Мақсадимиз битта – коррупциянинг туб илдизини қир­қиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигига эришиш

30.06.2020, 14:44

Мақсадимиз битта – коррупциянинг туб илдизини қир­қиш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигига эришиш

Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлаётганлигини алоҳида таъкидлаб, парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этишни таклиф этган эди.

Мана орадан қисқа вақт ўтиб, давлатимиз раҳбари «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги муҳим фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, 2020 йилги Давлат дастурини изчил рўёбга чиқариш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор бўлади.

Фармонда белгилаб қўйилганидек, Агентлик коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имижига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилади ҳамда натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ахборот беради.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган қўмиталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тегишли қўмитаси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларининг коррупцияга қарши курашиш комиссиялари билан ҳамкорлик қилади.

Мазкур фармон билан шунингдек, Агентликка бир қатор ҳуқуқлар ҳам берилди. Хусусан;

– жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;

– давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида коррупция ҳолатини ўрганиш;

– коррупцияга оид жиноятлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, тизимли коррупциянинг ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилиш мақсадида қонунчилик, шу жумладан, жиноят-процессуал қонунчилигига мувофиқ жиноят ишлари материалларини ўрганиш;

–коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш ва бошқа шу кабилар шулар жумласидандир.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Ушбу фармонга асосан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши (кейинги ўринларда – Миллий кенгаш) ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилмоқда. Негаки, мавжуд идоралараро комиссия иши ўз натижадорлигини кўрсата олмади. Коррупцияга қарши тузилмаларнинг бир нечта давлат идораларида фаолият кўрсатиши бир-бирининг фаолият ва ваколатларини такрорласа, иккинчи жиҳатдан битта идорада ҳам ушбу тузилма ва тергов органининг фаолият юритиши ўз-ўзидан шу органга судлар фаолиятига таъсир этиш механизмини тақдим этади, судлар мустақиллигига путур етади, пировардида эса одил судловни тўла таъминлаш қийинлашади.

Бу эса, аҳолининг одил судловга, адолатга ишончига таъсир кўрсатмай қолмайди. Шу нуқтаи назардан коррупцияга қарши курашувчи яхлит давлат идораси нафақат коррупцияга қарши кураш, балки, унинг оқибатлари, келиб чиқиш омилларини бартараф этиш борасида ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатларни мувофиқлаштириб борадиган, бу иллатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий томонларини илмга таянган ҳолда ечим излайдиган ташкилот сифатида тузилиши муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси жамиятда ижтимоий тенгсизликни юзага келтирувчи, аҳолини, халқни олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини йўқ қилувчи, жамиятда мавжуд ижтимоий муносабатларда адолатсизликни вужудга келтирувчи, аҳоли ўртасида турли хил норозиликларни келтириб чиқарувчи коррупция устидан ғалаба қозониш, мамлакатимизнинг коррупцияни рад этадиган ва бу борада «ноль тоқатлилик»ка эришган давлатлар қаторига киришига эришишга қатъий бел боғлаган.

Шу боисдан O'zLiDeP сайловолди дастурида раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган, парламентга ҳисобдор, Прокуратура, ИИВ, ДХХдан мустақил фаолият юритадиган алоҳида давлат органлари – Коррупцияга қарши кураш ва Тергов департаментларини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Ушбу таклиф ва мулоҳазаларнинг Фармонда ўз аксини топгани O'zLiDeP фаоллари ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси учун муҳим воқелик бўлди. Сабаби коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади. У билан эса ҳеч қачон кўзланган мақсадимизга эриша олмаймиз. Бошқача айтганда, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди.

Хулоса ўрнида айтганда, коррупция давлатнинг конституциявий асосларини, қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Мазкур фармондан кўзланган мақсад битта – коррупциянинг туб илдизини қир­қиш баробарида жамиятда қонун ва адолат устуворлигига эришишдир.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    347
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Рўйҳатга ўтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+