ютуқларига таяниши мумкин. Шу муносабат билан, таълим ва фаннинг устувор ривожланишини таъминлаш зарур.
Партия инсон маънавий салоҳиятининг узлуксиз ўсишини таъминлашга интилади. У замонавий илмий билимлар билан қуролланган ва баркамол инсонни шакллантиришга хизмат қиладиган таълимнинг янги миллий моделига тўлиқ ўтиш жараёнини қўллаб-қувватлайди ва унда фаол иштирок этади. Чунки юксак илмий салоҳиятга эга бўлган кишилар, давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган тараққийпарвар ва обрўли илмий мактабларгина жамиятнинг гуллаб-яшнашини таъминлаши мумкин.
Ушбу йўналишда партия асосий эътиборни ўрта таълим соҳасидаги муаммоларга, биринчи галда, ўқитиш сифати, кутубхоналар тизими ривожи, ўқувчиларнинг замонавий адабиётлар билан таъминланиши, мактабларнинг асбоб-ускуна, компьютер техникаси, анжомлар билан жиҳозланишига қаратади. Иқтисодий имкониятлар ортиб бориши билан партия академик лицей ва коллеж ўқувчилари учун стипендиялар жорий этишга ҳаракат қилади.
Партия тиббиёт, таълим, фан, маданият ходимларининг ижтимоий мавқеини оширишда фаоллик кўрсатади. Партия уларнинг шарт-шароитини яхшилаш ва иш ҳақининг сезиларли ўсиши учун қатъий тадбирлар қўллайди.
Партия давлатнинг яхлит ва талабга жавоб берадиган ёшлар сиёсатини амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратади. Партиянинг саъй-ҳаракатлари ҳар томонлама камол топган, Ватанга содиқ, ривожланган бозор муносабатлари ва фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнларида фаол иштирок этишга тайёр йигит ва қизларни тарбиялашга йўналтирилади. Партия ёшлар учун сабот билан, босқичма-босқич ижтимоий кўтаринкилик муҳитини яратишга ва уларнинг ижтимоий-сиёсий истиқболини белгилаб беришга ўз кучини сарф этади.
Аҳолининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширмасдан туриб фуқаролик жамиятини қуриб бўлмайди. Онгли ва фаол инсонгина барча қийинчиликларни енгиб, мустақил Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнашига ва халқаро ҳамжамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлишига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.
Партия ўз фаолиятидаги муҳим йўналишлардан бирини Ўзбекистонда яшовчи миллат ва халқларнинг тили, маданияти, урф-одати ва анъаналари ривожига кўмаклашиш, жамиятда фуқаровий, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, эътиқод эркинлигини ҳимоя қилишда деб ҳисоблайди. Партия диний экстремизм ва фанатизмни кескин қоралайди ва уларнинг барча кўринишларига қарши кураш олиб боради. Халқнинг маънавий-ахлоқий юксалишига интилган ҳолда партия тараққийпарвар миллий анъаналарни ривожлантириш билан бирга жаҳон маданиятининг яратувчан салоҳиятидан, умуминсоний қадриятлардан фойдаланиш тарафдоридир.
Партия ўтиш даврининг мураккаб шароитида ижтимоий лоқайдлик, гиёҳвандлик, фоҳишабозлик, зўравонлик, экстремизм ва шунга ўхшаш таҳдид ва хуружларни муайян ижтимоий дастурлар ёрдамида тугатиш ишида фаол иштирок этади.
Партия ўзининг экологик сиёсатини инсон ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, маънан ва жисмонан соғлом авлодни шакллантириш ҳамда миллат генофондини асраш мақсадида зарур бўлган барча шарт-шароитни яратиш асосида фаолият юритади. Партия табиатдан фойдаланувчиларнинг табиий захиралардан оқилона фойдаланиш ва атроф муҳитни ҳимоялашда иқтисодий манфаатдорлик тизимини яратишга, экологик муаммоларни ҳал этиш учун республиканинг халқаро тизимларга узвий киришишини таъминлашга интилади.
ПАРТИЯНИНГ ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ, СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ БОРАСИДАГИ ВАЗИФАЛАРИ
Партия жамият ҳаётида қонун устуворлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя этишнинг ҳуқуқий кафолатларини яратишга ҳар томонлама кўмаклашади.
Партия давлат органлари устидан самарали жамоатчилик назорати тизимини шакллантириш, кўпсонли назорат органларини қисқартириш, мансабдор шаҳслар орасида коррупция ва лавозимни суистеъмол қилиш ҳолларига қарши изчил чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва амалга оширади.
Ушбу мақсадларга эришиш ва салбий ҳолатларни бартараф этишнинг асосий воситалари сифатида партия ижро органлари ваколатларининг қонуний жиҳатдан аниқ белгиланиши, улар томонидан мажбурий тусдаги қонуности ҳужжатлар сонининг камайтирилишига эришиш, давлат тузилмаларига профессионал кадрлар, соҳасининг етук билимдонлари, юқори малакали иш юритувчилар келишини таъминлайдиган тизим яратиш керак деб ҳисоблайди.
Партия суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни давом эттиришни ўзининг муҳим вазифаларидан бири деб билади. Судлар инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият манфаатларини таъминлашга қодир бўлган давлат ҳокимиятининг мустақил бўғинига айланиши лозим.
Партиянинг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасидаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
суд-ҳуқуқ тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, судьяларнинг ижтимоий мавқеини ошириш, суд тизимини шакллантириш механизмларини такомиллаштириш орқали унинг мустақиллиги ва таъсирчанлигини кучайтириш;
суд жараёнида тарафлар тенглиги ва улар ўртасидаги мусобақа руҳини таъминлаш, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини қарор топтириш, судьяларнинг одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини бузишга йўл қўйиш ҳолларига нисбатан жавобгарлигини кучайтириш;
фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятларини, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шикоят ёки ариза билан мурожаат этиш ҳуқуқини амалга ошириш ташкилий-ҳуқуқий шартлари ва кафолатларини яратиш.
Партия жазо тизимида қораловчи, репрессив функцияларнинг қисқартирилиши ҳисобига қонунчиликда адолат ва инсонпарварлик тамойилларини янада чуқурроқ ҳаётга татбиқ этилишига интилади. Шахс жиноий ва фуқаролик суд тизимида қонуний манфаатларини ҳимоя қила олиши учун етарли даражада кафолатланган ҳуқуқларга эга бўлиши лозим.
Партия суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш доирасида жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашни таъминловчи қонунни муҳофаза қилувчи идоралар учун шундай ваколатлар миқдори сақланиб қолиши тарафдорики, токи бунда фуқаронинг ҳуқуқлари, манфаатлари ва қадр-қиммати сақланиб қолиши, шу билан бирга, жиноят ҳам жазосиз қолмаслиги зарур.
Партия фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ва улардаги ҳуқуқий нигилизмнинг бартараф этилиши, уларнинг қонун лойиҳалари муҳокамаларида ва инсон ҳуқуқлари мониторингини амалга оширишда фаол иштирок этишини таъминлашни ҳам муҳим вазифалардан бири деб ҳисоблайди.
Партия жамоат хавфсизлигини таъминлашга, ҳуқуқни мухофаза қилиш идораларини изчил ислоҳ этишга, уларнинг жамоатчилик билан алоқаларини мустаҳкамлашга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва аҳолининг жиноятчиликка, маънавиятсизликка, турли кўринишдаги экстремизм ва гиёҳвандликка қарши курашга, мамлакатда барқарорликни таъминлаш ишига фаол жалб қилинишига ҳар томонлама кўмак беради.
ПАРТИЯНИНГ ТАШҚИ СИЁСАТ ВА МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ СОҲАСИДАГИ ВАЗИФАЛАРИ
Партия демократик ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, халқимизнинг маънавий тараққиёти, шунингдек Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга интеграциялашувини мамлакат хавфсизлиги, жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаровий тотувликни таъминлашдек фундаментал вазифаларни ҳал қилмасдан тасаввур этиб бўлмайди деб ҳисоблайди.
Партия давлатнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга, унинг мамлакат хавфсизлиги, минтақада ва умуман жаҳонда барқарорлик, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлар ва жаҳон хўжалиги алоқалари тизимига жадал интеграциялашувини таъминлашга қаратилган ташқи сиёсатини амалга оширишда ҳар томонлама кўмак беради.
Дунёда юз бераётган ўзгаришлар халқаро, минтақавий ва миллий хавфсизлик тамойилларининг узвий боғлиқлигини яна бир бор тасдиқламоқда.
Афғонистонда амалга оширилган аксилтеррор операцияси натижасида вужудга келган янги геосиёсий вазият жаҳон ҳамжамияти томонидан минтақамизнинг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги аҳамиятини англаб етишига олиб келди.
Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон ва минтақамизга хавф солаётган таҳдидларга қарши халқаро ҳамжамият кўмагида ишончли тўсиқ қўйиш, шунингдек халқаро доираларда минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасида мамлакатимизнинг сиёсий-дипломатик ташаббуслари билан чиқишига қўшимча имкониятлар яратади.
Шу муносабат билан партия давлатнинг ташқи сиёсатида қуйидагиларни ўзининг устувор вазифалари деб билади:
дунё ҳамжамияти билан халқаро терроризм, диний экстремизм, наркотрафик, ноқонуний қурол савдоси, уюшган жиноятчилик ва бошқа турдаги трансмиллий таҳдидларга қарши яқиндан ҳамкорлик қилиш;
халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги урушдан кейинги ҳаётни изга солиш, бу мамлакатни минтақавий лойиҳаларга жалб этиш борасидаги саъй - ҳаракатларига кўмаклашиш;
Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли ҳудуд яратиш борасидаги ташаббусининг амалга ошишига кўмаклашиш;
Марказий Осиё минтақасида, энг аввало, табиий ресурслардан фойдаланиш, энергетика, сув захиралари ва экология соҳаларида, транспорт-коммуникация инфратузилмаларини, жумладан, газ ва нефть қувурларини қуриш борасида ўзаро фойдали иқтисодий ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш;
жаҳоннинг етакчи давлатлари (АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Япония, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва бошқалар) билан, энг аввало, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий соҳаларда ўзаро фойдали алоқаларни кенгайтириш;
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш, дунё жамоатчилигини республика захиралари, ресурслари, имкониятлари (жумдалан, инвестицион имкониятлари), шунингдек мамлакатнинг миллий ривожланиш стратегияси, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш жараёнининг бориши тўғрисида хабардор қилиш.
Минтақада ва умуман дунёда юзага келган вазият чегараларимизнинг дахлсизлигини, мамлакатимиз яхлитлигини таъминлайдиган, Ўзбекистоннинг барқарор тараққиётини кафолатлайдиган миллий хавфсизлик тизимининг шакллантирилишини тақозо этади.
Шу муносабат билан, Қуролли Кучларимизни ислоҳ қилиш борасида бошланган ишлар ниҳоясига етказилиши зарур. Давлатимизнинг Қуролли Кучлари замонавий талабларга жавоб бериши, мамлакат хавфсизлигига таҳдидларни инобатга олган ҳолда тузилган бўлиши лозим.
Партия Ўзбекистон Республикаси Президентининг профессионал, ҳар томонлама таъминланган, ҳаракатчан, ҳар қандай ташқи тажовузни қайтаришга тайёр ва мамлакат мудофаасини самарали ҳимоя қилишга қодир бўлган армияни тузишга қаратилган сиёсатини қўллаб-қувватлайди ва уни амалга оширишда фаол иштирок этади.
Қуролли Кучлар давлат ва жамиятнинг доимий эътиборида, ҳарбий хизмат эса етарли даражада моддий жиҳатдан таъминланиши ҳамда халқ орасида алоҳида ҳурматга сазовор бўлиши лозим. Партия ҳарбий қурилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мазмуни ва моҳиятини шунда деб билади.
Партия ушбу вазифаларнинг амалга оширилишини ҳар бир фуқаронинг, қолаверса, бутун жамиятнинг иши деб билади.
Ҳарбий хизматга чақирув, ҳарбий таълим, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш жараёнида иштирок этиш партиянинг мудофаа сиёсати йўналишидаги устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.
Армияда хизмат қилиш ҳар бир йигит учун, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун обрўли фаолиятга, жамият ва ҳаётдаги ўрнини онгли равишда танлаш, жасорат ва ватанпарварлик мактабига айланиши лозим.
Партия ўз саъй-ҳаракатларини ҳарбий хизматчининг ақлий ва ижтимоий-маънавий жиҳатдан камолга етган, жамиятдаги ўрни ва мавқеини англайдиган, жамият олдида жавобгарликни ҳис этадиган шахс сифатида шаклланиши учун зарур бўлган ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, психологик ва бошқа шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган дастурларни амалга оширишга сафарбар этади.
Х Х Х
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳақида баёнот бериб, юқорида зикр этилган сиёсий платформага таянган ҳолда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштиришга қаратилган кенг сиёсий ва фуқаролик ҳаракати партияси бўлишга интилади.
Ўзбекистон Либерал - демократик партиясининг муҳим вазифаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва давлат ҳокимиятининг жойлардаги вакиллик органларига кўппартиявийлик тамойилига асосланган демократик парламент сайловларида сиёсий платформасида акс эттирилган асосий йўналишларни амалга ошириш имкониятини яратадиган қонунлар ва давлат қарорларини қабул қилишда етарли таъсирга эга бўладиган ўринларни қўлга киритиш ҳисобланади.
Шу мақсадда партия Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари доирасида фаолият юритиб, қуйидаги асосий масалалар ечимига ўз диққатини қаратади:
партия сиёсатининг устувор йўналишларини тарғиб қилиш;
аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини шакллантиришда ҳамда сайловчиларда кўппартиявийлик асосида ўтказиладиган демократик сайловларда овоз бериш ҳуқуқидан онгли ва масъулиятни ҳис қилган ҳолда фойдаланишга интилиш кўникмаларини тарбиялашда иштирок этиш;
муҳим ижтимоий муаммоларга жамият эътиборини жалб этиш ҳамда уларнинг партия сиёсий платформасида илгари сурилган ҳал этиш йўллари ҳақида ижобий ижтимоий фикрни шакллантириш;
партия келгусида навбатдаги парламент сайловларида давлатнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятининг барча бўғинларига депутатликка номзод сифатида кўрсатиладиган юқори малакали, ҳуқуқий маълумотга эга ҳамда сиёсий фаол аъзолар ва партия тарафдорлари сиймосида сиёсий элитани (арбобларни) шакллантириш ва тарбиялаш;
демократик кўппартиявийликка асосланган сайловларда - Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларидан тортиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасигача тузиладиган барча даражадаги сайлов округлари бўйича партия номзодларини илгари суриш орқали ўзининг тўлақонли иштирокини таъминлаш;
тегишли ваколатли ҳокимият органлари фаолиятига партиянинг белгиланган таъсирини имконият даражасида таъминлаш мақсадида партия томонидан илгари сурилган номзодларнинг фаол сайловолди тарғиботини олиб бориш ҳамда сайловчилар билан ишлашда қонунда белгиланган тартибда ҳаракат қилиш;
сайлов натижалари асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва давлат хокимиятининг жойлардаги вакиллик органларида партия фракцияларини шакллантириш ҳамда улар орқали қонунда белгиланган тартибда партиянинг ижтимоий таянчи бўлмиш мулкдорлар қатлами ва партияни қўллаб-қувватловчи сайловчилар манфаатларини ифода этувчи қонунлар ва ҳукумат қарорларини қабул қилишга қаратилган сиёсий ташаббуслар билан чиқиш.
Ҳокимиятнинг вакиллик органларида кўпчиликка эга бўлиш Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг асосий мақсади эмас, балки амалий устувор йўналишлари, дастури ҳамда сиёсий платформасида акс эттирилган стратегик ва тактик мақсадларига эришиш воситасидир.
Партия жамият диққат-эътиборида турган муаммоларни аҳолининг аксарият қисми, биринчи навбатда, тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя этадиган, мустақил Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши, қадимий диёримизда истиқомат қиладиган ҳар бир инсон фаровонлигининг муттасил ўсиб боришига қаратилган қарорлар қабул қилиш жараёнида изчил фаолият юритади.
Ортга |
«ISHBILARMON, MARDLIK, SHIJOAT SOHIBI, AZMI QAT’IY, TADBIRKOR VA HUSHYOR BIR KISHI MING-MINGLAB, TADBIRSIZ LOQAYD KISHILARDAN YAHSHIDIR»
AXBOROT HAMKORLARIMIZ
BIZNING HAMKORLAR
ПАРТИЯ НАШРИ
|