|
МАЪЛУМОТЛАР УЧУН
МАНЗИЛ: ТОШКЕНТ Ш., НУКУС КЎЧАСИ, 73-А УЙ., 100015. Маълумот учун телефонлар: 255-92-90 Факс: 255-62-11 Электрон манзил: uzlidep@mail.ru, uzlidep@intal.uz |
Партия Устави«Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси» нинг навбатдан ташқари III Съездида (25.06.2005) киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни инобатга олган холда тасдиқланган«ТАДБИРКОРЛАР ВА ИШБИЛАРМОНЛАР ҲАРАКАТИ – ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ»УСТАВИ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР 1.1. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мулкдорлар қатлами, кичик бизнес вакиллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ишлаб чиқариш соҳасидаги мутахассислар ҳамда ўз тадбиркорлиги ва ташаббускорлигини ривожлантириш эвазига халқ фаровонлигига эришишга ҳаракат қилаётган ижодкор, олимлар ва барча фуқароларнинг манфаатларини ва сиёсий иродаларини ифодаловчи умуммиллий сиёсий ташкилот ҳисобланади. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги, шахснинг эркин ва ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш учун зарур бўлган демократик ҳуқуқий давлат қуриш, фуқаролик жамияти, ижтимоий йўналтирилган эркин бозор иқтисодиётининг шаклланишида онгли ва масъулият билан иштирок этишни истовчи барча Ўзбекистон фуқаролари учун очиқдир. 1.2. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонуни, амалдаги бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу Уставга мувофиқ равишда амалга оширади. 1.3. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўз фаолиятида эркин фикр юритиш, партияга ихтиёрий равишда кириш ва ундан чиқиш, аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги, ўзини ўзи бошқариш, қонунийлик ва ошкоралик тамойилларига таянади. 1.4. Партия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида амалга оширади. 1.5. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси юридик шахс ҳисобланади, ўзининг муҳри, штампи, бланкалари, Ўзбекистон банкларида ҳисоб рақамларига эга бўлади. 1.6. Партия мулк, ашъёвий мулк эгалиги ҳуқуқига эга, республика қонунчилиги асосида юридик шахс ҳуқуқ ва мажбуриятларига риоя қилади. 1.7. Партиянинг тўлиқ расмий номи: - ўзбек тилида: «Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси»; - рус тилида: «Движение предпринимателей и деловых людей – Либерально-демократическая партия Узбекистана». Партиянинг қисқа расмий номи: - ўзбек тилида: “Ўзбекистон Либерал-демократик партияси” ёки “O’zLiDeP”; - рус тилида: “Либерально-демократическая партия Узбекистана” ёки “УзЛиДеП”. 1.8. Партия ўз мадҳияси, байроғи ва рамзи (нишони)га эга бўлиши мумкин. 1.9. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг доимий фаолият юритувчи раҳбар органи манзили: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Нукус кўчаси, 73а-уй.
II. ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ 2.1. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат: Биринчи мақсад. Сиёсий куч сифатида бирлашган ҳолда тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар яратиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг мазкур қатлами манфаатларини ҳимоялаш ва эртанги кунини таъминлаш. Шу ижтимоий тоифа номидан Ўзбекистонннинг сиёсий саҳнасига чиқиш ва ўзининг муносиб ўрнини эгаллаш. Иккинчи мақсад. Мамлакатнинг миллий манфаатлари ва тараққиётининг стратегик истиқболларига жавоб берадиган дастурни Конституция тамойилларига суяниб, бошқа сиёсий партия ва ҳаракатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун партиянинг куч ва имкониятларини сафарбар этиш. Ўзбекистон танлаган очиқ, бозор иқтисодиётига асосланган демократик, ҳуқуқий давлат қуриш, фуқаролик жамияти институтларининг ривожига кенг йўл очиб бериш ва демократик қадриятларни халқ, аввало ёшлар онги ва ҳаётига сингдириш. Учинчи мақсад. Давлатни бошқариш, жамиятда шаклланаётган қарашларга таъсир ўтказиш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш, Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишда, юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлашда, миллатлараро ва фуқаролараро аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида фаол қатнашиш. Ёшларни миллий ғояга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат, ўз элим, ўз юртим, жон Ўзбекистоним деб ғурурланиб яшаш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш, ҳар қандай шароитда мустақиллик йўлини, қадриятлар, миллий ва диний анъаналар ва урф-одатларни қадрлаш баробарида, барча миллат ва элатлар қадриятларини камситишга йўл қўймаслик, бундай хуружларга қарши кураш олиб бориш. Тўртинчи мақсад. Партиянинг сиёсий платформаси - либерал-демократик ғоя ва қадриятларни кенг омма онгига сингдириш, бу борада ҳар томонлама чуқур ўйланган ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бориш, ўз сафини кенгайтириш. Шу ғояларни ҳаётга татбиқ қилишда фидойилик кўрсатган фаолларни депутатликка номзод сифатида кўрсатиш ва сайловчилар ишончини қозонган ўз депутатлари зиммасига давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларида вакиллик вазифасини юклаш ҳамда уларнинг фаолиятини бошқариш. 2.2. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг бош вазифалари қуйидагилардан иборат: - қонунлар ва ҳукумат қарорлари қабул қилинишига катта таъсир кўрсата оладиган парламент кўпчилиги партияси сифатида ўз Дастури ва сиёсий платформасининг қоидалари амалда бажарилишини ҳамда ўз электоратининг манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш; - бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштиришнинг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишда ташаббускор бўлиш ва фаол иштирок этиш, мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, тадбиркорлик эркинлигининг амалий кафолатларини таъминлаш, ҳақиқий мулкдорлар қатламини шакллантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш; - давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ташаббусларни илгари суриш, жамият ҳаётида ва давлатни бошқаришда онгли ва масъулиятли иштирок этишнинг фуқаролар манфаатларига мос бўлган хилма-хил шаклларини таъминлаб берадиган нодавлат нотижорат ташкилотларининг кенг тармоқли тизимини яратиш; - аграр соҳадаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда фаол иштирок этиш орқали фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, қишлоқда хўжалик юритишнинг энг истиқболли ва самарали шакли бўлмиш фермерликни мустаҳкамлашга қаратилган туб ўзгаришларни амалга ошириш баробарида, қишлоқда ҳақиқий мулкдорлар қатламини шакллантириш; - муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларга жамоатчилик диққат-эътиборини тортиш ҳамда уларни партия воситалари билан ҳал этиш йўллари ҳақида ижобий жамоатчилик фикрини шакллантириш, бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан бевосита ҳамкорлик қилиш; - навбатдаги парламент сайловларида давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи турли даражадаги органларига номзод сифатида кўрсатиладиган юқори малакали, етарли сиёсий ва ҳуқуқий тайёргарликка эга бўлган партия фаоллари ва тарафдорлари сиймосида сиёсий элитани (сиёсий арбобларни) шакллантириш; - партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидаги гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларда партия Дастурини бажариш доирасида қонунчилик ташаббусини изчил ва мақсадли амалга ошириш қобилиятини шакллантириш, бу ишларнинг шакл ва услубларини такомиллаштириб бориш; - хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини кучайтириш бўйича ҳамда ёшларнинг мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган партия сиёсатини амалга ошириш, етакчилик сифатларига эга бўлган ва партия ғояларига хайрихоҳлик билдирган аёллар ва ёшлар вакилларини партия сафига жалб қилиш, улар орасидан кадрлар заҳирасини тайёрлаш; - бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари, партиянинг депутатлик бирлашмалари аъзолари ва бошқа фаолларига партиявий, сиёсий таълим беришнинг самарали тизимини яратиш, илғор фикрлайдиган, жамиятни ислоҳ қилиш шароитида фаолият олиб боришга, партия олдида турган долзарб муаммоларни ҳал этишга қодир бўлган партия раҳбар кадрлари заҳирасини тайёрлаш, уларни давлат ҳокимиятининг ижро этувчи органларидаги бўш лавозимларга тавсия этиш. 2.3. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўз Уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун қонун доирасида: - партия мақсад ва вазифалари моҳиятини аҳоли эътиборига самарали тарзда етказиш, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни мунтазам ўрганиб бориш, уларни партиявий воситалар билан ҳал этиш, шу жумладан минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фойдаланилмаётган заҳира ва ички имкониятларни излаб топиш ва уларни аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган дастурларни амалга ошириш чораларини кўради; - Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўз фракцияси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида партия гуруҳларини шакллантириб, улар орқали партиянинг ижтимоий таянчи – тадбиркорлар ва ишбилармон кишилар манфаатларига мос келадиган қонунлар ва ҳукумат қарорларини қабул қилишга қаратилган ташаббусларни илгари суради; - ташкил этиладиган сайлов округларида партия номидан номзодларни тавсия этиш орқали барча босқичдаги демократик сайловларда – халқ депутатлари Кенгашларининг туман ва шаҳар босқичларидан тортиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисигача иштирок этади; - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этади.
III. ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИГА АЪЗОЛИК 3.1. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясида чегараланган аъзолик тартиби ўрнатилади. Партияга 18 ёшга тўлган, партия Дастурини тан оладиган ва Устави талабларини бажарадиган, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши ва жамиятда эгаллаган мавқеидан қатъий назар, Ўзбекистоннинг ҳар бир лаёқатли фуқароси аъзо бўлиши мумкин. 3.2. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига аъзолик якка тартибда бўлади. Партияга қабул қилиш яшаш ёки иш жойидаги партия ташкилотига ёки партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашига ариза бериш асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига аъзо бўлган шахсларга уларнинг турар жойи ёки иш жойидаги партия ташкилоти томонидан ўрнатилган намунадаги партия аъзоси гувоҳномаси берилади. 3.3. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзолари ҳисобланган шахслар бошланғич партия ташкилотига ёзма равишда маълум қилиш орқали партиядан ихтиёрий равишда чиқишлари мумкин. 3.4. Партия аъзоси партия Уставини бузгани, Устав талабларини бажармагани, партия шаънига доғ туширгани ёки унга зиён етказадиган ҳатти-ҳаракатлари учун интизомий жавобгарликка тортилиши ёки партия сафидан чиқарилиши мумкин. Партия сафидан чиқариш ҳақидаги қарор партиянинг туман (шаҳар) бўлими томонидан қабул қилинади ва ҳудудий партия ташкилотига тасдиқлаш учун тақдим этилади. Ҳудудий партия ташкилоти ва партиянинг туман (шаҳар) бўлимлари Кенгашлари аъзоларини партиядан чиқариш тўғрисидаги қарор тегишли ҳудудий партия ташкилоти томонидан қабул қилинади ва Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг Ижроия қўмитасида тасдиқланади. 3.5. Партия сафидан чиқариш ҳақидаги қарор устидан партиянинг юқори турувчи органларига шикоят қилиниши мумкин. 3.6. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси бир вақтнинг ўзида ўзга партияларга ёки сиёсий мақсадларга эришиш йўлида тузилган жамоат бирлашмаларига (ҳаракатларига) аъзо бўлишга ҳақли эмас. 3.7. Партия аъзолиги қонунда белгиланган тартибда тўхтатиб турилиши ёки умуман тўхтатилиши мумкин. Қонунга биноан аъзолиги тўхтатиб турилган шахс Партия тарафдори мақомига тенглаштирилади. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси тарафдорлари унинг аъзолари ҳисобланмайдилар. 3.8. Партия Дастури, Устави ва амалий ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган ҳар бир лаёқатли фуқароси Партия тарафдори бўлиши мумкин.
IV. ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ АЪЗОСИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ 4.1. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга: – партиянинг турли бўғиндаги ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш, ўз қарашларини эркин баён этиш ва партия фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш; – партиянинг раҳбар органларига сайлаш ва сайланиш, уларга ариза ва таклифлар билан мурожаат этиш; – давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларига партия номидан номзод сифатида тавсия этилиш; – Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ фаолият юритаётган жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамғармаларга Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакили сифатида тавсия этилиш. 4.2. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзосининг мажбуриятлари: - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, ахлоқ тамойиллари ва жамиятнинг маънавий мезонларига риоя қилиш; - партия Дастури ва Устави талабларини бажариш, партиявий интизомга қатъий риоя қилиш; - партия раҳбар органлари қарорларини бажариш; - ўз фаолияти билан партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларига эришишда кўмаклашиш; - партия манфаатларини ҳимоя этиш, унинг ғоя, мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этишда фаол қатнашиш; - аъзолик бадалларини ўз вақтида тўлаб бориш.
V. ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ 5.1. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси қуйидаги ҳудудий бўлиниш асосида ташкил этилади: Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ташкилотлари – ҳудудий партия ташкилотлари, улар таркибига кирувчи туман (шаҳар) бўлимлари, бошланғич партия ташкилотлари. 5.2. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фақат биттадан ҳудудий партия ташкилоти тузилади. 5.3. Партия туман (шаҳар) бўлими бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, бирлаштириш ва уларга юқори партия ташкилотлари қарорларини етказиш ва бажарилишини таъминлаш мақсадида тузилади. 5.4. Бошланғич ташкилот партиянинг асосий бўғини, пойдеворидир. Бошланғич ташкилот аҳолининг турли қатламлари вакиллари билан бевосита алоқада иш юритиш ва уларга таъсир кўрсатиш имконига эга бўлган партиянинг қуйи тузилмасидир. Бошланғич партия ташкилоти ҳар томонлама билимдон, сиёсий ва ижтимоий тайёргарликка, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш соҳасида янги ғоя ва таклифларга эга бўлган, партия воситалари билан тадбиркорлар, фермерлар, хусусий сектор вакиллари ва бошқа партия аъзолари манфаатларини ифодалашга қодир, обрўли ва жонкуяр шахсларнинг ихтиёрий равишда бирлашишидан ташкил топади. Бошланғич партия ташкилоти ташаббускор ва ишчан бўлиши, партиянинг тактик вазифаларига мувофиқ иш шакли ва услубларини тез ўзгартириш қобилиятига эга бўлиши ва аҳолининг долзарб, кундалик муаммоларини ҳал этишда амалий тадбирларни бажариш билан шуғулланиши керак.
VI. Ўзбекистон либерал-демократик партиясиНИНГ БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ 6.1. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг олий раҳбар органи. 6.1.1. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг олий раҳбар органи Съезд ҳисобланади ва у 3 йилда камида бир маротаба ўтказилади. Съезд ҳудудий партия ташкилотларининг ярмидан кўпининг вакиллари (делегатлари) ва Съезд делегатларининг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади. 6.1.2. Навбатдан ташқари Съезд партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси таклифи, Марказий назорат-тафтиш комиссияси ёки ҳудудий партия ташкилотларининг учдан бир қисмининг талаблари билан Сиёсий Кенгаш қарори асосида чақирилади. 6.1.3. Навбатдаги ва навбатдан ташқари Съездни чақириш тўғрисидаги қарор партия Сиёсий Кенгаши томонидан унинг ўтказилиши белгиланган муддатдан камида бир ой олдин қабул қилинади. Ушбу қарорда шунингдек Съезд кун тартиби, вакиллик меъёри ва делегатларни сайлаш тартиби белгиланади. 6.1.4. Съезд делегатлари Съездни чақириш тўғрисидаги қабул қилинган қарорда белгиланган тартибда ҳудудий партия ташкилотлари конференцияларида сайланадилар. 6.1.5. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши, Марказий назорат-тафтиш комиссияси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари Съезднинг тўғридан-тўғри (сайланмайдиган) делегатлари ҳисобланадилар. 6.1.6. Съезднинг мутлақ ваколатига қуйидагилар киради: – партия Дастури ва Уставини қабул қилиш ва тасдиқлаш, уларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш; – партия фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш; – партия Сиёсий Кенгаши аъзоларини сайлаш; – Марказий назорат-тафтиш комиссиясини сайлаш; – Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси ва Марказий назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботларини тинглаш ва тасдиқлаш; – Марказий назорат-тафтиш комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш; – партия фаолиятини тугатиш. 6.1.7. Съезд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига партия номзодларини кўрсатади. 6.1.8. Съезд партия Сиёсий Кенгашига сайлов мавсуми давомида партия томонидан номзодлар рўйхатига қонун доирасида ўзгартишлар киритиш ваколатини бериши мумкин. 6.1.9. Съезд қонунда белгиланган тартибда бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин. 6.2. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши. 6.2.1. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Сиёсий Кенгаши съездлар оралиғидаги даврда партиянинг марказий раҳбар органи ҳисобланади, партия манфаатларини ифодалайди ва унинг номидан иш юритади. 6.2.2. Сиёсий Кенгаш ўз фаолиятини Съезд қарорлари асосида амалга оширади. Сиёсий Кенгаш мажлислари бир йилда камида икки марта ўтказилади. 6.2.3. Сиёсий Кенгаш аъзолари Съездда ҳудудий партия ташкилотларидан юборилган вакиллар орасидан уч йил муддатга сайланадилар. Сиёсий Кенгаш аъзоларининг сони Съезд томонидан белгиланади. Сиёсий Кенгаш аъзоларининг вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари партия Сиёсий Кенгаши ва Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланадиган низомларда белгилаб берилади. 6.2.4. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан лавозимига тасдиқланган ҳудудий партия ташкилоти кенгаши раиси Сиёсий Кенгашнинг тўғридан-тўғри (сайланмайдиган) аъзоси ҳисобланади. 6.2.5. Сиёсий Кенгаш ваколатлари қуйидагилардан иборат: - партиянинг сиёсий фаолиятига раҳбарликни амалга ошириш; - Сиёсий Кенгаш Президиумини сайлаш; - Съездни чақириш тўғрисида қарор қабул қилиш; - Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси таркибини, унинг аъзолари ва раҳбариятини тасдиқлаш; - Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси аъзолари ичидан Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаш; - мамлакат ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётида жиддий аҳамият касб этувчи масалалар бўйича партия позициясини белгилаш; - Съездга Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод кўрсатиш тўғрисида таклиф киритиш; - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни тавсия этиш ҳамда уларнинг сайловолди кампаниясини олиб боришга кўмаклашиш; - Съездлар оралиғидаги даврда Сиёсий Кенгаш таркибидан чиқарилган аъзолар ўрнига янги аъзоларни навбатдаги Съездда тасдиқлаш шарти билан сайлаш ва тасдиқлаш; - партия Дастурини амалга оширишда салмоқли ҳисса қўшган партия аъзоларини давлат мукофотларига тавсия этиш; - партия бюджетини тасдиқлаш; - аъзолик бадаллари миқдори ва уларни тўлаш тартибини белгилаш. 6.2.6. Сиёсий Кенгаш мазкур Уставда белгиланган айрим ваколатларини Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасига бериши мумкин.
6.3. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси. 6.3.1. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси партиянинг доимий фаолият юритувчи марказий бошқарув, ижроия ва мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланади. 6.3.2. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши мажлислари оралиғидаги даврда, Ижроия қўмита партия Съезди ва Сиёсий Кенгаши унга берган ваколатлар доирасида, партия манфаатларини ифода этади ва унинг номидан ҳаракат қилади. 6.3.3. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг мажлислари заруратга қараб, аммо уч ойда камида бир марта ўтказилади. 6.3.4. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси: - Съезд ва Сиёсий Кенгаш мажлисларини чақириш ва ўтказилишини ташкиллаштиради; - Съезд ва Сиёсий Кенгаш мажлислари қарорларининг бажарилишини ташкил қилади; - марказий ва маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига номзодларни танлаш ва тавсия этиш тадбирлари билан шуғулланади; - партия иштирок этаётган сайлов мавсумларини ўтказишга масъулдир; - партия аъзоларининг марказлашган ҳисобини олиб боради; - аъзолик бадаллари тушуми ҳисоботини олиб боради; - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятини мувофиқлаштиради; - партия аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари, туман (шаҳар) бўлимлари, бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари ва бошқа фаолларини, маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидаги партия гуруҳлари аъзоларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини ташкиллаштиради; - Ўзбекистон фермер хўжаликлари уюшмаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси билан сиёсий ҳамкорликни амалга ошириш доирасида қабул қилинган махсус дастур ва режаларнинг бажарилишини таъминлайди; - партиянинг йиллик бюджети лойиҳасини ишлаб чиқади ва Сиёсий Кенгашга тасдиқлаш учун тақдим этади; - партиянинг мазкур Уставдан келиб чиқувчи вазифаларини бажариш мақсадида ташкилот, корхона ва муассасаларни таъсис этади, уларнинг раҳбарларини тайинлайди ва фаолиятини назорат қилади; - Съезд ва Сиёсий Кенгашга ҳисобдордир; - ҳудудий партия ташкилоти мақоми, унинг Кенгаши раиси ва ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги қарорларни тасдиқлайди; - мазкур Устав ва бошқа меъёрий хужжатларда кўрсатилган ваколатларга эга. 6.3.5. Ижроия қўмита ўз ваколат доирасига кирувчи масалалар юзасидан қарор ва фармойишлар қабул қилади. Бу қарор ва фармойишлар Ижроия қўмита раиси ёки тегишли соҳа бўйича унинг ўринбосарлари томонидан имзоланади. 6.3.6. Ижроия қўмита раиси қуйидаги ваколатларга эга: – партиялараро муносабатларда партия номидан иш юритиш; – Ижроия қўмита мажлисларида раислик қилиш; – Ижроия қўмита қарорлари, фармойишлари ва буйруқларини имзолаш; – Ижроия қўмита аппарати, ҳудудий партия ташкилотларининг штатлар жадвалини тасдиқлаш; – партия фаолиятига доир молиявий ҳужжатларни имзолаш; – Ижроия қўмита аппарати ходимлари, ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва уларни ўрнатилган тартибда бекор қилиш; - партия олдида турган алоҳида вазифаларни ҳал этиш мақсадида Ижроия қўмита ҳузурида комиссиялар, ишчи гуруҳларни шакллантириш ва уларнинг мақомини белгилаш; - марказий давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликлар, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик қилиш; - Партия аъзоларини ҳисобга олиш, аъзоликка қабул қилиш, аъзоликни тўхтатиб туриш, аъзоликдан чиқариш, аъзолик гувоҳномаларини тайёрлаш, бериш, сақлаш, қўлланиш, алмаштиришнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш; - туман (шаҳар) партия бўлими тўғрисидаги намунавий низомни ва бошланғич партия ташкилотлари тўғрисидаги намунавий йўриқномани тасдиқлаш; – партия Уставида белгиланган Съезд ва Сиёсий Кенгаш фаолияти доирасига кирмайдиган бошқа ваколатларни амалга ошириш. 6.3.7. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосарлари, партия таркибий тузилмалари раҳбарларининг вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари партия Сиёсий Кенгаши ва Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланадиган низомларда белгилаб берилади. 6.3.8. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг жорий фаолиятини Ижроия қўмита аппарати амалга оширади. Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси аппаратининг таркиби, сони, иш юритиш тартиби Ижроия қўмита қарори билан тасдиқланади. Ижроия қўмита аппаратининг масъул ходимлари Ижроия қўмита раисининг буйруқлари билан ўз вазифаларига тайинланади ва ундан озод қилинади. 6.4. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Марказий назорат-тафтиш комиссияси. 6.4.1. Марказий назорат-тафтиш комиссияси партиянинг марказий назорат органи бўлиб, партиянинг раҳбар ва ижроия органлари, қуйи партия ташкилотлари устидан ушбу Устав ва партия раҳбар органларининг қарорлари бажарилишини ҳамда уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятларини назорат қилади. 6.4.2. Марказий назорат-тафтиш комиссияси Съезд томонидан тасдиқланган низом ва ушбу Устав асосида ўз фаолиятини олиб боради. 6.4.3. Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзоларининг сони Съезд томонидан белгиланади. Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан уч йил муддатга сайланадилар. Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзоси бир вақтнинг ўзида Сиёсий Кенгаш аъзоси бўлиши ёки унинг ижроия органларида ишлаши мумкин эмас. 6.4.4. Марказий назорат-тафтиш комиссияси ўз мажлисида комиссия раиси ва унинг ўринбосарини сайлайди. 6.4.5. Марказий назорат-тафтиш комиссияси мажлисларида партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари қатнашишлари мумкин. 6.4.6. Марказий назорат-тафтиш комиссияси ваколатлари: – Партия раҳбар органлари, қуйи партия ташкилотлари ва партия аъзоларининг мазкур Устав, партия Дастури, қарорлар ва меъёрларни бажарилиши ва риоя этилиши устидан назорат ўрнатади; – партия тузилмаларининг молиявий-хўжалик фаолияти ҳамда йиллик партия бюджети режасининг мақсадли амалга оширилиши устидан тафтиш ўтказади; – партия аъзоларининг ариза ва шикоятларини кўриб чиқади; – партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ташкилотлари, туман (шаҳар) бўлимларининг назорат-тафтиш комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштиради. 6.4.7. Марказий назорат-тафтиш комиссияси мазкур Устав ва Съезд қарорларидан келиб чиқадиган бошқа ваколатларни амалга ошириши мумкин.
YII. ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ ҲУДУДИЙ ТАШКИЛОТЛАРИ 7.1. Ҳудудий партия ташкилоти – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий ҳудудида тузилган партиянинг таркибий бўлинмаларидир. Ҳудудий партия ташкилоти туман ва шаҳарларда шакллантирилган партия бўлимлари фаолиятини бошқариш, мувофиқлаштириш ва бирлаштириш мақсадида тузилади. Ҳудудий партия ташкилотлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, мазкур Устав, партия Дастури ва ўз уставларига таянган ҳолда ташкил этадилар. 7.2. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотларига, уларнинг ўрнатилган тартибдаги мурожаатномасига асосан, юридик шахс мақоми берилиши мумкин. 7.3. Ҳудудий партия ташкилотининг конференцияси. 7.3.1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотларининг олий органи партия конференцияси ҳисобланади. Конференция тегишли ҳудудий партия ташкилоти уставида (низомида) белгиланган муддатларда ўтказилади. 7.3.2. Конференция ваколатларига қуйидагилар киради: - Партия дастурий мақсадлари, Съезд, Сиёсий Кенгаш ва Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарорларидан келиб чиқадиган тегишли ҳудудий партия ташкилотининг вазифалари ва уларни бажариш бўйича тадбирларни белгилаш; - ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши ва Назорат-тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш; - ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши, Назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботларини тинглаш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш; - белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига номзодларни кўрсатиш; - партия Съездига делегатларни сайлаш. 7.4. Ҳудудий партия ташкилотининг Кенгаши. 7.4.1. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши конференциялар оралиғида тегишли ҳудудий партия ташкилотининг раҳбар органи ҳисобланади, унинг манфаатларини ифодалайди ва унинг номидан иш юритади. 7.4.2. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши мажлиси, заруриятга қараб, аммо бир йилда камида икки марта ўтказилади. Кенгаш қарорлари ҳисобдор органлар ва қуйи ташкилотлар учун мажбурийдир. Алоҳида ҳолларда, ушбу Уставда белгиланган ҳолатларда Кенгаш қарорлари партия Сиёсий Кенгаши ёки Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланганидан кейин қонуний кучга киради. 7.4.3. Кенгаш мажлисида ҳудудий партия ташкилотининг жорий фаолиятига раҳбарликни амалга ошириш учун Кенгаш таркибидан раис ва унинг ўринбосарлари сайланадилар. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши раиси ва унинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи ўринбосарлари лавозимларига сайлаш учун номзодлар Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан тавсия этилади. Кенгаш раиси ва унинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги ҳудудий партия ташкилоти кенгашининг қарори партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланади. 7.4.4. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тўғридан-тўғри лавозимга тайинланади ва ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши таркибига киритилади. Кенгаш раисининг биринчи ўринбосарининг вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланадиган низомда белгилаб берилади. 7.4.5. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши мажлиси конференциялар оралиғидаги даврда Кенгаш таркибидан чиқарилган аъзолар ўрнига янги аъзоларни навбатдаги конференцияда тасдиқлаш шарти билан сайлаш ваколатига эга бўлади. 7.4.6. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши ва назорат-тафтиш комиссияси аъзолари ҳудудий партия ташкилоти конференциясининг тўғридан-тўғри (сайланмайдиган) делегатлари ҳисобланадилар. 7.4.7. Ҳудудий партия ташкилоти қарори билан лавозимига тасдиқланган туман (шаҳар) партия бўлими кенгаши раиси ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг тўғридан-тўғри (сайланмайдиган) аъзоси ҳисобланади. 7.4.8. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши: - ҳудудий партия ташкилоти Конференцияси ва Кенгаш мажлисларини чақириш ва ўтказилишини ташкиллаштиради; - партия Сиёсий Кенгаши, Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси, ҳудудий партия ташкилоти Конференцияси ва Кенгаши қарорларининг бажарилишини ташкил қилади; - маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига номзодларни танлаш ва кўрсатиш юзасидан қарорлар қабул қилади; - партия иштирок этаётган сайлов мавсумларини ўтказишга масъулдир; - маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидаги партия гуруҳи фаолиятини мувофиқлаштиради; - партия раҳбар кадрлари ва бошқа фаолларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини амалга оширади; - Ўзбекистон фермер хўжаликлари уюшмасининг ҳудудий вакиллиги билан сиёсий ҳамкорликни амалга ошириш доирасида махсус дастур ва режаларнинг қабул қилиниши ва бажарилишини таъминлайди; - ҳудудий партия ташкилотининг бюджети лойиҳасини ишлаб чиқади ва партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасига тасдиқлаш учун тақдим этади; - партиянинг туман (шаҳар) бўлими таклифига асосан бошланғич партия ташкилотини тузиш тўғрисида қарорни тасдиқлайди; - партия аъзоларининг бириктирилган ҳудуд бўйича ҳисобини олиб боради; - аъзолик бадаллари тушуми ҳисоботини олиб боради; - ҳудудий партия ташкилотининг уставида кўрсатилган бошқа ваколатларга эга бўлиши мумкин. 7.4.9. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши ўз ваколат доирасига кирувчи масалалар юзасидан қарор ва фармойишлар қабул қилади. Бу қарор ва фармойишлар Кенгаш раиси ёки унинг биринчи ўринбосари томонидан имзоланади. 7.5. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши раиси қуйидаги ваколатларга эга: - ҳудудий партия ташкилоти конференцияси, Кенгаши ва юқори партия ташкилоти қарорларининг бажарилишини ташкил этиш, шу мақсадда қуйи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш; - ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши, ижроия қўмитаси мажлисларини олиб бориш, ушбу мажлислар қарорларини имзолаш; - ҳудудий партия ташкилоти жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш, унинг номидан ишончномасиз иш олиб бориш, ишончномаларни тақдим этиш, битимлар, меҳнат шартномаларини тузиш ва бошқа хужжатларни имзолаш; - Кенгашнинг ижроия қўмитасига умумий раҳбарлик қилиш; - туман (шаҳар) партия бўлими кенгаши раиси ва унинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги туман (шаҳар) партия бўлими қарорини тасдиқлаш; – Кенгашнинг ижроия аппарати ходимлари, партиянинг туман (шаҳар) Кенгашлари раисининг биринчи ўринбосарлари ва ижроия аппарати ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва уларни ўрнатилган тартибда бекор қилиш; - бошланғич партия ташкилотини тузиш тўғрисида қарорни тасдиқлаш; – ҳудудий партия ташкилоти фаолиятига доир молиявий ҳужжатларни имзолаш; - партия аъзоларини ҳисобга олиш, аъзоликка қабул қилиш, аъзоликни тўхтатиб туриш, аъзоликдан чиқариш тадбирларини ташкиллаштириш; – ҳудудий партия ташкилоти уставида белгиланган Кенгаш фаолияти доирасига кирмайдиган бошқа ваколатларни амалга ошириш. 7.6. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг ижроия қўмитаси тегишли ҳудудий партия ташкилотининг ижроия органидир. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг мажлислари оралиғидаги даврда ижроия қўмитаси, унга берилган ваколатлар доирасида, тегишли ҳудудий партия ташкилотининг манфаатларини ифода этади ва унинг номидан иш юритади. Ҳудудий партия ташкилоти кенгашининг ижроия қўмитаси тўғрисидаги қоидалар тегишли ҳудудий партия ташкилоти уставида белгиланади. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши ижроия қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча қуйи ташкилотлар учун мажбурийдир. 7.7. Ҳудудий партия ташкилотининг назорат-тафтиш комиссияси. 7.7.1. Ҳудудий партия ташкилотининг назорат-тафтиш комиссияси тегишли ҳудудий партия ташкилоти кенгаши, қуйи партия бўлимларининг устав доирасида амалга ошираётган ҳамда молиявий-хўжалик фаолиятини, партия бюджетининг тўғри шакллантирилиши ва сарфланишини назорат қилувчи органдир. 7.7.2. Ҳудудий партия ташкилотининг назорат-тафтиш комиссияси ўз таркибидан комиссия раисини сайлайди. Ҳудудий партия ташкилоти раҳбарлари, кенгаш аъзолари ва ижроия аппарати ходимлари назорат-тафтиш комиссияси аъзолигига сайланиши мумкин эмас. 7.7.3. Ҳудудий партия ташкилотининг назорат-тафтиш комиссияси ўз фаолиятида Партия Уставига, тегишли ҳудудий партия ташкилоти уставига ҳамда Марказий назорат-тафтиш комиссиясининг меъёрий хужжатларига амал қилади.
YIII. ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ ҲУДУДИЙ ТАШКИЛОТИНИНГ ТУМАН (ШАҲАР) БЎЛИМЛАРИ 8.1. Туман (шаҳар) партия бўлими ҳудудий партия ташкилотининг таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини бошқариш, мувофиқлаштириш ва бирлаштириш мақсадида тузилади. 8.2. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими тегишли ҳудудий партия ташкилотининг таклифига биноан партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан ташкил этилади ва тугатилади. Партия туман (шахар) бўлимлари партия Устави ҳамда тегишли ҳудудий партия ташкилотининг устави асосида фаолият юритадилар. 8.3. Партия туман (шаҳар) бўлимининг Конференцияси. 8.3.1. Партия туман (шаҳар) бўлимининг олий органи Конференция ҳисобланади. Конференция тегишли партия туман (шаҳар) бўлимининг низомида белгиланган муддатларда, аммо йилда камида бир маротаба чақирилади. 8.3.2. Тегишли ҳудудий партия ташкилоти қарори ёки партия аъзоларининг учдан бир қисмининг талаби билан партия туман (шаҳар) бўлимининг навбатдан ташқари конференцияси чақирилиши мумкин. 8.3.3. Конференция ваколатларига қуйидагилар киради: - партия дастурий мақсадлари, партия Съезди, Сиёсий Кенгаши ва Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси, тегишли ҳудудий партия ташкилоти қарорларидан келиб чиқадиган вазифаларни ва уларни бажариш бўйича тадбирларни белгилаш; – партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши ва назорат-тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш; - партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши, назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботларини тинглаш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш; – белгиланган тартибда халқ депутатлари шаҳар (туман) Кенгашлари депутатлигига номзодларни кўрсатиш; - тегишли юқори турувчи ҳудудий партия ташкилоти Конференциясига делегатларни сайлаш; - ҳудудий партия ташкилотининг уставида белгиланган бошқа ваколатларга эга бўлиш. 8.4. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши. 8.4.1. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши конференциялар оралиғида тегишли туман (шаҳар) бўлимининг раҳбар органи ҳисобланади, унинг манфаатларини ифодалайди ва унинг номидан иш юритади. 8.4.2. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши мажлиси, заруриятга қараб, аммо бир йилда камида икки марта ўтказилади. Кенгаш қарорлари ҳисобдор органлар ва бошланғич партия ташкилотлари учун мажбурийдир. Алоҳида ҳолларда, ушбу Уставда белгиланган ҳолатларда Кенгаш қарорлари ҳудудий партия ташкилоти томонидан тасдиқланганидан кейин қонуний кучга киради. 8.4.3. Кенгаш мажлисида туман (шаҳар) бўлимининг жорий фаолиятига раҳбарликни амалга ошириш учун Кенгаш таркибидан раис ва унинг ўринбосарлари сайланадилар. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши раиси ва унинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи ўринбосарлари лавозимларига номзодлар Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси билан келишилгандан сўнг ҳудудий партия ташкилоти томонидан сайлашга тавсия этилади. Кенгаш раиси ва унинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги туман (шаҳар) бўлими Кенгаши қарори тегишли ҳудудий партия ташкилоти томонидан тасдиқланади. 8.4.4. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимига номзод партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси билан келишилгандан сўнг ҳудудий партия ташкилоти томонидан тўғридан-тўғри лавозимга тайинланади ва туман (шаҳар) Кенгаши таркибига киритилади. Кенгаш раисининг биринчи ўринбосарининг вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланадиган низомда ҳамда тегишли ҳудудий партия ташкилотининг уставида белгилаб берилади. 8.4.5. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши мажлиси конференциялар оралиғидаги даврда Кенгаш таркибидан чиқарилган аъзолар ўрнига янги аъзоларни навбатдаги конференцияда тасдиқлаш шарти билан сайлаш ваколатига эга бўлади. 8.4.6. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши ва назорат-тафтиш комиссияси аъзолари туман (шаҳар) партия бўлими конференциясининг тўғридан-тўғри (сайланмайдиган) делегатлари ҳисобланадилар. 8.4.7. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши: - туман (шаҳар) бўлими Конференцияси ва Кенгаши мажлисларини чақириш ва ўтказилишини ташкиллаштиради; - партия Сиёсий Кенгаши, Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси, ҳудудий партия ташкилоти ҳамда конференция қарорларининг бажарилишини ташкил қилади; - маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига номзодларни танлаш ва кўрсатиш юзасидан қарорлар қабул қилади; - партия иштирок этаётган сайлов мавсумларини ўтказишга масъулдир; - партия аъзоларининг бириктирилган ҳудуд бўйича ҳисобини олиб боради; - аъзолик бадаллари тушуми ҳисоботини олиб боради; - халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашидаги партия гуруҳи фаолиятини мувофиқлаштиради; - ўрнатилган тартибда бошқа ваколатларга эга бўлиши мумкин. 8.4.8. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши ўз ваколат доирасига кирувчи масалалар юзасидан қарор ва фармойишлар қабул қилади. Бу қарор ва фармойишлар Кенгаш раиси ёки унинг биринчи ўринбосари томонидан имзоланади. 8.5. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши раиси: - партиянинг туман (шаҳар) бўлими конференцияси, Кенгаши ва юқори партия ташкилоти қарорларининг бажарилишини ташкил этади, шу мақсадда бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини ташкиллаштиради ва мувофиқлаштиради; - бўлимнинг жорий фаолиятига, Кенгашнинг ижроия қўмитасига умумий раҳбарлик қилади; - туман (шаҳар) бўлими Кенгаши, ижроия қўмитаси мажлисларини олиб боради ва ушбу мажлислар қарорларини имзолайди; - бошланғич партия ташкилоти раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлайди; - бошланғич партия ташкилотининг партияга аъзоликка қабул қилиш тўғрисидаги қарорларини тасдиқлайди; - партия аъзоларини ҳисобга олиш, аъзоликка қабул қилиш, аъзоликни тўхтатиб туриш, аъзоликдан чиқариш тадбирларини бевосита амалга оширади; - худудий партия ташкилоти Кенгаши, туман (шаҳар) бўлими конференцияси ва кенгаши томонидан берилган бошқа ваколатларни амалга оширади. 8.6. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгашининг ижроия қўмитаси тегишли партия бўлимининг ижроия органидир. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгашининг мажлислари оралиғидаги даврда ижроия қўмитаси, унга берилган ваколатлар доирасида, тегишли партия туман (шаҳар) бўлими манфаатларини ифода этади ва унинг номидан иш юритади. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгашининг ижроия қўмитаси тўғрисидаги қоидалар тегишли ҳудудий партия ташкилоти уставида ва партия туман (шаҳар) бўлими низомида белгиланади. Партиянинг туман (шаҳар) бўлими Кенгаши ижроия қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари бошланғич партия ташкилотлари учун мажбурийдир. 8.7. Партия туман (шаҳар) бўлимининг назорат-тафтиш комиссияси. 8.7.1. Партия туман (шаҳар) бўлимининг назорат-тафтиш комиссияси туман (шаҳар) партия бўлими Кенгаши, бошланғич партия ташкилотларининг мазкур Устав доирасида амалга ошираётган ҳамда молиявий-хўжалик фаолиятини ва партия даромад ва харажатларининг тўғри шакллантирилиши ҳамда сарфланишини назорат қилувчи органдир. 8.7.2. Партия туман (шаҳар) бўлимининг назорат-тафтиш комиссияси ўз таркибидан комиссия раисини сайлайди. Туман (шаҳар) Кенгаши раиси, раис ўринбосарлари, Кенгаш аъзолари ва ижроия аппарати ходимлари назорат-тафтиш комиссияси аъзолигига сайланиши мумкин эмас. 8.7.3. Партия туман (шаҳар) бўлимининг назорат-тафтиш комиссияси ўз фаолиятида мазкур Уставга, тегишли ҳудудий партия ташкилоти уставига ва Марказий назорат-тафтиш комиссиясининг меъёрий хужжатларига амал қилади.
IX. ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТЛАРИ 9.1. Бошланғич ташкилот партиянинг асосий бўғини бўлиб, ҳудудий-ишлаб чиқариш хусусиятларига кўра ва 5 тадан кам бўлмаган партия аъзоларидан ташкил топади. 9.2. Бошланғич партия ташкилоти партиянинг тегишли туман (шаҳар) бўлими таклифига биноан ҳудудий партия ташкилоти томонидан ташкил этилади ва тугатилади. Бошланғич партия ташкилотлари мазкур Устав ҳамда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган намунавий йўриқномага асосан ишлаб чиқилган тегишли ҳудудий партия ташкилотининг низоми асосида фаолият юритадилар. 9.3. Бошланғич партия ташкилоти: - партия Устави, Дастури ва партия раҳбар органларининг бошқа қарорлари билан белгилаб берилган мақсад ва вазифаларини қонун доирасида аҳоли ўртасида тарғиб қилиш ва тушунтириш ишларини олиб боради; - жамоатчилик фикрининг шаклланишига таъсир кўрсатиш ҳамда партия фаолияти ҳақида ахборотни жамоатчиликка етказиш ишларини ташкиллаштиради, бу борада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролар билан бевосита ҳамкорлик қилади; - аҳоли ўртасида катта ҳурмат ва обрўга эга бўлган турли ижтимоий гуруҳ вакиллари билан алоқа ўрнатади, улар билан доимий учрашувлар уюштириб, юзага келаётган муаммоларни ўрганади ва партия воситалари билан уларни ҳал этишга кўмаклашади, партия қарорларининг бажарилишида уларга таянади; - аҳолининг турли қатлам вакиллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, мулкдорлар синфи вакилларининг қонуний манфаатларини ифодаловчи ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа масалалар бўйича юқори партия ташкилотига доимий тарзда таҳлилий материаллар ва таклифлар тақдим этиб боришни йўлга қўяди; - партия сафига янги аъзоларни жалб қилади ва партия тарафдорлари сонини кўпайтириш ишларини олиб боради, партия аъзолигидан чиқариш бўйича партиянинг туман (шаҳар) бўлимига маълумотнома тақдим этади; - партия аъзолари, унинг тарафдорлари ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашади, партия аъзолари томонидан Устав талабларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади; - партия сафига киришни хоҳловчи номзодларнинг сиёсий дунёқарашини, касбий маҳорат ва тажрибасини, фуқаролик ва инсонийлик хислатларини ўрганади. Айниқса, ёшлар ичидан шундай кишиларни партия сафига қабул қилишга тайёрлайди ва уларга ҳар томонлама ёрдам беради; - аъзолик бадалларини партия ҳисоб рақамига ўтказилиб борилишини таъминлайди, бу ҳақда партиянинг туман (шаҳар) бўлимига доимий тарзда ҳисобот тақдим этиб боради; - бошланғич ташкилотда иш юритилишини таъминлайди; - юқори партия органлари томонидан берилган партия хужжатлари ва моддий бойликларнинг тўлиқ сақланишига жавобгар бўлади. 9.4. Бошланғич партия ташкилотининг умумий йиғилиши. 9.4.1. Партия аъзоларининг умумий йиғилиши бошланғич партия ташкилотининг раҳбар органи ҳисобланади. Бошланғич партия ташкилоти умумий йиғилиши зарурат бўлган пайтларда, аммо бир йилда камида 4 марта ўтказилади. Бошланғич партия ташкилоти умумий йиғилишида унинг раиси ва ўринбосари бир йил муддатга сайланади. 9.4.2. Умумий йиғилиш ваколатлари: - бошланғич партия ташкилотининг раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш, уларнинг ҳисоботларини тинглаш ва тегишли қарорлар қабул қилиш; - партиянинг тегишли туман (шаҳар) бўлими конференциясига делегатларни сайлаш; - партиянинг тегишли туман (шаҳар) бўлими Кенгаши таркибига киритиладиган бошланғич партия ташкилоти вакилини сайлаш ва уни чақириб олиш; - бошланғич партия ташкилоти кенгашини сайлаш, унинг таркибини белгилаш, кенгаш ҳисоботини тинглаш ва тегишли қарорлар қабул қилиш; - бошланғич партия ташкилоти таркибида партия гуруҳларини тузиш ва уларга тегишли ваколатлар бериш; - партиянинг тегишли туман (шаҳар) бўлими конференцияси ва Кенгаши томонидан тақдим этилган бошқа ваколатларни амалга ошириш. 9.4. Умумий йиғилишлар оралиғидаги даврда бошланғич партия ташкилоти фаолиятига раис раҳбарлик қилади. Бошланғич партия ташкилоти раисининг битта ўринбосари бўлади. 9.5. Аъзолари сони 30 кишидан ортиқ бўлган бошланғич партия ташкилотларида жорий фаолиятга раҳбарлик қилиш учун, заруратга кўра, бошланғич партия ташкилоти раиси, унинг ўринбосари ва бошқа аъзолари таркибида камида беш кишидан иборат Кенгаш сайланиши мумкин. 9.6. Бошланғич партия ташкилоти Кенгашига бошланғич партия ташкилоти раиси раҳбарлик қилади. Бошланғич партия ташкилоти раиси: - бошланғич ташкилот жорий фаолиятига раҳбарлик қилади ва унинг вакили бўлиб, унинг номидан ишончномасиз иш юритади; - умумий йиғилишларни (Кенгаш мажлисларини) олиб боради, улар томонидан қабул қилинган қарорларни имзолайди; - тегишли юқори турувчи партиянинг туман (шаҳар) бўлими кенгаши конференцияси, кенгаши, раиси ва бошланғич партия ташкилотининг умумий йиғилиши томонидан берилган ваколатларни амалга оширади. 9.7. Бошланғич партия ташкилоти раиси вазиятни, тез ўзгариб бораётган сиёсий шароитни чуқур таҳлил қила олиши, холисона баҳолай билиши ва жойларда етилган муаммоларни ҳал этиш учун бутун масъулиятни истаган вақтда ўз зимммасига олишга тайёр туриши керак. 9.8. Бошланғич ташкилотлар қошида партиянинг аъзолари бўлмаган тарафдорлар бирлашмалари (клублари) тузилиши мумкин.
X. ЎЗБЕКИСТОН ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ ДЕПУТАТЛИК БИРЛАШМАЛАРИ 10. Партия манфаатларини давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида уюшқоқлик билан ифодалаш мақсадида қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари тузилади. 10.1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси (кейинги матнларда – Партия фракцияси). 10.1.1. Партия фракцияси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига партиядан кўрсатилган ва сайланган депутатлардан тузилади. 10.1.2. Партия фракцияси ўз ишини партиянинг дастурий ҳужжатлари, партия Съезди белгилаган парламентчилик фаолияти вазифалари ҳамда партия марказий бошқарув ва ижроия органларининг тавсияларига мувофиқ ташкил этади. 10.1.3. Муҳим сиёсий масалалар юзасидан нуқтаи назарларни келишиб олиш учун Партия фракцияси ва Партия Сиёсий Кенгаши ёки Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитасининг биргаликдаги қўшма мажлислари ўтказилиши мумкин. Партия фракцияси аъзолари Қонунчилик палатасида овоз бериш жараёнида биргаликда ишлаб чиқилган нуқтаи назарларга асосланадилар. 10.1.4. Партия фракцияси ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасига мунтазам равишда ахборот бериб боради. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколати давридаги фаолияти бўйича Партия фракцияси ҳисоботи партия Съездида тингланади. 10.1.5. Партия фракциясининг фаолияти партиянинг марказий органлари томонидан мувофиқлаштирилади. 10.2. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги парт |
«ISHBILARMON, MARDLIK, SHIJOAT SOHIBI, AZMI QAT’IY, TADBIRKOR VA HUSHYOR BIR KISHI MING-MINGLAB, TADBIRSIZ LOQAYD KISHILARDAN YAHSHIDIR»
QIDIRUV
AXBOROT HAMKORLARIMIZ
BIZNING HAMKORLAR
ОБУНА
ПАРТИЯ НАШРИ
|